Жанглар бўлди шиддатли, тенгсиз…

Жанглар бўлди шиддатли, тенгсиз…
35 views
01 March 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(27-қисм)

Еттинчи қисм

Довул каби ёприлди  Чингиз
Хоразмшоҳларнинг устига.
Жанглар бўлди шиддатли, тенгсиз,
Шерлар бири-бирин қасдига.

Хоразмшоҳ туфайли омад
Хоразмдан ўгирганди юз.
Чалган эди мамлакатни дард,
Кўзлар – ғамгин, чеҳралар маъюс.

Устихонга етганида тиғ –
Хоразмшоҳ Мангбурунни тахт
вориси деб чиқарди ёрлиқ!
Жалолиддин томирида шаҳд.

Хоразмшоҳ ўғлин кифтига
Илди Ўғузхоний камонни.
Қилични тутқазиб қўлига,
Деди: – Мангбуруннинг замони!

Қонли жанглар бўлди беомон,
Афсус, омад чопмади бу дам.
Чора топа олмади камон –
Қилич туркка бўлмади малҳам.

Сумбат бўлди тегмай ҳовури,
Қилолмасдан кучин намойиш.
Мўғулларнинг келганди даври,
Ҳар мушкули топар кушойиш.

Кетган эди турклардан омад,
Шуни раво кўрган эди вақт.
Ҳар нарсада бордир каромат,
Кўрар уни ким топса тоқат.

Жалолиддин Урганчни ташлаб
чиқмоқликни қилди ихтиёр.
Деди: – Туз, тоғ Хоразмталаб,
Қамиши ҳам бизга бўлар ёр!

У майдонда истади уруш,
Ҳа, омонсиз бир жанг бошлангай.
Мўғул узра қиларкан юриш,
Қоплон каби ёвга ташлангай.

Тадбир эса юз бурган эди
турклар тарафидан тамоман.
Аён эди Куброга ҳоли,
Бир нарсани шунда қилди ман.

Деди Жалолиддинга қатъий:
– Қўлларингдан қўйма қилични.
Камонингни ишлатмоқдан тий,
яшир кўздан тенг ярим кучни!

Ўғузхонни туш кўрдим кеча,
насллардан эмас у рози.
Пайдо бўлди катта бир кўча –
қўлимдамиш бузуқ тарози.

Юра-юра Қорақумнинг қоқ
ўртасига бориб тўхтадим.
Қудуқ кавлар, Кўкбўридир тоқ,
тушунолмай куйиб ўртандим.

Пайдо бўлди яна Ўғузхон,
сенинг тиғинг эмиш қинида.
Елкасида довруқли камон,
малла чакмон эди эгнида.

Елкасидан олиб камонни,
ирғитди даст қудуққа қараб.
Бўри кўмди барханга уни,
бу қандайин сир бўлди, ё Раб!

Ўғуз чакмонини чиқазиб,
қилични ҳам ўради обдан.
Кейин қўлларимга тутқазиб,
Ғойиб бўлди турган еридан.

Тарози – жон киргандек шу чоқ,
ўйнаб кетди, бу неси эди?
Бир-бирига юзлашдилар, боқ,
тенг турарди икки палласи.

Эй, мард ўғлон, қиссадан ҳисса –
Қорақумга кўмгин камонни.
омад кетди ўлкадан роса,
асрамоқлик керакдир жонни.

Бир кун туғилади эгаси,
кўпиради яна турк қони.
Камон унга қилади насиб,
ҳозир замон – қилич замони.

Белингдан ҳеч қўйма қилични,
олиб юргил ажалга қадар.
Йўлин топиб туркларга кучни,
кун битмасдан орқага қайтар!

***

Қорақумдан ковлаб бир чуқур,
Жалолиддин кўмди камонни.
Кўзларидан ёшлар тўкди дур,
Азоблардан ўртанди жони.

Кўп урушди Чингиз билан боз,
Баъзан енгди, баъзан енгилди.
Баъзан қилди бургутдай парвоз,
Баъзан мажнунтолдай эгилди.

Бироқ ҳечда у сингани йўқ,
Ён бермади душманга бир дам.
Юрагидан узилган қасд, ўқ
шамоллардан эди кўп илдам.

Бир қарасанг, Қофқозда туриб,
Шибирғонда қилар эди жанг.
Бир қарасанг, ҳиндларни суриб,
Рум қайсарин айлар эди танг.

Румистоннинг бир қишлоғида
ётар эди чодирида, тун.
Кеча сутдай, ой ёруғида –
Олар эди оёқ чўзиб тин.

Қўққисидан мўғул лашкари
шоҳ устига келди ёприлиб.
Жалолиддин – қўлда шамшири,
чопишди от устида туриб.

Мангбуриннинг бор-йўқ аскари
ошмас эди ўндан ҳам ҳатто.
Хизматкорлар эди аксари,
Мўғулларга тенг келмоқ хато.

Эгарсиз от устида подшоҳ
қиличлашар эди беаёв.
Узоқ эди бундан лашкаргоҳ,
Чумолидай ёприларди ёв.

Қон йўқотди Жалолиддин кўп,
Ўлимига у эди иқрор.
Ўғуз келди отида чопиб,
Мангбурунга боқар эди зор.

Жалолиддин Куброни эслаб,
Бир ботирга чўзди қилични.
Унга деди қаттиқ таъкидлаб:
– Хоразмга етказгин кучни!

Ботир илиб шамширни чаққон,
От елдирди бамисли шамол.
Йироқларда қолганда қопқон,
Тонг кўрсатди сузилиб жамол.

Хабарчининг кўзларида ёш,
Мангбурунда эди хаёли.
Неча йиғлаб ботди ой, қуёш,
Эсди неча йиллар шамоли!

(Давоми бор)