Қилич дармон бўлмиш дардига…

Қилич дармон бўлмиш дардига…
33 views
03 March 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(29-қисм)

Темурбекдан кейин қилични
Шоҳруҳ Мирзо олди қўлига.
Рост келди-да қиличнинг кучи,
Саодатли бўлди элига.

Сал сўнгроқ Ҳусайн Бойқаро
қилич билан жуфтлашди, бир қин.
Туркистон-ла румликлар аро
қардошликнинг риштаси метин.

Ровийларнинг айтишларича,
Алишербек тиғни етти кун –
қўйиб ётган эмиш бошига,
“Таборак”ни ўгириб ўқтин.

Усмонлилар каби унинг ҳам,
Қилич дармон бўлмиш дардига.
Сўзларига қотилиб малҳам,
Шеър мулкининг асл мардига.

Еттинчи тун тош қотибди тонг,
Ўғуз кирган эмиш тушига.
Катта боғга кириб, чалиб занг,
Келтирибди уни ҳушига.

Кезган эмиш чаман оралаб,
Мафтун бўлиб гул чиройига.
Кейин турфа гуллар саралаб,
Тутган эмиш Мир Навоийга.

Уйқусидан уйғонибди Мир,
Юрагида минг жило, ғамза.
Илҳомидан қалтираб зир-зир,
Тўкилибди тилидан “Хамса”

Шу орадан ўтиб бир оз вақт,
Бўш челакдай ирғанди Турон.
Тинчлик яна ноёб бир неъмат,
Ҳамма жойда ур, йиқ, тўполон.

Ота Макон қолиб тизгинсиз,
Бир-бирига кўтардилар мушт.
Кўмилганди Темурбекдан из,
Эл зулматда хомуш, фаромуш.

Шаҳбоқ билан Бобурнинг боши
бир қозонда қайнамади ҳеч.
Тенг келмади тарози-тоши,
Экканлари бўлаверди пуч.

Ўғузхоний қилич ўшанда
боғланганди  Бобур белига.
Темурбекнинг қони бор танда,
Бобур шоҳлик истар элига.

Ўғуз кириб бир кун тушига,
Бўларини айтди, индаллоҳ :
“Туркистонда кезма беҳуда,
Шайбонийга берди, ‒ деб, ‒ Оллоҳ”.

Деди: “Сенга Султон Маҳмудхон
очиб кетган Ҳиндистонни, боқ.
Нозу неъмат тўла дастурхон,
энди сенинг мулкларинг ҳинд ёқ.

Бироқ белингдаги шамширнинг
эгаси бор – исми Байрамхон!
Бир забардаст шери туркманнинг,
Ундан йироқ тушма ҳеч қачон.

Белингдаги қиличинг каби
яқин тутгин ўзингга доим.
Туркман – келажакнинг матлаби,
қилич унга қилинган қойим!”

Бобур Мирзо туриб шу тонгда,
Туркистондан кетди оқиб сой.
Тиғ ўйнатиб келганда отда,
Кобул унга очганди чирой.

Бир ёнида Ўғузий шамшир,
Бир ёнида туркман – Байрамхон.
Шердай панжа урди у оғир,
Чангалида қолди Ҳиндистон!

(Давоми бор)