Бирга кўрсин сизни дўст, душман…

Бирга кўрсин сизни дўст, душман…
33 views
02 March 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(28-қисм)

Саккизинчи қисм

Қўшилгандай Аму билан Сир,
Бирлашдилар мўғул ва тотор.
Бутун дунё зир титради, зир,
Жаҳон бўлди ғанимларга тор.

Тўғонини урган сув янглиғ,
Боғ-роғлардан оқдилар лойқа.
Қўлларида ўйнаб қонли тиғ,
Шонли йўллар босдилар олға.

Йиллар ўтиб тўзонлар тинди,
Шоҳлар яна кўкарди янги.
Нигоҳларга маърифат инди,
Нур таратди тинчликнинг тонгги.

Кундан кунга Туркистон ожиз,
Ғафлатидан турмас уйғониб.
Турон қолди дунёда ёлғиз,
Ўз дардига ўзи чулғониб.

Ирмоқларин йўқотган дарё,
Юрт жойида депсинди муқим.
Кириб келмас башарий зиё,
Йўл ахтариб бўғилар оқим.

Шундай даврларнинг кўксида
пайдо бўлди ёруғ бир юлдуз.
Ул юлдузнинг нур, ёғдусида
жилоланди Ўғуздан илдиз.

Бухоро давлати. Кеш шаҳри –
Хўжа илғор қишлоғида – Нур.
Яратганнинг эди бу –  меҳри,
Туркистонда уйғонди шуур.

Оти – Темур эди ул зотнинг,
Асли Тўра Баҳодир эди.
Давоми Чингизий авлоднинг,
Бир илдиздан қўш шажар эди.

Бухоролик эди онаси –
қизи эди диндор, фозилнинг .
Юзи жаннатнинг ойинаси,
У малаги турклар наслининг.

Темурбекка ўғузлар дойи,
Қадрларди зотини жиян.
Дерди: – Турклар кечанинг ойи,
Нурсиз тунлар зимистон зотан!

Темур дастлаб топган каби ганж,
уйланганди ҳурлар қизига.
Ўлжонойнинг кўшкидир Урганж,
Ҳавас қилар ойлар юзига.

Бироқ Темур Хоразмдан боз
талаб этар эди бир важни:
Шу важ унга армон эди, рост,
Аямасди ҳар қанча ганжни.

Ўғузхоннинг қиличи, бу важ,
Темурбекнинг эса армони.
Йўли равон,  ўзи эса каж,
Турк ўғлонлар белин дармони.

Хоразм Темурга бермай сир,
Ўз йўлида оқарди Аму.
Темурбек ҳам дарёйи тинч, Сир,
Билдирмасди, ичида дами.

Қўл соларди ҳар ёндан ўғрин,
Йўқолганди ҳаловат, тинчи.
Олмоқ учун зўр берса тўғрин,
Етишмасди, оз эди кучи.

Икки бора уриниб Темур,
Қопқонига тушди туркманнинг.
Кўринмасдан кўзларига нур,
Азобини тортди зиндоннинг.

Икки бор ҳам қочди зиндондан,
Ақли билан топиб зўр тадбир.
Ёвқурликда тенгги йўқ чиндан,
Журъатига хаёллар асир.

Кўриб туриб матонатини –
Ортди Хоразмнинг ҳурмати.
Эл эъзозлаб тутар отини,
Ортганидан ортиб иззати.

Темур қочди зиндонидан, бас!
Дунёда йўқ унга бир тўсиқ.
Тоғу тошлар унга хас, абас,
Чўл-саҳролар қўй, қўзи озиқ.

Лек Хоразм қилични асло
бермоқликни ўйлаган ҳам йўқ.
Кўзларига илмади, илло
Кўнгли, кучи қудратидан тўқ.

Ундай эмас эди Раб ҳукми
Темурбекка берилганди йўл.
Душманлари озроқми, кўпми,
Зафар унга узатганди қўл.

Кучга кириб бир кун жаҳонгир,
Хоразмга кўтарди қилич.
Вазиятнинг тақозосидир,
Юрт осмони булутли, нотинч.

Қилич эди Темур мақсади,
Урганчни у босди уч бора.
Ушалмади ва лекин қасди,
Хоразмни экди юрт аро.

Бир вақтлардагидай, такрор,
Карманадан ташлади уруғ.
Чинозгача бўлди ўрмонзор,
Хоразм ҳам туширмади туғ.

Бир кун тунда бори туркларнинг
Ўғуз кирди – тушига шоён.
Ранги тоза эди Бўрининг,
Ёфас билан турар ёнма-ён.

“Темур билан иттифоқ тузинг, ‒
деди қатъий буюк Ўғузхон! ‒
Юлдузларни ҳам бирга узинг,
бирга кўрсин сизни дўст, душман.

Бир онанинг икки кўксини –
эмган ботир ўғлон – толмассиз.
Наҳот битта қилич сопини
биргалашиб тута олмассиз!”

Тонгда туриб бутун Хоразм
шу тўғрида юритди фикр.
Бир қарорга келдилар-да зум,
Маъқуллашиб, қилдилар зикр.

Лашкарларнинг илғор қаноти
Хоразмдан йиғилди саф-саф.
Темурбекнинг кишнади оти,
Ёвларини қилганича даф.

У биларди Хоразм феълин,
Билар эди  садоқатини.
Улар ортга қайтмайди, қуюн,
Дариғ тутмас ҳимоятини.

Тиғ сопини тутган Темурбек
зир титратди икки оламни.
Турк дунёси зум турмади тек,
Баланд тутди қўлда аламни.

Шодмон бўлди Ўғузнинг руҳи,
Адолатга йўғрилганда куч.
Тунлар қўшиқ айтди Кўкбўри,
Турклар нурга келганида дуч.

(Давоми бор)