Журналистлар судида танаффус, қийноқ даъволари экспертизага юборилди

Журналистлар судида танаффус, қийноқ даъволари экспертизага юборилди
42 views
07 March 2018 - 18:53

Ўзбекистонда конституцион тузумни ағдаришга уринишда айбланаётган журналистлар устидан бошланган суд қийноқлар бўйича тақдимномани инобатга олиб, Бобомурод Абдуллаевга нисбатан тиббий экспертиза белгиланган.

Экспертиза хулосаси чиққанидан сўнг маҳкама давом этиши кутилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари судларнинг ишлаш тартибидаги кескин ўзгаришларни эътироф этишмоқда.

Журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаётхон Насриддинов ҳамда тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар устидан биринчи суд 7-март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтди.

Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров журналистга нисбатан қийноқ қўллангани юзасидан текширув ўтказишни сўраган. Маҳкамада қатнашган ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида қийноқлар ҳақидаги тақдимнома илк бор инобатга олинганини айтишмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқуловага кўра, суд иши адолат тантана қилишига доир ижобий таассурот қолдирган.

“Янглишмасам, бугун Ўзбекистонда биринчи маротаба қонунчиликка асосланган очиқ суд мажлиси ўтказилганига гувоҳ бўлдик. Бу жуда қувончли. Биз ҳатто киритмаса керак деб чўчиб турган эдик, лекин ҳаммани киритишди, зал тўла одам. Мен судя Зафар Нурматовни маҳкамани олиб боришидан мамнун бўлдим. Судда Абдуллаевнинг адвокати Майоров ўз ҳимоясидаги журналистга нисбатан шафқациз қийноқлар кўрсатилгани, қийноқлар асорати ҳозир ҳам унинг танасида қолгани ҳақида гапирди. Судя бу ҳақдаги талабномани инобатга олди. Бобомуродга қараб, қийноқ изларини бизга кўрсата оласизми, деб сўради. Бобомурод буни тасдиқлади ва ечиниб, қийноқ изларини кўрсатди. Шундан сўнг судя Бобомуродни тиббий экспертиза ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Маҳкама эса шу экспертиза хулосалари аён бўлишидан сўнг давом этадиган бўлди”, – дейди Эшонқулова.

Суд залига айбланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев ва Чавкат Оллоёровлар олиб келинган. Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) тергов гуруҳи томонидан тайёрланган бу жиноят иши ўтган йили сентабр ойида Абдуллаевнинг ҳибс қилиниши ортидан қўзғатилган эди. Кейинчалик бу жиноий иш доирасида тадбиркорлар Салаев ва Оллоёров, октабр ойига бориб эса журналист ва блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳам МХХ томонидан ҳибс қилинди.

Малоҳат Эшонқулова қисқа танаффус пайтида Насриддинов билан бироз мулоқот қилишга ҳам улгурган.

“Ҳаётхон Насриддиновнинг онаси суд залига қўлларида кишан билан олиб кирилган ўғлини таний олмай ҳам қолди. Шунчалар озиб-тўзиб кетган. Адвокат қийноқлар ҳақида тақдимнома киритгандан кейин, суд маслаҳатга кириб кетди, шу пайтда мен Ҳаётхон Насриддиновнинг олдига бордим, ўзимни таништирдим, уларни шунча одам қўллаб-қувватлаётгани ҳақида айтдим. Ташқаридагиларга нима деган бўлардингиз, деб сўрадим. Қийинчилик билан бўлса-да, жавоб олишга ҳам улгурдим. Насриддинов ҳаммага, уларни қўллаб-қувватлаб турганларга ўз миннатдорчилигини билдирди, маҳкама давомида ўз фикрларини айтиш учун имконият бўлишига умид билдирди”, – дейди Эшонқулова.

Маҳкама ишини қачон давом этиши Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўллангани юзасидан тиббий экспертиза ўз хулосасини билдирганидан кейин бўлади.

Адвокат Сергей Майоровнинг Ўзбекистон бош прокурорига ёзган мурожаатида журналист ўз айбига иқрор бўлгунга қадар қийноққа солингани айтилган. МХХ ҳибсхонасида у калтакланган, оила аъзолари зўрланиши билан таҳдид қилинган, ухлатилмаган, очликда сақланган.

Тошкент шаҳар судида кўрилаётган бу иш ҳокимиятдаги зиддиятлардан дарак берувчи янги тафсилотлар билан бойимоқда. МХХ терговчилари Бобомурод Абдуллаевни ўша пайтдаги Бош прокурор (ҳозирда МХХ раиси) Ихтиёр Абдуллаевга, шунингдек, ҳозирги Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга қарши кўрсатма беришни талаб қилишган.

“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида мақола ёзган Бобомурод Абдуллаевнинг манбалари тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар бўлгани гумон қилинади. Бобомурод эса маълумотларни бевосита Ихтиёр Абдуллаев ва Пўлат Бобожоновлардан олгани ҳақида кўрсатма беришга мажбурланган.

Ҳаётхон Насриддиновнинг адвокати ҳам айбланувчига нисбатан қийноқ қўллангани ҳақида бош прокурорга мурожаатнома йўллаган.

Манба: amerikaovozi.com