Хиёнатга йўлиқди карвон…

Хиёнатга йўлиқди карвон…
34 views
04 March 2018 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(30-қисм)

Бобуршоҳдан кейин Байрамхон
Ҳумоюнга бўлди ҳамқадам.
Белидаги қилич – қадрдон,
Ечилмади боғидан ҳеч ҳам.

Ҳиндистонни қўлдан неча бор
чиқазишиб, олдилар юз бот.
Ҳар урушда қилич солосор,
Душманларни айлади барбод.

Юрт тинчланиб, тинганда қуюн,
Ризқи қочди пешонасидан.
Кутмаганда ўлди Ҳумоюн,
Қулаб сарой остонасидан.

Ёшроқ қолди отадан Акбар,
Муаммолар тўлиб-тошди лиқ.
Ҳар бир ишда Байрамхон раҳбар,
Акбаршоҳга қилди оталиқ.

Акбар кундан-кунга улғайиб,
Камол топди – ҳикматли китоб.
Байрамхон ҳам бир кун кексайиб,
Акбаршоҳдан сўради жавоб.

Ҳаж сафарин қилди ихтиёр,
Барчасидан қўлини узиб.
Йўлга тушди, ишқи жунунвор,
Ҳаж тавобин карвонин тузиб.

Юридилар шаҳардан чиқиб,
Ўраб олди бебош бир тўда.
Илон каби олдилар чақиб,
Ҳаммасининг қурол қўлида.

Жанг бошланди қонли, беаёв,
Хиёнатга йўлиқди карвон.
Қазо каби ёпирилди ёв,
Ўлдирилди жангда Байрамхон!

Қидирдилар Ўғузий тиғни,
Олтин қумдай карвонни элаб.
Топмадилар Туроний туғни,
Мўминларни ит каби талаб.

Қилич аллақачонлар ҳали
Хоразмда топганди қўним.
Байрамхонга келиб хабари,
Кўрган туши берганди унум.

Анча ойлар илгари Ўғуз –
руҳи Байрамхонга рўбарў
бўлган эди. Ёғочдай ҳиссиз,
деди: “Ҳиндда топмайсан обрў!”

Деган эди Ўғузхон ғамгин:
“Хоразмнинг тадоригин тут.
Қилични тез оширгин ўғрин,
Қурол етсин Туркистонга бут!”

Туркманнинг бир бўз ўғлони-ла
жўнатилди қилич ўша дам.
Байрам ювди тиғни қони-ла,
Ярасига жон қилди малҳам.

Ўлмасидан тунда, хайрият,
Хоразмни кўрди тушида.
Амалга ошганди нек ният,
Ташвиш қолмаганди бошида.

Қанот боғлаб туркманнинг оти,
Манзилига етганди қилич.
Ариганди армондан ёди,
Энди Байрам ётар гўрда тинч!

Хоразмда яна тўй, байрам,
Шодмон эди Туркистон беҳад.
Бошланганди янги кун айём,
Севинчларга йўқ эди сарҳад.

Байрамхоннинг лабида кулгу,
“Хоразм!” деб таслим қилди жон.
Кўзларида Каъбадан улгу,
Кўкрагида тоза бир иймон!

(Давоми бор)