Кундалик шеър

Кундалик шеър
19 views
03 March 2018 - 5:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

 

НИЦШЕНИ ЎҚИБ

Нималарни кечинаётир
Маҳбус бўлиб танамда руҳим…
Гоҳ бадарға бўлмоқни истар
Гоҳ истайди бўлмоқни қувғин.

Ёки унга осмонми қутлуғ,
Юз ўгирмиш невчун бадандан.
Ватанига кетмакдами руҳ,
Кетмакдами ёки ватандан.

Қандай англай жону дилимни
Зирқиратган мунглиғ садони.
Юртсеварни олқишлайми ё
Жазолайми ватангадони.

 * * *

КУНДАЛИК ШЕЪР

Бахт уйлари кўпдир, бахтли бўлмадим,
Оромгоҳлар кўпдир, олмадим ором.
Ўғрилар тўғридир, тўғрилар ўғри,
Ҳаромлар ҳалолдир, ҳалоллар — ҳаром.

Сабрим чидамади сабр қилмоққа,
Тоқатим етмади қилмоққа тоқат.
Ҳеч ким ор этмагач шармисорликдан,
Энг шарманда юмуш бўлгач садоқат.

(давоми бор)