Иноятовларнинг Санкт Петрбургда қанча мол-мулки бор?

Иноятовларнинг Санкт Петрбургда қанча мол-мулки бор?
26 views
28 February 2018 - 22:07

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати собиқ раиси, қўли узун Рустам Иноятовнинг ўғлига тегишли кўчмас мулклар ҳақида Open Source Investigations (OSI) онлайн нашри журналистлари навбатдаги суриштирувни эълон қилди.

2017 йилнинг сентябрида Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари МХХ раиси Рустам Иноятовга молиявий санкциялар ва виза чекловлари қўллашни сўраб АҚШ ҳукуматига мурожаат қилишган эди. 2018 йилнинг 31 январига келиб эса Иноятов ишдан бўшатилди.

Бироқ бундан унинг бизнес салтанатига деярли путур етмади.

Қудратли отанинг бой ўғли

Open Source Investigations (OSI) журналистлари суриштирувига кўра, Рустам Иноятовнинг ўғли ва яқин оила аъзолари бутун дунё бўйлаб қимматбаҳо кўчмас мулкларга эга ва улар турли ширкатларга молия ётқизишган.

Тошкент давлат Шарқшунослик институтини битказган Шариф Иноятов МХХ генерали Рустам Иноятовнинг ўғлидир. У иқтисод фанлари бўйича таълимни ҳорижда, жумладан Қоҳиранинг Ал-Азҳар университетида олди.

Бундан ташқари у отаси билан Миллий ҳавфсизлик хизматини оилавий бизнесга айлантирди, дея ёзади халқаро журналистлар гуруҳи.

«Элтуз» нашри гуруҳ суриштирувига таяниб, Шариф Иноятовнинг Австрияга мўмайгина маблағ киритгани, Венада кўпмиллионли қасрга эга бўлгани, шунингдек Россияга Ўзбекистондан мева-сабзавот етказиб беришга ихтисослашган Uzgardens ширкатига эгалик қилиши ҳақида ёзган эди.

Иноятовлар оиласининг Россиядаги бизнес манфаатлари эса кенг миқёсли ва жуда кўп соҳани қамрайди.

Иноятовларнинг Нева ҳиёбонидаги штаб квартираси

2014 йилнинг 13 апрелида Шариф Иноятов ва унинг икки иш ҳамкори Санкт Питербургда «Нева Альянс Групп» (Neva Alyans Grupp) масъулияти чекланган ширкатни ташкил қилишади.

Рустам Иноятовнинг ўғли ширкатнинг 50 фоиз, унинг ҳамкорлари, Равшан Убайдуллаев ва Бахтиёр Фозиловлар эса 25 фоиз улушга эгалик қилишади.

Асосий фаолияти кўчмас мулк сармояларига эгалик қилиш ва бошқариш бўлган Нева Альянс Групп 7 миллион доллар низомий мулкка эга. Биргина Шариф Иноятовнинг ўзи ширкатга 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.

(Neva Alyans Grupp) штаб квартираси Санкт Петербург шаҳрининг тарихий марказида, Нева проспекти 104 А манзилда жойлашган. Санкт Петербургнинг бош ҳиёбони бўлган Нева проспекти Россиянинг энг машҳур бульварларидан биридир.

Mеткем – яна бир йирик ширкат

Шариф Иноятов назоратидаги яна бир ширкат – «Меткем» (Metkem) компанияси ҳам ўша манзилда жойлашган ва у тўлиғича «Нева Альянс Групп»га тегишлидир.

Меткем ширкати низомий капитали ҳам 7 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб у Санкт Петербургдаги йирик қурилиш ширкатидир.

Рустам Иноятов ортиқ Ўзбекистон Миллий ҳавфсизлик хизмати рахбари ҳисобланмайди, бироқ унинг кенг миқёсдаги иттифоқчилари тармоғи ва сўнгги 23 йил давомида қурган бизнес империяси деярли тегилмасдан турибди.

Манба: Eltuz.com