Муҳаммад Бекжон АҚШ мухтор элчиси Памела Спратлен билан учрашди

Муҳаммад Бекжон АҚШ мухтор элчиси Памела Спратлен билан учрашди
56 views
02 March 2018 - 14:57

Бугун собиқ сиёсий махбус, ЭРК газетасининг муҳаррири Муҳаммад Бекжон Тошкентда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Памела Спратлен билан учрашди.

Муҳаммад Бекжон учрашувда элчи билан аввалги тузум ва ҳозирги сиёсий ўзгаришлар, ҳамда қамоқдаги ҳаёти ҳақида суҳбатлашишганини айтди.

Шунингдек, Памела Спратлен Муҳаммад Бекжондан Ўзбекистондаги юз бераётган бугунги ўзгаришларга бўлган муносабати ҳақида қизиққан.

Мамлакатимиздаги ўзгаришлардан мамнун эканлигимни ва президент Мирзиёевнинг амалга ошираётган ислоҳотлари тўғрисида илиқ фикрларим билан пойлашдим. Спратлен хоним ҳам шундай фикрда эканлигини айтди, дейди Муҳаммад Бекжон.

Учрашув сўнгида АҚШ мухтор элчиси Памела Спратлен  Муҳаммад Бекжонга Ўзбекистон ҳукумати унга фарзандларининг олдига боришига рухсат беради деб ўйлашини айтган ва учрашувдан катта таассурот олганини таъкидлаб, бунинг учун Муҳаммад Бекжонга миннатдорчилик билдирган.

Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист ҳисобланади.

Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва «Эрк» газетасининг собиқ бош муҳарриридир.

Муҳаммад Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди.

Маҳкамада у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва тергов пайтида қийноққа солинганини билдирган.

2011 йили озодликка чиқишига бир ой қолганида унга янги айблар қўйилиб жазо муддати 4 йилу 8 ойга узайтирилган эди. Бу муддат тугаши билан Муҳаммад Бекжон 2017 йилнинг 22 феврал куни Зарафшондаги жазони ижро этиш масканидан озод қилинди.

Ҳозирда Муҳаммад Бекжон қамоқда кечган йиллари ҳақидаги “Алвидо Жаслиқ” номли китобини ёзмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими