Иккинчи даражали қаҳрамон

Иккинчи даражали қаҳрамон
75 views
15 March 2018 - 5:00

«ВАЛФАЖР» КИТОБИДАН

 

 

ИККИНЧИ ДАРАЖАЛИ ҚАҲРАМОН
(Ҳаётидан парчалар)

1
У доим ниманидир кўтариб турган бўлади,
Кўтариб келаётган
Ёки кетаётган бўлади.
Раҳмингиз келиб,
«Юкингни ерга қўй!» дейсиз,
Ерга қўяди У юкини.

Аммо яна ачинасиз унга қараб:
«Нима бало, кўйлак оғирлик қиляптими энди,
Ечиб ташла кўйлакни!» дейсиз,
Дарҳол еча бошлар итоат билан
Ечиш мумкин булган барча нарсани.

«Бор, энди уйингга, дам олгин,
Яланғоч турмагин кўчада!» дейсиз.
Лекин унинг кетаётганини кўриб,
Яна бақирасиз асабий:
«Энди нима оғирлик қиляпти сенга,
Нимани кўтариб кетяпсан яна?
Қўлингда ҳеч вақо йўқ,
Эгнингда ҳеч вақо,
Нимани кўтариб олдинг сен яна?!»

2
Эшигини тақиллатсангиз,
Гуё сизни кўриб тургандай,
Дарров очар У
Ва сўз қотар табассум билан:
«Кечирасиз, мен сиздан
Бир нарсани сўрамоқчийдим…»

Сиз Уни тингламай,
Уйига кирасиз-да,
Ўтириб оласиз
Унинг шалоқ креслосига.

Ёнинизга келиб,
«Сизни безовта қилмадимми,
Мен шунчаки…» дейди У яна.
Жавоб бермасангиз,
«Майли, бошқа сафар сўрарман», дейди.
«Хайр…» дейди сизга жилмайиб
Ва чиқиб кетади уйидан.

3
Кечиринглар мени,
Бу одам бир маймунга менгзар,
Яъни У кулганда,
Йиғлаётган бўлар шубҳасиз.

Шу боис,
Ҳеч ким Уни
Чакирмайди дафн маросимига –
Шарманда бўлишни истамас ҳеч ким.

Шу боис, Унинг собиқ дўсти
Кўриб қолса кўчада Уни
Кўрмаганга солиб ўтади,
Кўришдан чўчийди
Унинг машҳур табассумини.

Шу боис,
Хотини ташлаб кетди Уни,
Ўзга эркак билан бахтиёр бўлди.
Лекин ҳозир ҳам
Қора терга тушиб кетар бу шўрлик аёл

Кетаётган куни
Тиржайиб турганин эсласа Унинг…
Мана, у ётибди
Кимсасиз уйда,
Қоронғи хонада,
Ўзига тиржайиб ўзи.

4
Шу одам
Қўлида идиш-ла
Ҳузурингизга чиқар эрталаб,
«Қушлар қайга кетди?» деб сўрар сиздан.
Шунда жеркиб берманг Уни,
Истеҳзо аралаш,
«Қаҳратонда қуш нима қилади» деманг.

Яхшиси жилмайинг,
Унга тақлид қилинг бир лаҳза –
Мулойим жавоб беринг,
«Қушлар ҳозир келади,
Даров қайтиб келади!», деб алданг.

Лекин зинҳор шоирона қилиб,
«Қушлар сув ичгани кетди», деманг.

Чунки Унинг қўлидаги чаноқда
Лиммо-лим сув турган бўлади
Қушларга аталган,
М у з л а б қ о л г а н с у в…

5
“Биласизми, – дейди У сизга тикилиб, –
Нечун «Эрк» деганда,
Қушнинг номин боғлаб айтарлар,
«Қушдай эркинман», деб айтарлар нега?

Чунки ҳақоратдан устун турар қуш –
Ўта оғзи шалоқ кимса ҳам,
Ўзини сўкади қушни сўкканда.

Чунки қуш бировдан гина қилмайди,
Хафа булмас дон бермасалар,
Лекин таъзим қилмас дон берганга ҳам,

Чунки ким дон берса,
Ўзи учун берар қушга берганда.

Қушни «ҳуркак» дерлар,
Бу – ёлғон.
Қуш доим ҳуркканда,
Ташлаб кетаётган булади холос
Навбатдаги Эрксизлигини…

6
Учгиси келган одам эса,
Кўкка қарамасин илож борича…
Бари бир мен
Қанотлар шарпасин сезаман ҳар кун.
Юзимга тегади бу шарпа,
Кўксим,
Кўзларимга тегади,
Отиб туширилган қушнинг шарпаси.

Отиб туширилган қушнинг шарпаси
Oлманинг ҳидига ухшайди,
Еб қўйилган олма ҳидига…»

7
«Дўстларим ўлган» деб айтмаслик учун,
Сизни қийнамаслик учун,
Камтарлик қилиб,

«Ўлганларнинг дўстиман», дер У.
«Мен кузни севаман», дейишдан чўчиб,
Кўнглингизга қаттиқ ботмаслик учун,
«Мен қари баҳорни севаман», дейди.

«Ичмайман», дейишдан уялганданми,
Ўзини оқлабми,
Сизни ёқлабми,
«Мен — синган қадаҳлар соқийсиман», дер.

Синиқ чеҳраларнинг куйчиси,
Яқинлашаётган эмас,
Тобора узoқлашаётган байрамларнинг
Кариндоши У…

8
Энг баланд қояда
Баҳайбат қуш мисол
Оғир тумшуғини патлари орасига тиқиб,
Ухлаб ётар Унинг нафрати.

Онаси кимлигин билмайди бу қуш,
Билмайди отаси ким эканини.
Вақт ўтган сари катталашaр у ,
Катталашган сайин
Қаттиқроқ ухлар.

1980

(158)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (98-саҳифа.)

(давоми бор)