Бобомуроднинг «адвокати» нега унинг терговчисини ҳимоя қилади?

Бобомуроднинг «адвокати» нега унинг терговчисини ҳимоя қилади?
95 views
26 February 2018 - 19:59

Қамалган МХХ подполковниги Нодир Тўрақулов тақдирига оид янги тафсилотлар очиқланди.

Ҳарбий суд томонидан 16 февралда чиқарилган ажримга кўра, журналист Бобомуродни ҳибсга олган терговчи Тўрақулов «Мансабни суистеъмол қилиш», «айбсиз шахсни жавобгарликка тортиш» каби айбловлар бўйича тергов қилинмоқда.

«Қизиғи шундаки, МХХ томонидан Бобомурод Абдуллаевга тайинланган давлат адвокати Шахзод Шарипов, эндиликда унинг қораловчиси Нодир Тўрақуловни ҳимоя қилмоқда. Афтидан уни ҳимоя қиладиган бошқа адвокат топилмаган», дейди бу ҳақда хабар тарқатган Сурат Икромов.

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси терговчи Тўрақулов ўғлининг адвокат олишига тўсқинлик қилаётгани ҳақида «элтуз»га билдирган эди.

Журналист иши бўйича «айблов ҳулосаси», Тошкент шаҳар судига топширилган. Бироқ суд куни ҳали белгиланмаган дея хабар тарқатди, 26 феврал куни ҳуқуқ фаоли.

Бобомурод Абдуллаевдан ташқари судда, блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллаёровларнинг ҳам иши кўрилади.

Улар ҳам, Абдуллаев каби, 159-модда давлат тўнтаришида айбланишмоқда.

Бобомурод Абдуллаев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан шу йилнинг 27 сентябрида ўғирлаб кетилган. Орадан уч кун ўтиб, 1 октябрь куни унинг ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланаётгани маълум бўлган эди.

Бобомурод кейинги 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида иддаоли мақолалар чоп қилгани айтилади.

Манба: eltuz.com