Миллий Телерадиокомпаниями ё Миллий Хавфсизлик?

Миллий Телерадиокомпаниями ё Миллий Хавфсизлик?
39 views
28 February 2018 - 17:41

Президент Шавкат Мирзиёев МХХга “уруш эълон қилган”. У бошқарувда МХХ таъсиридан буткул қутулмоқчи.

МХХ элчихоналар, диний идора ва дин ишлари қўмитасидан ҳайдалган.

Аммо МХХ кириб борган ташкилотлар ҳали кўп. Жумладан, давлат телевидениеси.

МТРКда МХХдан қўйилган раис ўринбосари лавозими бор. У “Режим ва хавфсизлик бўлими”ни назорат қилади.

“Режим” бошлиғи Ф. Худойқулов МХХга ишлашини рад қилди. “Менинг бошлиғим Шодмоновмас, Хўжаев”, – деб айтди у Би-би-си билан суҳбатда.

Айни пайтда режим хизмати раҳбари ўзининг нима билан шуғулланиши ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

“Ходимларни назорат қилиш билан шуғулланасизми?” деган саволга у “мен нима қилишим ҳақида сизга ахборот бермайман” , -дея жавоб қайтарди.

‘МХХдан тайинланган’ раис

МТРК журналистларига кўра, Алишер Хўжаев ТВ раислигига тайинланган 2005 йилдан сўнг Миллий Телерадокомпанияда МХХ ёки “режим”нинг роли янада кучайган.

“Хўжаев даврида режим ижодий жараёнларни ҳам тўлиқ назоратга олди ва телевидение ҳамда радиони мустақил фикрли ходимлардан тозалаш бошланди”, – дейди ходимлардан бири.

Алишер Хўжаев “МХХнинг одами” деб ишонилади

Унинг айтишича, Хўжаев ўзи ва МХХнинг мавқейини мустаҳкамлашда ўзининг аввалги иш жойи бўлган Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши ва МХХдаги алоқаларидан “фаол истифода қилган”.

Бош вазир Ариповнинг қудаси экани айтиладиган Алишер Хўжаев МХХ зобити дея ишонилади.

Би-би-си МХХнинг Миллий Телерадиокомпаниядаги вазифасига ойдинлик киритиш мақсадида МТРК раиси Алишер Хўжаев ҳамда раис ўринбосарларидан бир нечтасининг қабулига мурожаат қилди, аммо жавоб ололмади.

Раис ва ўринбосарларининг ёрдамчилари бу ҳақдаги саволларга жавоб бера олмасликларини айтишди.

МТРКнинг собиқ журналисти Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Миллий Телерадиокомпанияда МХХнинг нима иш қилишини ҳамма яхши билади.

“Ҳамма “режим” (Режим ва хавфсизлик хизмати – би-би-си таҳр.)дан қўрқади. Журналистларнинг нимани ёритиб, нимани ёритмаслиги, қайси кўрсатувларнинг эфирга берилиб-берилмаслигини айнан “режим” ҳал қилади”, -дейди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг ўзи телевидениедаги порахўрликлар ва коррупция ҳақида гапириши ортидан режим хизмати томонидан тақиб қилингани ва ишдан бўшатилганини айтади.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек радиоси