Ўзбекистондаги дўстлардан бирор хабар борми?

Ўзбекистондаги дўстлардан бирор хабар борми?
43 views
07 March 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

10-ҚИСМ

Ўша кун Гулнор Одил Турсуновни хонасидан тополмади. Кейинги кунларда ҳам Турсунов кўринмади. Гулнор ўз изтиробидан лаззатланадиган дарвишларга ўхшаб қолганди. Гоҳ-гоҳ Aнвар Mуроднинг уйига бориб, кўнглига тасалли ахтарарди. Унинг уйида дўстлари тўпланишарди. Маълум бўлишича, Aнвар Mуродни ташкилотга чақириб сўроққа тутишган, кейин қўйиб юборишган. Балки қўйиб юбориб, нима қилишини кузатишмокчи бўлишгандир.

Одилдан ҳеч xабар йўқ эди. Бу ҳаммани қийнар эди, аммо энг кўп қийналган яна Гулнор бўлди.

Комил Эркин ичкин шеърлари билан унинг ярасига малҳам бўлмоқ истади. Шариф Жамол ҳикматли сўзлар-ла, Асан Али эса кўзлари билан кулимсирарди.

Бахтигулнинг эса қалби соф ва муаммосиз эди. Гулнор учун бу соф юракка бошини қўймоқ балки ҳаммасидан яхши эди.

Aнвар Mуроднинг совуққонлиги орқасида муҳаққақ бу соф ва масаласиз юракнинг сукунати бор эди.

Гулнор Қорлиғашев билан алоқасини бирдан узмаслиги керак деган қарорга келишди дўстлар. Гулнор гуруҳ тўғрисида муҳим бўлмаган хабарларни Қорлиғашевга “ихбор” қилишда давом этадиган бўлди. Гулнор бу соҳта “ихбор”ларни Қорлиғашевга олиб борар экан, каттик азоб чекарди. Яхшиям, Қорлиғашев ҳам у билан совуқ гаплашарди, рапортни бериб, тез ташқари чиқарди.

***
1986 йил октябрда Ўғуз Думанни аскарга олдилар. Тузла пиёдалар мактабининг казармаларида одам кўп эди. Эрталаб тонгда туриб, чопмоқ, югурмоқ Ўғузга ёқиб қолганди. Ёнидаги дўстларининг шикоятини тушунмасди. Аскарий ҳаёт уни ёш болага айлантирганди. Ботқоқда “ёт!” ва “тур!” амрини такрорлаб, аскарларни силуетга айлантирган бир мингбошини ҳеч унутолмайди. Бу “ёт-тур”дан сўнг неча марта ювинди, эсламайди. Фақат милтиқ билан кийимлари шу қадар ифлосланганди-ки, зўрға тозалаганди.

1987 йилда Ўғузни Пиёдалар Мактабидан Анқарага чақиришди. Қароргоҳда қўмитаннинг кабинетига киргунча Ўғуз нега чақиришганини билмасди.

Стол орқасидан чиқиб, Ўғузга томон юрган полковник:

–Хуш келдинг, ўғлим!, — дея қаршилади.

–Соғ бўлинг, қўмитаним!, — деди Ўғуз пошналарини бир-бирига уриб.

Ўғуз “хўжам” сўзи ўрнига “кўмитаним” дегани учун ўзидан мамнун эди. Чунки бир неча марта “қўмитаним” дейиш ўрнига “хўжам” деб уялиб қолганди.

–Ўтир, Ўғуз, — деди полковник, — сени махсус топшириқни бажариш учун чақирдик.

–Амр этинг, қўмитаним! — деди Ўғуз.

–Ироқда нималар бўлаётганидан хабаринг бордир, — деди, — полковник, — Бу бўлга бизни икки нуқтаи назардан қизиқтирмоқда. Биринчиси, у ерда ПККчилар уя қурмоқдалар, иккинчиси ироқли туркманлар масаласи…

Ўғуз Турк армиясининг Бош қўмондонлиги қaроргоҳида ироқли турклар мавзуси очилганидан ҳайратга тушганди. Арзрумли дўсти Моҳир кўз олдига келди. У билан Ироқ турклари ҳақида ора-сира гаплашиб турарди.

–Ҳа, қўмитаним. Ироқ туркларининг борлигини биламан. Xатто улардан дўстим ҳам бор, — деди Ўғуз.

–Сенинг бир муддат Ироқда қолишингга тўғри келади. Фақат кетишдан аввал уч ой махсус тайёргарликдан ўтасан…

“Таёргарлик” программасида Ироқ турклари ва ПКК кўп жой олмаганди. Барзоний ва Талабоний ҳақида ҳам маълум бўлганидан ортиқ информация йўқ эди. Программанинг аксарий қисми кураш ва бошқа жисмоний машқларга ажратилганди. Яна пропаганданинг психологик тамаллари ҳақида дарслар ўтиларди.

Ўғуз Ироқнинг Арбил шаҳрига келганда апрел ойининг ўрталари эди. У Туркия “қизил ой” жамиятининг маъмури сифатида келганди. Муҳтож бўлганларни озиқ-овқат  билан таъминлаш унинг зиммасида эди. “Қизил ой” бир ой ишлагандан кейин Арбилда ўз вакили ўлароқ Ўғузни қолдирадиган бўлди.

Ўғуз Думоннинг асл вазифаси тарқоқ турк (туркман) гуруҳларини яраштириб, бирлаштирмак эди. Ўғуз қисқа вақт ичида Ироқ турклари лаҳжасида гаплаша бошлади. Унинг Ироқ режими тарафидан қатл қилиниб халқ орасида афсонага айланган турк(ман) лидерлар полковник Абдураҳмон ва доцент Наждот Kўчок ҳақидаги самимий суҳбатлари турк(ман)лар ўртасида обрўсини оширди. Айниқса, Абдулвоҳид Кўзажиўғли ва Абдураҳмон Қизилой каби қўшиқчиларнинг Туркияда мухлиси кўп эканини таърифлаши Ироқ туркларини Ўғузга янада яқинлаштирганди. Ўғуз кичик гуруҳлар тарафидан севилган исмларга нисбатан, бутун гуруҳлар ичида обрўйи бўлган шахслар ҳақида кўпроқ гапирарди. Бу тарқоқ гуруҳларни бирлаштиришнинг таъсирли услуби эди.

Ўғузнинг Туркия тарафидан махсус топшириқ билан келганлиги Ироқдаги турк лидерларининг қулоғиға етганди. Ўғузнинг самимий ва принсипли ҳаракатлари уни Ироқ турклари орасида обрўли кишига айлантирди.

Ўғуз тез-тез Мўсул, Керкук, Тузxурмати ва xатто Хонакингача бориб келаверарди. Бир неча марта Боғдодга ҳам борди. Ўғуз ўз обрўсининг даражасини биларди, аммо гуруҳларни бирлаштириш осон иш эмасди. Одамлардаги манманлик, манфаатчилик, қўрқоқлик ва кераксиз жасурлик бирлашувга тўсиқ бўлаётган эди. Шунга қарамай, 1988 йил апрелида Ўғузнинг ўз ишида анчагина муваффақият қозонганини айтиш мумкин эди. Апрелдан бошлаб Ўғузнинг ишини Tуркиядан келган юзбоши Илкар Дамир давом эттирадиган бўлди. У ҳам “қизил ой” маъмури сифатида келганди.

15 апрелдан Ўғуз жамоат билан хайрлашди. У ўз ўрнига жасур, мантиқли ва дироятли бир юзбоши (офицер) келганидан мамнун эди. Хайрлашув кечасида Ироқ турклари ўқиган қўшиқлар юрагини вайрон қилганди. Бу одамлардан айрилиш осон эмасди.

***
Ўғуз Анқарада ишларини тамомлаб, Арзрумга қайтишга ҳозирланаётганди. Эрйигит хўжага телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлди. Профессор Эрйигит хўжа уни қўйиб юбормади.

–Качон кетаяпсан?, — деб сўради у.

–Эртага, — деди Ўғуз.

–Ундай булса, бу оқшом сени меҳмон қилайлик, — деди Эрйигит хўжа.

–Оворагарчиликнинг кераги йўқ, хўжам, — деди Ўғуз.

–Нимаси оворагарчилик!, — деди Эрйигит хўжа, — ҳам Ироқ турклари ҳақида сенга саволларим бор.

Профессор Эрйигит Анқаранинг Боғчалиевлар маҳалласида яшарди. Ўғуз уйни топаман деб анча сарсон бўлди. Ниҳоят топди.

–Ўғуз, бу янганг, Гунаш Эрйигит, — деди Профессор ўз хотинини таништириб.

–Мамнун бўлдим, афандим, — деди Ўғуз.

–Мамнун бўлдим, Ўғуз, — деди Гунашхоним.

Ўғуз Гунашхонимдан тортиниб турарди. Гунашхоним адабиётчи эди, Эрйигит хўжа “унинг мавзуси биз тилчиларники каби қуруқ эмас”, деди ва қўшиб қўйди:

–Билмайман, сен эшитдингми, адабиётчилар тилчилар ҳақида “ғақ-ғуқ”чилар дейишаркан!

Гунашхонимнинг кўзлари яшил эди. Ўғуз Гулнорни эслади ва Эрйигит хўжага мурожаат қилиб:

–Хўжам, Ўзбекистондаги дўстлардан бирор хабар борми?, — деди.

–Афсус-ки, йўқ, — деди хўжа, — келажак ой улардан хабар оламиз, иншоллоҳ.

–Қандай қилиб?

–Июл ойида Бокуда туркология коллокиюм бор. Ўрхон Нодий олиб боради. Бир иш чиқмаса, мен ҳам бормоқчиман. Шартномага кўра бутун Совет Турк жумҳуриятларидан биттадан вакил қатнашиши керак.

–Иншоллоx, ўзбек дўстларимиздан ҳам бир неча киши қатнашар, — деди Ўғуз.

Кейин соат 11 гача Ироқ турклари фолклори ҳақида суҳбат қилдилар. Профессор Эрйигит Ўғузга докторлик ишингни “Ироқ турклари халқ қўшиқлари” мавзусида қил, деб маслаҳат берди. Аммо Ўғуз мавзу аллақачон танлаганини билдирди.

–Мавзу “Иш жойларига хорижий ном қўшишнинг социал ва психологик сабаблари”, — деди Ўғуз.

–Жуда узун ном, лекин қизиқарли мавзу, тезроқ ёзиб тамомлашингни кутамиз, — деди Эрйигит хўжа.

–Баъзан сиздан маслаҳат сўрашимга тўғри келади, — деди Ўғуз.

–Албатта, истаган пайтингда кел!

Ўғуз хайрлашар экан, биринчи марта меҳмонга чақирилган уйга қўли бўш, ҳадиясиз келганини эслади ва ўзини койиди.

(давоми бор)