Бобомурод Абдуллаев “Усмон Ҳақназар” сифатида эмас, “ўғри” сифатида қамоққа олинганда ва судланганда нима бўларди?

Бобомурод Абдуллаев “Усмон Ҳақназар” сифатида эмас, “ўғри” сифатида қамоққа олинганда ва судланганда нима бўларди?
22 views
03 March 2018 - 22:08

Бахтиёр, мен бундай деб ўйламайман. Сизга масалага кенгроқ ёндашишни таклиф қилган бўлардим.

Мен М.Солиҳга тарафкашлик қилмоқчи эмасман, менсиз ҳам тарафдорлари етарли.

Қолаверса, мен Бобомурод Абдуллани мутлақо танимайман.

Бир куни Чориевнинг талаби билан мен Фейсбук орқали Бобомуродни топиб, унга бир эмас, 5 маротаба хат ёзганман: “Кўришайлик, танишайлик. Сизга таклифимиз бор, ҳамкасб” деганман.

Беш марта қилган мурожаатимга Бобомурод бир сўз демаган, сукут билан жавоб қилган.

Ўшанда билмадим, 2013 йилмиди, ниҳоятда дилим оғриганди. “Бу кибр қули ким экан-а?” деб ўйлаб қолгандим ва Бобомуродга “Бир инсон инсон сифатида сизга мурожаат қилмоқда. Яна аёл киши. Нима бўлган тақдирда ҳам, мум тишламасдан ё “Ҳа”, ёки “Йўқ” деб жавоб қилсангиз, одамийликдан бўлур эди” деб ёзиб ҳам юборгандим…

Ўшандан кейин мен бу йигит ҳақида батамом унутиб юборгандим.

2017 йил кузида “Бобомурод Абдуллани қамашибди!

“Бобомурод Абдулла Усмон Ҳақназар экан” деган шов-шув кўтарилган чоғларида ҳам мен бу йигитнинг, яъни Бобомуроднинг мен ҳуув ўшанда беш маротаба мурожаат қилганимда бир марта ҳам жавоб ёзишни эп кўрмаган ҳамкасбим эканлигини ҳам билмасдим.

Хотирамдан кўтарилиб кетганди.

Кейинчалик Бобомуроднинг расмларини кўрганимда… кейинроқ ўша воқеалар хотирамда жонланди.

Хуллас, мен Бобомуроддан ранжиган шахсман. Аммо унинг Усмон Ҳақназар сифатида юртимиз муаммоларини халққа етказишдаги катта хизматлари мендаги бу ранжишларни унуттириб юборади албатта.

Ва албатта унинг менга бўлган муносабати вазиятга, воқеликка нохолис ёндашишимга монелик қилмаслиги керак.

Мен вазиятга ҳолисона баҳо беришни истайман.

Шу сабаб, келинг, мавжуд воқеликни сизнинг эмас, менинг қарашларим, менинг фикрларим доирасида таҳлил қилиб, ўзга томондан ҳам ёндашиб кўрсак дегандим:

Биласиз, бизда, яъни, Ўзбекистонда ҳеч бир ташкилот, корхона ишламаса ҳам, биргина ташклиот бор, пихини ёрган, яшин тезлигида ишлайди: бизнинг МХХ бу.

Агар эътибор берган бўлсангиз, Бобомуродни илк бор қўлга олишганларида “Ўғирликда гумон қилинмоқда”, деган гаплар бўлганди.

МХХ ходимлари Бобомуроднинг уйдаги тинтув чоғида унинг турмуш ўртоғига ҳам шу гапни қилишганди.

Аммо шу нарса маълумки, МХХ анчадан бери “Усмон Ҳақназар ови” билан машғул эди.

Бу тахаллус остидаги қиламкашни фош қилишда МХХ ходимлари ҳамма нарсага шай, тайёр эди. Ва ниҳоят йиллар ўтиб МХХ Усмон Ҳақназарга олиб борадиган калаванинг учини топди. Бошига қоп кийдириб, қўлга ҳам олишди.

Бироқ, бу тутқинликни МХХ ходимлари “ўғирлик” билан боғлашга уринишди. Аммо биласиз, одатда “ўғирлик” жинояти билан МХХ шуғулланиб ўтирмайди.

Шундай бўлса-да, бизнинг МХХ Усмон Ҳақназарни тутишганини ошкор қилишни истамасди.

Улар Бобомуродни “Режим кирдикорларини фош этиб келаётган журналист” сифатида эмас, шунчаки бир ўғирибачча сифатида қамашни ва қамоқхонани ўз уйига айлантириб олган “қирол”лари қўли билан ўлдиришни, жисмонан йўқ қилиб юборишни режа қилишганди, чамаси.

Ростида, кимсан, адабиётшунос, Навоийшунос бир олимни – Акром Маликни ими-жимида 6 йилга қамаб юборишди, ким хабар топди? Ким, айтинг?

Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллани МХХ қўлида шунчаки қандайдир “ўғрибачча” сифатида қурбон бўлиб кетишининг олдини олиб қололди…

МХХ Бобомуродни қўлга олганида унинг Усмон Ҳақназар эканлигини жуда яхши биларди. Буни фақат сизу биз билмасдик холос…

Ўзингиз ўйланг, мабодо Муҳаммад Солиҳ Бобомруоднинг Усмон Ҳақназар эканлигини оммадан сир тутиб ўтирганида эди, бугунги кунда 12 та Халқаро ташкилот Бобомуроднинг ҳимояси учун баёнот билан чиқмаган, унинг ҳаёти ҳақида қайғурмаган бўларди…

Бобомуроднинг Ҳақназар эканлиги МХХга шусиз ҳам ойдин бўлганди. Муҳаммад Солиҳ ҳақиқатни оммага очиқламаган тақдирида ҳам Бобомуроднинг бошига итнинг кунини солишган бўларди, бунга шубҳам йўқ…

Дейлик, ўша Усмон Ҳақназар тахаллуси остида мен ижод қилсаму, режим мени бир ўғри сифатида қамоққа тиқиб юборса, сафдошларим менинг асл кимлигимни оммага очиқламай, сир тутишганларида эди, шахсан мен ниҳоятда хафа бўлган бўлардим.

Ўйлайманки, шу маънода Муҳаммад Солиҳ Бобомуроднинг тақдирига қайғурган бир шахс ўлароқ бу борада “етти ўлчаб, бир кесиб” ҳаракат қилган….

Ана энди адвокатлар Муножот Парпиева, Майоровлар ва ниҳоят Худо насиб этиб Бобомруод билан кўришишди ва ҳақиқатни, яъни унинг “Усмон Ҳақназар” тахаллуси билан ижод қилганини унинг ўз оғзидан эшитишди.

Бироқ Бобомурод қўлга олинганида, “Муҳаммад Солиҳ Бобомуродни қурбонликка бермоқда, ҳукумат билан тил бириктириб, ўз айбини Абдуллаевга ағдармоқда. Аслида Усмон Ҳақназар тахаллуси билан ижод қилган одам Солиҳнинг ўзи”, дея Интернет саҳифаларини пистабозорга айлантириб юборганлар, шошилиб хулоса қилганлар кўўўп бўлди.

Мана, худога шукур, Бобомурод омон ҳам қолиб, Ҳақназар эканлигини ўзи ўз тили билан тан ҳам олди. Бировга туҳмат тошларини отишга ошиқишнинг нима кераги бор эди?

Куни кеча хулоса чиқаришга ошиққан қаричи калталар бугун нима деб маломат қилишаркан?

Аммо мен бир нарсани аниқ айтишим мумкин: Аввал Аллоҳ, Бобомурод Абдулла Нодир Тўрақуловнинг қўлидан тирик қолган бўлса, бунда Муҳаммад Солиҳнинг вазиятга ақлан ёндашувининг ҳиссаси катта.

Матбуотнинг бонг уриши, Халқаро ташклиотларнинг қистови, сўрови туфайли Бобомурод бу дунёнинг жаҳаннамидан омон қолди, яхшилар.

Рақиб бўлиш, рақобат қилиш яхши. Бироқ бироз мард бўлинг, танти бўлинг. Қарши тарафнинг заковатига ҳам тан беришни ўрганинг!

Малоҳат Эшонқул

Facebook.com