Бобомурод Абдуллаевга “ЭНГ ЖАСУР ЖУРНАЛИСТ” унвони берилсин!

Бобомурод Абдуллаевга “ЭНГ ЖАСУР ЖУРНАЛИСТ” унвони берилсин!
21 views
04 March 2018 - 14:00

ҲУРМАТЛИ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ!

Мурожаатимни анъанага айланган ва ҳаммага ёд бўлиб кетган сўз боши билан ёзмасликка қарор қилдим. Зеро унинг мазмуни билан танишгач, виждон амри билан хулоса чиқаришингизга ишонгим келяпти. Интеренет тармоқларида журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати етказган хунук хабар тез тарқалди. Унда тилга олинган маълумотларга кўра Бобомурод Абдуллаев МХХ қийноқхонасида қаттиқ азобга солиняпти ва ҳаёти хавф остида.

Янаям дахшатлиси- унинг Москвада ўқиётган қизининг ҳаёти ва номусига тахдид қилинган. МХХнинг бундан ҳам бадтар усуллар билан “гапиртириши” ва айбсиз зиёлидан “Ватан хойини”ни ясай олишини сиз мендан ҳам яхшироқ биласиз. Минг афсуски, энг катта қонхўрлар ишдан четлатилиб, қамалгани билан вазият эски тос, эски хаммомлигича қолмоқда. Малъун манқуртларнинг катта-кичиги бўлмагандай, қолган қутган одамнусха шайтонларнинг кучи хақиқий душманларга эмас, собиқ тузумнинг ифлос башарасини очиб ташлаган журналист, тарихчи олим, шоир – хуллас, Ватаннни бадкирдорлардан тозаламоқ истагидаги зиёлиларигагина етаётганини қандай изохлаш мумкин?! Минг таасуфлар билан айтишим жоизки, Бобомурод Абдуллаевнинг фарзанди, оиласига қилинаётган тахдидларни ёлғон дея олмайман!

Чунки бу ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган. Адолат талабидаги харакатларим билан МХХ эътиборига тушишга муяссар бўлганман. Ўшанда она аталмиш зот туққани ёдидан чиқиб кетган маразлар овозимни ўчиришнинг ягона йўлини топиб – жонимдан азиз болаларимнинг ҳаётига тахдид билан қўрқитишган. Афсуслар бўлсинки, асл вазифаси МИЛЛАТ ХАВСИЗЛИГИНИ ҲИМОЯ қилиши керак бўлган МХХ чилар миллат шаънини булғаётган нонкўр хоинларидир!

Яна иккта МХХдан қолишмайдиган ташкилот бор. Шуларнинг фаолиятини ҳам ўрганиб чиқсангиз зўр бўларди. Халқнинг чўнтагидан чиқаётган пулларга кун кўриб, ҳеч қачон халқни ўйламаган ва шу мурожаатномани ёзиши керак бўлган идоралардан биттаси бу Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасидир!

Қиладиган ишлари тўртта танлов ўтказишдангина иборат бўлиб қолган “қўзичоқларнинг ”нинг сукути аслида энг катта жиноятдир! Миллат қаҳрамони бўлишга муносиб Бобомурод Абдуллаев Америка, Япония ёки Хитойлик эмас ЎЗБЕКИСТОНлик эканини билишадию, уни ҳимоя қилиш ўрнига, томошабин бўлиб туришни афзал билишади. Улар кўрми, ёки карми? Балки ақллари жойида эмасдир? Ундай десам, икки пулга қиммат танловларни ташкиллаштириб ётишибдику! Яқинда 500 га яқин ижодий иш келиб тушган “АДОЛАТ -ҚОНУН УСТИВОРЛИГИДА” танловининг ғолибларини аниқлаб, тақдирлашди. Уят бўлса ҳам, кулгили савол туғилади. Энг адолатпарвар журналист МХХ ертўласида бўлсаю, уюшма кимни бош мукофотга муносиб кўрди?! “Энг улуғ, энг азиз” Республика танловидачи?

Миллат равнақини ўйлаб ёзилган мақолалари учун ўласи қилиб дўппосланган, хотини, бола- чақаси билан тахдид қилинган журналистлар ҳам танлов ғолиби бўлганми? Ахир улар қоғоздагина эмас, амалда Ватанни улуғ ва азизлигини исботлаб қўйган асл қаҳрамонларку! Уюшма раиси Садулла ҳакимовга битта талабим бор! Агар мард бўлса, Халқаро матбуот кунида натижалари эълон қилинадиган “Олтин қалам” танловига “ЭНГ ЖАСУР ЖУРНАЛИСТ” номинациясини киргизиб, унга Бобомурод Абдуллаевни шахсан тавсия қилсин! Бўлмаса бундай хўжакўрсин уюшманини ҳам, маддоҳларни рағбатлантирадиган танловларини ҳам мутлақо кераги йўқ!

Хурматли Ш. Миромонович сиз халқнинг қонини ичган амалдорларни аёвсиз жазолаяпсиз. Бир ўтинчим бор- нафақат молиявий, балки халққа маънавий зарар етказган ва етказаётган, Ватан равнақига лоқайд, журъатсиз, қўрқоқ раҳбарларни ҳам жазоланг! Акс холда улар сизни ҳам Каримовдай “айнитиб” халқни эса яна зомбилаштириш иқтидорига эга! Гарчи номам Президентга аталган бўлсада, бугун ҳамюртларимга биттагина илтижо юзланмоқчиман: Азиз Ватандошларим! Фикрларимга қўшиласизми, йўқми номани эгасига албатта етказаман. Чунки бир оғиз далда ва кўмагимизга мухтож юзлаб беайб юртдошларимиз ҳамон қийноқлар остида. Мен Б. Абдуллаевни ҳам шахсан танимайман аммо уни манфур тузумга қарши курашган мард инсон ва ҳамкасб сифатида хурмат қиламан. Уни қутқаришга ўз хиссангизни қўшинг ва умид билан битилган ушбу мурожаатномага имзо чекинг! Акс холда кунларнинг бирида сизга ҳам болаларингиз борлигини эслатиб қўйгувчи жаллодлар қутураверади.

ОЙДИН ЗИЁЛИ (Ойдин Зиёвиддин қизи)
04.03.18

Манба: facebook.com