Милиция томонидан пропискаси йўқларни “овлаш” тўхтатилди

Милиция томонидан пропискаси йўқларни “овлаш” тўхтатилди
24 views
03 March 2018 - 6:16

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг Ички ишлар идоралари томонидан йирик байрамлар арафасида мунтазам ўтказиб келинган “Тозалаш-антитеррор” тадбири тўхтатилган. Милиция ходимлари пропискаси йўқларга “ёрдам беришни” ваъда қилмоқда.

Қоғозда “тозалаш-антитеррор” аммо реал ҳаётда пропискасиз фуқароларни тутиб жарима солишга ва вилоятга бадарға қилишга қаратилган амалиёт ўрнига “Хавфсиз ҳудуд” комплекс тадбири жорий қилинди.

Gazeta.uz нинг Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга таяниб хабар беришича, 1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг жорий қилинган тадбир Президент Мирзиёевнинг 14 февралда чиқарган қарори сабаб тўхтатилди.

“Ушбу операциянинг ўрнига Президентнинг 14 февралдаги Тошкентда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашнинг сифат жиҳатдан янги тизимларини жорий этиш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган «Хавфсиз ҳудуд» комплекс тадбирлари эгаллади”, дейилади хабарда.

“Тозалаш-антитеррор” тадбирлари Мустақиллик байрами, Конституция куни, Янги йил, Наврўз байрами ва бошқа байрамлар олдидан ўтказилган.

Янги тадбирнинг вазифалари ҳам ўзгаргани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ масъули олдингидек “аниқ йўналтирилган” паспорт-виза назорати бундан буён бўлмаслигини айтган. Пропискасиз фуқаролар аниқланиб қолган тақдирда олдингидек, дарҳол жарима расмийлаштирилмайди, балки огоҳлантирилади.

“ИИБ ходимлари секторлардаги оилаларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганади ва қандайдир муаммолар аниқланган тақдирда, уларга муносабат билдирилади. Айтиш керак бўлса, кишини пропискага қўйишга ёрдам лозим бўлса, биз буни қиламиз. Энди пропискасиз одам аниқланса, дарҳол расмийлаштирилмайди. Аввалига огоҳлантирилади”, – деган Дониёр Тошхўжаев.

Кузатувчилар номи қўрқинчли бўлган “Тозалаш-антитеррор” тадбирлари аслида жиноятчиларни эмас, асосан ҳалол меҳнат қилиб оиласини тебратаётган Тошкент шаҳри ва вилоятидаги пропискасиз фуқароларни тутишга қаратилганини айтишади.

Қўлга тушиб қолган фуқаролар, кўпинча участка нозирига пора бериш ёки жарима билан қутилишга тўғри келган.

Айрим оилалар ушбу тадбирлар бошланган вақти қўлга тушиб қолмаслик учун болаларини олиб соатлаб шаҳардаги автобусларда юришга тўғри келган.

Ижтимоий тармоқларда ушбу тадбирнинг тугатилиши олқиш билан кутиб олинган.

“Бу қадамни нормал ҳуқуқий давлат йўлига ўтишдаги илк босқичлардан бири деб қабул қилдим”, деб ёзади блоггер Мусанниф Адҳам.

Фикр билдирувчилар ушбу тадбирларнинг хавфсизлик учун фойдасиз бўлгани, аксинча ҳалол одамларнинг пулини шилишга айланиб қолган тизим эканлигини айтган.

“Бир вақтлари бир участкавой прописка масаласида бошимни қотирганди “тепада сандан ақллилар ўтирипти” деб, кейин шартта жарима ёзиб берган тешиб чиққур. Мана ҳозир биляпмизки тепада ғирт муттаҳам, ўғри порахўрлар ўтирган экан”, дейди Диёржон Аббосов.

ЎХҲ хабарлар бўлими