“Хўш, сенинг президентинг нима ҳам қилаоларди?”

“Хўш, сенинг президентинг нима ҳам қилаоларди?”
29 views
07 March 2018 - 10:44

2018 йилнинг 6 март куни МХХ тергов изоляторида адвокат С.А.Майоров ва унинг ҳимояси остидаги Бобомурод Абдуллаевларнинг учрашуви бўлиб ўтган. Қуйида адвокатнинг ушбу учрашув хусусидаги баёнотини тақдим этамиз.

2018 йил 6 март, сешанба куни МХХ изоляторида Бобомурод Абдуллаев билан учрашдим. У билан таҳминан 1 соатча мулоқотда бўлдик.

Учрашув натижалари бўйича асосий тезислар.

1.Асосийси. 03.03.2018 йил, шанба кунидан кейин Бобомуроднинг бундан жуда қўрққанлигига қараймай, унга нисбатан ҳеч қандай босим ўтказилмаган.

2.Мен номингиздан салом етказдим ва 5 март куни бўлиши керак бўлган суд маҳкамасига нафақат унинг қариндошлари, балки ҳуқуқбонлар ва Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ элчихоналаридан вакиллар келганини айтдим.

3.У барчадан, асосан сиздан қўллаб-қувватловларингиз учун жуда миннатдор.

4.Бобомуроднинг фикрича, уни биринчи навбатда Бош прокурор Абдуллаевга ва ИИВ вазири Бобожоновга компромат йиғиш учун қўлга олишган. Интернетдаги барча мақолалар эса МХХ учун иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлган. Аввалига МХХ ходимлари Бош прокурор ва вазир бўйича маълумот талаб қилишган. Натижада Бобомуродни, Бош прокурор Абдуллаев маълумотларни Равшан Салаевга, Равшан эса Бобомуродга берган деб ёзишга мажбурлашган. Ҳудди шундай, вазир Бобожонов маълумотларни Аллаёровга берган, у эса ўз навбатида Бобомуродга берган, деб ёздиришган. Бош прокурор ва вазирга қарши компроматлар шунга асосланган.

5.Бу қийноқлар Бобомуродга нисбатан қуйидаги гаплар остида қўлланган: “Бобомурод, сен нега янги президентни қўллаб-қувватлаяпсан?”, “Хўш, сенинг президентинг нима ҳам қилаоларди?” (Мирзиёев назарда тутилган). “Янги президент қўл остида ҳамма ўғирлик қилади. Фақатгина МХХнинг шарофати билан ҳокимлар ўғирлик қилолмайди”. “Ҳақиқий ҳокимият МХХда ва президент ҳеч нарса қилолмайди”.

6.МХХ Бобомуроддан Бош прокурор ва вазирбшйича “айбни тан олиш” ҳақида ёздириб олганидан сўнг, улар интернетдаги мақолалар ва “Йиғим-терим”га ўтишган.

7.Бобомуродага нисбатан руҳий босим ўтказган МХХ ходимлари Ўлмас ва Володя исмли шахслар бўлган. Улар уни урушмаган ва фақат руҳий суҳбатлар билан босим ўтказиб, таҳдид қилишган. Айнан шу шахслар Бобомурод ўз мақолаларида ёмонлаш ўрнига янги президентни қўллаб-қувватлагани учун койишган. Яна шу шахслар, Бобомуродни МХХ деворлари ичида ўлдирмасликларини, бу МХХ фаолиятига доғ туширишини, уни “Тоштурма” ёки зонада ўлдириб юборишларини айтишган. Уни оғир меҳнатга қўйишларини, ўша ерларда ишлаб турган агрегатларга итариб юборишларини, натижада унинг танаси қийма-қийма бўлиб кетишини ва шуни онасига беришларини айтишган.

8.Муҳим ҳолат. Кутилмаганда 5 март куни, суддан қайтгандан сўнг, унинг олдига врач кирган. Асосан чап қўлини кўздан кечириш учун. Врач қўлга шикаст етганини тасдиқлаган. Суҳбат давомида Бобомурод қандай қилиб қийноқ пайтида чап қўли шикастлангани ҳақда батафсил тушунтирган. У шунингдек умуртқасидаги оғриқ борасида ҳам арз қилган. Врач бу борада ҳам уни кўрикдан ўтказган. Бобомуроднинг айтишича МХХда бўлган вақти давомида умртқаси билан юзага келган муаммо борасида арз қилган, бу ҳақда ариза ҳам берган. МХХда унинг арзлари ҳақидаги врач қайдлари борлигига Бобомуроднинг ишончи комил. Айтганча, врач Бобомурод билан суҳбати давомида, уни 6 сутка давомида ухлашга қўймаганлари, кейин эса яна уч сутка “юмшоқ хона”да сақлаганликларидан хабардор эканлигини айтган. Эҳтимол, инсонларни бундай қийноққа солишганида, буни врач назорати остида қилишса керак.

9.Бобомурод, агар у ўз мақолаларида МХХга ҳужум қилмаганда ва янги президентни қўллаб-қувватламаганида, уни ҳибсга олмаган бўлишарди, деб ўйлайди.

10.Бобомурод жаъми тўртта тушунтириш хати ёзиб берган. Ўзи менга шундай деб айтди. Аммо, ишда гўёки улардан иккитаси бор. Бош прокурор ва вазир бўйича тушунтириш хатлари ишда йўқ.

11.Бобомурод, агар унга МХХ биносини кўрсатишса, уни қийнашган хонани танишини айтди. Бу хона деворлари металлар панжаралар билан қопланган ва четларида халқалар осилган. Махбусни кишан билан шу халқаларга боғлаб, қийноққа солишган.

12.Уни хонадан хонага бошига халта кийдирган ҳолда олиб ўтишган.

13.Уни бевосита калтаклаганларнинг исмлари. Булар Қобил, Мажид, Элмурод. Энг шавфқатсизи Мажид бўлган.

14.Бобомуроднинг таъкидлашича, терговчилар гўёки у, ўзининг комптютеридаги маълумотларни тиклаш бўйича экспертизада қатнашишни истамаслиги ҳақидаги қоғозни имзолашга мажбурлашган. Аслида эса у экспертизада қатнашишни рад этиши ҳақидаги қоғозни, экспертиза ўтказилганидан анча кейин имзолаган. Шундай деб аталувчи маълумотларни тиклаш бўйича бу экспертиза, унинг маълумот ташувчи жиҳозига терговчиларга керак бўлган маълумотларни ёзиш учун ўтказилганига Бобомуроднинг ишончи комил. Масалан, “Йиғим-терим” бўйича. Унинг компютерида “Йиғим-терим” файллари қаердан пайдо бўлганини Бобомурод билмайди. Бу файлларни компютер хотирасига ўзи ҳибсга олинганидан кейин ёзиб қўйилганига унинг ишончи комил. Айнан шундай ҳолатларда, бошқа ўхшаш ҳолатлардаги каби, терговчилар Тўрақулов ва Веселовлар Бобомуродга, агарда у ниманидир имзолашни истамаса, яна уйқусиз кунларни бошига солишларини айтишган. Ва шунда Бобомурод улар талаб қилган барча нарсани имзолаган. Бу таҳминан 2017 йилнинг ноябр ойларида бўлган.

15.Шунингдек, Бобомурод қандай қилиб уни адвокат Майоров билан учрашувга тайёрлашганини айтиб берди. Адвокат ролини Веселов ўйнаган. Веселов Бобомуродга адвокат бериши мумкин бўлган саволларни берган. Кейин эса Веселов ва Тимур (МХХ ходими) Бобомуродга, у ёки бу саволга қандай жавоб беришни ўргатишган. Масалан, адвокат Бобомуроднинг танасида жароҳатлар бор-йўқлигини кўриш учун устки кийимни ечишни сўраса, Веселовнинг сценарийси бўйича Бобомурод ечинишни рад қилиши керак бўлган. Аслида, барчаси шундай бўлганди ҳам.

16.Муҳаммад Солиҳ бўйича. Терговчилар, ҳамда Володя билан Ўлмас, Бобомуродни интернетда мақолалар ёзишга Муҳаммад Солиҳ мажбурлаган, деб ёзишини талаб қилишган. Ваҳолангки, Бобомурод уларга бундай бўлмаган дея таъкидлаган. Шунингдек, Бобомурод “Усмон Ҳақназаров” номи остида у 2003 йилнинг январ ойидан ёзишни бошлаганини тушунтиришига қарамай, терговчилар Тўрақулов ва Веселовлар, шунингдек Володя ва Ўлмас Бобомуродни ушбу тахаллус остида Муҳаммад Солиҳнинг талаби билан 2012 йилдан бошлаб мақолалар эълон қила бошладим, деб ёзишга мажбурлашган. Бобомуроднинг фикрича, унинг “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси оситида 2003 йилдан бошлаб ёзишни бошлаган факти, Тўрақулов ва Веселовларнинг Бобомуродни Муҳаммад Солиҳга боғлашлари учун тузган схемага мос келмас эди.

17.Яна Бобомурод шундай деб эслайди, 2017 йилнинг 29 сентябр куни уни тушунтириш хати ёздириб ва хатга 2017 йилнинг 26 сентябри деб сана ёзишга мажбурлашган, яъни уни қўлга олишларидан аввалги санани. У ушбу санани қўйишга қаршилик қилишга урунганида, уни яна уйқусизлик билан қўрқитишган.

18.МХХ камерасида ҳибсга олинганларга кундуз куни ухлашни ман қилишган. Ва 2018 йилнинг феврал ойида шундай ҳолат юз берган, Бобомурод деворга суяниб ухлаб қолган. Назаротчилар ўша заҳотиёқ уни уйғотиб, қоида бузарликни расмийлаштирмоқчи бўлишган, бу эса унинг карцерга ўтказилишига сабаб бўлар эди. У назоратчиларга, умуртқасидаги оғриқ туфайли оғриқсиз бир ҳолатда ўтиришга урунганини тушунтирган. Ҳайратланарли, лекин унга насбатан қоида бузарликни расмийлаштиришмаган. Ва бу нарса Бобомуродга нисбатан, бошқа ҳибсга олинганлар бемалол ўз камераларида ухлаётганларида қўлланган. Яъни, Бобомуродга нисбатан, уни руҳий эзишга қаратилган “махсус” муносабат бўлган.

19.Бобомурод, Тўрақулов уни гувоҳлик беришга “кўндирмоқчи” бўлганида ва Бобомурод қаршилик қилишга урунганида, Тўрақулов унга МХХнинг “Қамоққа олинган махбусларнинг камерада ушланиши ҳақида”ги Қўлланмаси муқовасини кўрсатиб, улар Бобомуродга нисбатан қўллаётган қийноқларнинг барчасига шу қўлланмага асосан рухсат берилганлигини айтган.

Мен Бобомуродга бундай бўлиши мумкин эмас, деб айтдим. Аммо аслида шу Қўлланма муқоваси билан Тўрақулов Бобомуродга нисбатан руҳий босим ўтказган. Чунки, Бобомурод ушбу Қўлланмага кўра МХХда қийноқларга ҳақиқатдан ҳам рухсат берилган деб ҳисоблайди.

20.Шу вақтгача мен прокуратурага ва (Сиз орқали) Оммавий ахборот воситаларига етказган фактларим бўйича прокурорнинг Бобомуроднинг олдига келиб ундан ушбу фактлар бўйича тушунтириш олмагани мен учун бироз кутилмаган ҳолат ва бу мени безовта қилмоқда. Мен Бобомуродга, агарда прокуратура ходими унинг олдига келса, ундан гувоҳномасини кўрсатишини талаб қилишини ва шундан сўнг менинг йўқлигимда тушунтириш беришни рад қилишини тавсия қилдим. У шундай қилишга сўз берди.

07.03.18
С.Майоров

07.03.2018 йил
Сурат Икромов                           
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқбонлар ташаббускор гуруҳи раиси

Русчадан таржима қилинди