Шоқол хурсанд, шодлиги беҳад…

Шоқол хурсанд, шодлиги беҳад…
95 views
28 February 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(26-қисм)

Олтинчи қисм

Исмоил Сомоний отаси –
Самарқанднинг яқинидаги
Самон қишлоқдан эди асли.
Чин турк эди насли, ўзаги.

Ота боболари халфага –
кўп хизматлар кўрсатган боис,
йўл очилди бу тоифага,
қайт қилгандир буни ҳар воиз.

Катта Бухоро давлатига
Подшо бўлди охир Исмоил.
У мос эди кўрк, савлатига,
Адолатга кўп эди мойил.

Бор халқларни тутди кафтида,
Мусулмонни эъзозлади хўп.
Аммо унинг юрак қатида
Турк элларга рағбат эди кўп.

Шу сабабли турк қулни ҳатто
азиз тутди осмонга қадар.
Тарихлардан битта қул подшо –
Султон Маҳмуд туркларга падар.

Ўғузхоннинг камони ила
қиличини Исмоилдан сўнг –
Султон Маҳмуд олди қўлига .
Юришлари тўғри бўлди, ўнг.

Дунёнинг тенг яримини даст
бир кафтига олганда ўйнаб –
Ҳиндистонга ташланганди маст,
нор туядай юраги қайнаб.

Юз йиллардан келар деб бир кун,
Маҳмуд Ғазна замин тайёрлаб,
Бобурга деб қўйганди устун –
Байрамхонни олдиндан ёдлаб.

Зир титратиб икки дунёни
Султон Маҳмуд эллик иккида,
Ғазнасида узилди жони.
Қурол яна Урганч илкида.

Тутди Хоразмшоҳ сопидан –
Қилич билан камон дастида.
Йиллар ўтиб Она бўридан
Чингиз Хоразмнинг қасдида.

Чингиз садоқатини қўшиб,
Нома битди эмакдошига.
Элчилари чўл, дарё ошиб,
Етиб келди шоҳнинг қошига.

Хоразмшоҳ ўқиб номани,
Қаҳ-қаҳ отиб кулди нописанд.
Ёқмагани қайси томони –
Ҳамма қотди ҳайрон ва карахт.

Хоразмшоҳ деди:  – Чингизга
ота бўлармишман ҳам паноҳ.
Хотин эмас онаси бизга –
ётмаганман билмай, баногоҳ!

Ўйланмайин айтилган сўзлар
учирганди фаришталарни.
Оқни қора кўрганда кўзлар,
Узилганди қон ришталари.

Кўп ўтмади, иккинчи хато
содир этди Хоразмшоҳ бот.
Тиғдан ўтди аҳли иш, савдо,
Тўрт юз мўғул бўғизланди, дод.

Камситилган санаб ўзини,
Ғорга кириб йиғлади Чингиз.
Ўғузхондан қолган қиличу
камон тилаб ташлади у тиз.

Раббига у тўққиз кун нола
қилди Хоразмшоҳ қасдида.
Бируборга қилди ҳавола,
Ётди қучиб зах ер устида.

Пайдо бўлиб битта Кўкбўри,
Ҳар кун кўмди ғорнинг оғзини.
Ғордан қочди қуёшнинг нури,
Чингиз давом этди розини.

Бўри кетганидан сўнг шоқол
келиб очди оғзини ғорнинг.
Шундай кечди тўққиз қилу қол,
Боши сиғар тешикдан морнинг.

Мор ютди-да чўпон эчкисин,
Ғорга кирди қилгани ҳазм.
Нола қилар эди Темучин,
Темучинга мор қилди таъзим.

Чумолича кўрмади Чингиз
икки бошли аждарҳони ҳам.
Яратганга бурган эди юз,
Хижолатдан тоғлар боши хам.

Тўққинзинчи куни келди сас:
“Муродингни қилдик ижобат!
Бироқ йўлинг некбин йўл эмас,
хор бўласан алал-оқибат!

Қиёматда – Мезон остида
жавоб бера олсанг, бошла йўл.
Сен ғолибсан фоний ҳаётда,
ҳатто хас ҳам сенга чўзар қўл.

Бироқ қилич билан камонни
сенга бериб бўлмайди асло.
Сенга бердик давр, замонни,
қуролларни сўрама, илло.

Улар сенинг амакиларинг –
турклар, Ўғузхондан ёдгор, дов.
Қилич, камон ҳаққи уларнинг,
Ўғузхондан қолган ғир бедов!”

Кўкка етмай бўрининг зори,
Кўзларидан оқди қонли ёш.
Қаттиқ титроқ тутганда морни,
Хоқон узди ердан енгил бош.

Шоқол кулди жодугар янглиғ,
Осмонларни тутди “хи-хиси”.
Ой тўлғонди – юзлари доғлиғ,
Сойдай оқди булут йиғиси.

Ғор оғзидан чиққанда Чингиз,
Борлиқ узра чақнади чақин.
Сесканди-да, кеча қотди муз,
Дегандайин – Қиёмат яқин.

Чингиз сапчиб минганда отга,
Бир чеккага ўтди тоғлар саф.
Асар тегди боди бебодга,
Юраклардан саприлди садаф.

Бўри тошга уриб бошини,
Уввулларди, юрак-бағри қон.
Ой йиғириб нурли тожини,
Булутларни айлади макон.

Шоқол хурсанд, шодлиги беҳад,
Кўзларида йилтиллар ҳавас.
Хаёллари билмасди сарҳад,
Гўё турклар дунёда абаc.

(Давоми бор)