Аслида, турклигимизни унутган биз эмасмиз…

Аслида, турклигимизни унутган биз эмасмиз…
84 views
03 March 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

8-ҚИСМ

Академияда учрашув тамомланиб, “Ўзбекистон” меҳмонхонасига қайтиб келишди. Профессор Дениз учрашувлар ва Олпомиш пластинкаларидан жуда хурсанд бўлди. Гулнорга “нарсаларимни йиғиштириб, бир оз дам оламан,” деди.

Гулнор Қорлиғашовнинг хонасига келди. Гулнор академиядаги учрашувни сўйлаб бераётганди, сигнал келди.

–Бир дақиқа Гулнор, — деди Қорлиғашов ва телефон тинглагичнинг қулоқбонларини қулоғига тақди, кейин олдидаги тугмачага босди.

Турғут Денизнинг овози хонага ёйилди. Лента айланар экан, икковлон сукут ичида эшита бошлашди.

–Aнвар Mурод билан кўришмак истарим, афандим.

–Менман.

–Aнварбей, мен Турғут Дениз. Сизга Туркиядан Mаҳмат Эрйигитдан салом гатирдим.

–Алайкум салом.

–Сиз билан кўриша оламизми? Mаҳматбейнинг сизга бир омонати бор эди…

–Сиз қаерда тўхтадингиз?

– “Ўзбекистон” меҳмонхонасида.

–Эртага тонгда соат 8-да отелдан чиқаман.

–Мен сизни топишга ҳаракат қиламан, Tурғутбей, хайр…

Tелефон суҳбати тугади. Қорлиғашев билан Гулнор бир-бирига қарадилар.

–Эҳтиёт бўлинг, Гулнор, — деди Қорлиғашев, — ҳар ҳолда, Aнвар Mуроднинг ўзи келмайди учрашувга, бировни юборади.

Гулнор “мени юбориши ҳам мумкин,” деб ўйлади. Кейинроқ Tурғутбейга “йўл кўрсатувчилик” қилаётганини Aнвар Mуроднинг билмаслиги эсига тушди. Туғриси, унинг билишини ҳам истамасди.

Ўша оқшом Aнвар Mуроднинг одамларидан ҳеч ким меҳмонхонага келмади.

****

Асанали профессор Денизнинг ёнида Гулнорни кўриб севинди. Дарров бориб, ўзини танитиб, Aнвар Mуродга аталган китобни олишни ўйлади. Аммо кейин фикрини ўзгартирди. Гулнорнинг профессор билан биргалиги хайрли кўринмади унга. Бу қиз “қуда томондан” бўлиши мумкин эди. “Қуда томондан” бўлмасайди, ўзининг Турғут Денизга таржимонлик қилаётганини бизга айтган бўларди, деб ўйлади Асан. Яхшиям, Гулнор уни кўрмади. Асан Али ҳам профессор Турғутнинг ёнига бормади.

–Демак, Гулнор ҳам унинг ёнидайди, — деди Aнвар Mурод, — уларнинг ёнига бормай тўғри қилибсиз.

–Бу қиз ҳақда сизнинг фикрингиз ҳам меникидайми?, — деб сўради Асан Али.

–Ҳа. Фақат баъзи тараддудларим бор. Гулнор жуда самимий кўринади. Унинг агент бўлиши мумкинлигига ҳали ҳам унча ишонмайман. Нима бўлганда ҳам бир неча синовдан сўнг аниқ биламиз кимлигини. Ҳозирча, у билан эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак. Бошқа тарафдан ичимиздаги агентни билиб, уни фош қилмаганимиз яхши. Янги агент қўйсалар уни аниқлагунча яна кўп вақт ўтказамиз.

–Тўғри, — деди Асан Али, — энди бу омонатни профессор Дениздан қандай оламиз?

–Бу ишни эрталаб яна ўзингиз қилишингиз керакка ўхшайди, — деди Aнвар Mурод, — Агар Турғутбей ақлли одам бўлса, эртага эрталаб кетишдан бир соат аввал отел майдонига чиқиб кўради. Соат қанчада чиқишини мен сўрадим, у буни унутмаслиги керак.

–Ундай бўлса мен тонгда соат 7 да отелнинг олдига бораман, — деди Асан Али.

***

Қорлиғашев керишиб, столдан турди, деразага яқинлашди ва пастга қаради. Кейин кўпол бир сўзла сўкинди, орқасига тез ўгирилиб, камзулини кийди, отилиб ташқарига чиқди.

Қорлиғашев ўзининг алданганини билди.

Профессор Денизнинг қўлидаги кичик пакетни олган ўрта бўйли бир одам тез-тез юриб метро станциясига туша бошлаганди.

Қорлиғашев лифтни кутмасдан зинапоялардан сакраб-сакраб пастга тушди. Лекин у одамга етишига ишонмасди. Югуриб станцияга тушди, аммо поезд кетиб бўлганди.

“Отелнинг шундоқ биқинида метро қуриш қайси ақлсизнинг иши экан-а?”, деб ғижинди Қорлиғашев. Яна “агар расмий меҳмон бўлмасайдинг, кунингни кўрсатардим, Туруғутбей, афанди!”, деб тишини ғижирлатди у.
Гулнор Қорлиғашевнинг хонасига кирганида соат етти ярим эди.

Қорлиғашевнинг юзи қип-қизил эди.

–Бунақаси кетмайди, ўртоқ Кунбоева, — дея бақирди у, — ватансевар сотсиалист соат саккизда кетадиган меҳмонни кузатиш учун соат етти яримда келмайди.

Ва ҳозиргина бўлган воқеани айтиб берди. Бунинг ҳисоби сендан сўралади демади, аммо гап оҳангида шу таҳдид бор эди.

Гулнор хонадан чиқди.

Профессор Дениз бир чамадон ва қўл сумкаси билан лифтдан чиққанда уни Гулнор кутиб турарди. Ёш қиз қўл сўмкасини ундан олиб, ёрдамлашган бўлди. Отел олдида турган расмий машинага миниб, ҳаво майдонига жўнадилар.

***

Aнвар Mурод узатган газетани қўлига оларкан, Гулнорнинг хаёли паришон эди.

–Тушунмадим, нима дедингиз?, — деди Гулнор.

–Шу мақолани ўқинг, деяпман, — деди Aнвар Mурод, — қаранг, таниқли тарихчи нима деб ёзаяпти.

Янглишмасам, сиз ҳам барлослардан эдингиз…

–Ҳа, — деди Гулнор ва газетага кўз югуртирди.

Бутун бир саҳифага ёйилган сарлавҳани кўрди: “Барлослар туркми?”.

Мақола Барлос деб аталган Ўзбекистонда яшаган ерлари саналиб, уларнинг Амир Темур замонасидан қолгани ёзилганди. Амир Тумурнинг отаси ҳам барлос бекларидан экан. Ҳатто бугун ҳам барлослар ўзларини турк деб ҳисоблашар экан. Буни Гулнор ҳам биларди. Фақат бу билгини ўз шуури устига чиқаришни ҳеч истамасди. Турк деса, дарров кўз олдига масxатлар келарди. Бировлар унинг қалбида масxатларга нафрат туйғусини тарбиялаб бўлганди.

Катта газетада барлосларнинг турк эканлиги илк марта ёзилаётганди, Гулнор учун бу фавқулодда ҳодиса эди.

Маколани тез ўқиб битирди, аммо бошини газетадан кўтармади…

Аслида, у бир нарсалар ўқишни истарди.

Ўн кундир-ки, “Туркчилик асослари”нинг қаерга кетганини ўрганмоқчи бўлиб тиришди-тирманди, уддасидан чиқолмади. Aнвар Mурод ва дўстлари ундан шубҳалана бошлашдими ёки?.. Aгар шубҳаланишмаса, нега ўн кундан бери бу китоб ҳақида битта ҳам сўз айтишмаяпти?, деб ўйлади Гулнор.

Авваллари режим ҳақидаги фикрларини Гулнордан яширмаган бу одамларга энди нима бўлди?

Гулнор яна ёмон тушлар кўрабошлаганди. Ҳар тонг қоп-қора қалдирғочларнинг ҳужумидан уйғониб, юзини-кўзини ушлаб “яраландимми?”, деб ўйлайдиган бўлганди.

Қорлиғашов “китобни икки кун ичида топишинг керак, Aнвар Mуроднинг уйини тит-пит қилсанг ҳам, топ!,” дея қутурарди.

Гулнор шу кунгача бировнинг уйини “тит-пит” қилмаган ва қилаолмаслигини ҳам биларди. У ўз мамлакати учун ишлаётган ватанпарвар эди, аммо ўғри эмасди. Гулнор шундай ўйларди. Кўрганини, билганини рапорт шаклида билдирарди, бу унинг вазифаси эди, тамом. Лекин ўғри каби бировнинг уйини титкилаш унга ярашмасди. Қорлиғашовнинг “тит-пит” қилиб ахтар!” деган бақириғи унинг миясида лук-лук оғрир эди.

–Бир пиёла чой ичинг, Гулнорхоним, — деди Aнвар Mуроднинг рафиқаси.

–Раҳмат, — деди Гулнор, чойни оларкан.

Гулнор жуда чарчаганини ҳис этди.

–Қизиқ мақола экан, — деди сўнгра Aнвар Mуродга, — эсимда бор, бизнинг оилада ҳам турклигимиз ҳақида гапиришарди. Фақат бу кўп йиллар аввал эди, буни деярли унутдим…

–Аслида, турклигимизни унутган биз эмасмиз, Гулнор, — деди Aнвар Mурод, — бизга буни унуттирдилар. Биринчи марта Навоийнинг “Муҳокама”сини ўқиганимда буни англадим. Тилимизнинг форсчадан устун эканини сўйларкан уни “туркча” деб айтганди Навоий бобомиз. Биз эса бу тилни “эски ўзбекча” деб айтаяпмиз.

–Ҳақлисиз, Aнвар ака, “Мажолис”да ҳам Навоий “турк тили” ёки “туркий” деб атайди тилимизни. Лекин бу ўтмишнинг ҳақиқати. Бугун эса биз ўзбекмиз, тилимиз ҳам ўзбекча.

–Қачондан бери?, — деди Aнвар Mурод.

–Тўғри, қачондан бери?, — деди Гулнор ҳам.

Бу саволга иккалови ҳам жавоб беролмасди, тўғриси, унга жавоб излашмаганди.

Гулнор чойини ичиб тамомлади. Сўнгра:

–Кеч бўлди Aнвар ака, мен кетай, — деди ва ўрнидан турди.

Aнвар Mурод уни кузатаётиб:

–Қачондан бери? Бу саволни унутманг, Гулнор, — деди.

Хайр, — деди Гулнор ва ғира-шира қоронғуликда ғойиб бўлди.

Гулнор ўзининг “қачондан бери” ўзбек бўлиб қолганини ўйламасди. У қачондан бери Қорлиғашевнинг унга бақира бошлаганини ўйлай бошлаганди.

Йўлда такси тўхтатди ва минди.

(давоми бор)