Иштаҳа

Иштаҳа
16 views
06 March 2018 - 5:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

ИШТАҲА

Гуллари шаҳидлар қабрида қолган,
Парлари сабода соврилган…
Олдимга қўйдилар бир товоқ булбул —
Чўчқанинг ёғида қоврилган.

Хизматчи маъноли кўз қисиб қўяр,
«Булар сайроқи бир ширкат аъзоси.
Яна тағин сиздан яхшироқ куйлар,
Шунинг учун бердик жазосин.

Қолаверса, ҳаёт нимага керак
Булбулларга фасли хазонда.
Тўймасангиз яна буюраверинг,
Ҳали жуда кўпдир қозонда!»

Қошимдаги хушбўй ҳар бир парча гўшт
Ёвузликнинг тенгсиз санъати.
«Лаънати — буларни тутган овчилар,
Буларни пиширган ошпаз — лаънати»

Гарчи жирканишдан, гарчи нафратдан
Гарчи изтиробдан дил дабдала, хит,
Булбулларни паққос туширишимга
Бу ҳислар негадир бермас халақит.

* * *

Сира ҳам унутиб бўлар эканми,
Ёдимда ҳар лаҳза, ҳар бир дақиқа.
Хоразм эмасдир менинг ватаним,
Ватанимдир менинг — ҳақиқат.

Чангаллаб олади ўйлаганим сари
Юракни кун-кундан бадтар ғам…
Эсимни танибман-ки,
Яшайман

Қувғинди қилиниб,
Бўлиб бадарға.

 

(давоми бор)