“Прокурор келмагани учун” журналист Бобомурод Абдуллаевнинг суди қолдирилди

“Прокурор келмагани учун” журналист Бобомурод Абдуллаевнинг суди қолдирилди
18 views
05 March 2018 - 16:30

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 5 март куни бўлиб ўтиши керак бўлган журналист Бобомурод Абдуллаев ва блоггер Ҳаёт Насриддинов ҳамда икки тадбиркор Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар суди 7 мартга қолдирилди. Суд биносига 15 дақиқага олиб келинган судланувчилар адвокатларига кўрсатилмаган.

Ҳакамнинг котибаси “поркурор келмагани учун” суд қолдирилганини айтган.

Воқеларни яқиндан кузатаётган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, судланувчилар 5 март куни эрталабки соат 11:00 да судга олиб келиниши ва жараён бошланишидан олдин адвокатлар улар билан гаплашиб олиши керак эди.

“Мен 20 йилдан бери шу иш билан шуғулланаман. Қонун-қоида бўйича судланувчилар эрталаб олиб келинади. Кейин айтилган вақтда зуд залига олиб кирилади. Бунунги воқеа биринчи бор бўлиши. Соат 2 дан 20 минут ўтганида уларни олиб келишган. 15 минутлардан кейин бизга эълон қилмасдан яна олиб кетиб қолишган”, дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, суд биносида 15 дақиқа ушлаб турилган судланувчилар адвокатларига кўрсатилмаган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судяси судланувчиларнинг нима сабабдан адвокатлари билан учраштирилмагани борасида ҳеч қандай изоҳ бермаган.

“Менимча, бу судялар 25 йил тепадан буйруқ келишига ўрганиб қолган. Шунга қараб судни бошлайди ёки нимадан бошлаши кераклиги тепадан буйруқ орқали қилинган ҳар доим. Энди ҳозир вазият анча ўзгариб қолгани учун бўлса керак, булар анча ҳаяжонда. Судланувчиларнинг нима учун кеч олиб келгани маълум эмас. Бунақаси ҳеч бўлмаган. Иккинчидан, судя ҳеч қандай қарор қабул қила олмаслиги учун судни қолдирган, деб ўйлайман”, дейди Сурат Икромов.

Суд жараёнини кузатиш учун АҚШ элчихонасидан вакиллар ва бошқа дипломатик кузатувчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари билан бирга айбланаётганларнинг яқинлари ҳамда журналистни қўллаб қувватловчи оддий фуқаролар ташриф буюрган.

Судни кузатиш учун 30-40 атрофида одам келгани айтилмоқда.

Жиноят ишида Салаев ва Оллоёровлар Бобомурод Абдуллаев- “Усмон Ҳақназаров”нинг манбалари бўлиб хизмат қилгани айтилган.

Бобомурод Абдуллаев ва “шериклари” ЖКнинг 159-моддаси, конституцивий тузумга тажовузда айбланмоқда.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинганди.

Ўтган ой яқинлари унинг тергов жараёнида шафқатсиз қийноқларга тутилганини айтишган.

Ҳаётхон Насриддинов ўтган йил 20 октябрида ҳибсга олинган.

Халқаро ташкилотлар Бобомурод Абдуллаевга қарши айблар сиёсий эканини айтиб, уни зудлик билан озод этишга чақирганлар.

Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олишга буйруқ берган МХХ полковниги Нодир Тўрақуловнинг қамоққа олингани тасдиқланган.

42 ёшли Нодирбек Тўрақуловга нисбатан ЖК 301-моддаси 1-қисми (Хокимиятни суиистеъмол қилиш, хокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки хокимият харакатсизлиги ) ҳамда 230-моддаси (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) билан айблов эълон қилинган.

Тўрақулов муқаддам МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими раҳбари бўлиб ишлаган.

ЎХҲ хабарлар бўлими