Бошланганди Саодат асри

Бошланганди Саодат асри
29 views
27 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(25-қисм)

Бешинчи қисм 

Кунботардан чиқди деб қуёш,
Бор элларга тарқади хабар.
Ул қуёшга ишончмиш йўлдош,
Овоз кетди юлдузлар қадар.

Сочилганда Макканинг нури,
Зиёларга чўмилди олам.
Ҳидоятнинг илитиб қўри,
Олмосдайин товланди одам.

Иймон сари одам бурди юз,
Сўқирларнинг очилди кўзи.
Болдай тиниб эриганда муз,
Юракларга ўрнашди сўзи.

Таржимони эди Муҳаммад
Кўкдан инган хабарчиларнинг.
Айтар эди Яратганга ҳамд,
Ойи туққан эди кунларнинг.

Бошланганди Саодат асри
Муҳаммаднинг остонасидан.
Оқар эди эзгулик тери
Ярқираган пешонасидан.

Эшитиб хушхабар Хоразм,
Муслим бўлиб келтирди имон.
Атрофига солмади разм,
Мўминликка йўғирилди жон.

У мусулмон эди чиндан-да,
Элчилари келганда диннинг.
Хабарини эштиб халқлар то
Дин йўлини тутди туркларнинг.

Гуррос-гуррос турк ботирлари
дин йўлида боғлади белни.
Дунё кезиб елдай, сарсари,
Ислом қилди неча юрт, элни.

Тангрини бир деган Ўғузхон,
Авлодларга эди шамчироқ.
Турк элларда бут бўлди имон,
Муҳаммаднинг динидир – байроқ.

(Давоми бор)