Бутун турклар бир муддат бир тан

Бутун турклар бир муддат бир тан
83 views
15 March 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(41-қисм)

Ўн олтинчи қисм

Бутун миллат бўлди хабардор,
Каъба кўкдан ингани замон.
Турклар қалби урарди бедор,
Ҳажга бошин эгкандан буён.

Бутун турклар бир муддат бир тан
бўлиб, яна ажралганди сўнг.
Бир ҳис туйди қалблар дафъатан,
Бирдамликдан диллар тоғдай чўнг.

Ўғуз руҳи тирилди қайта,
Мудраб ётган ҳар битта қалбда.
Тиллар булбул исмини айта,
Юксакларга чорлади олдда.

Турк кўзи зор Мирзоқалъага,
Ёприлдилар дарёдек иниб.
Қулоқ тутди ҳамма қиссага,
Оқсоқолга боғланиб тиниб.

Мирзоқалъада ўтирган чол,
Орифларга улади руҳин.
Кулди бугун туркларга иқбол,
Ушлаганда Ўғузнинг туғин.

Чол нимани айтса агарда,
Қайтарарди оқиллар такрор.
Масофа йўқолди ўртада,
Руҳиятдан ёғилар барор.

Юраклари тошган ўғлонлар
отга миниб солдилар қамчи.
Тўлғонарди тоғлар ва чўллар,
Ўғузхоннинг тиғин кўрмоқчи.

Тўп-тўп бўлиб туркнинг алплари,
Қоракўлга бурдилар йўлни.
Бургутдайин учар қалблари,
Кечиб борар дарёни, кўлни.

Босиб келардилар нақ қуюн –
Тоғу тошни қилмасдан писанд.
Ингранади, чўлларга қийин,
Зарбалардан беллари каманд.

Ер титратар отлар дупури,
Бор элларга солиб ваҳима.
Асов тўлқин борар гупуриб,
Тўхтатолмас уни ҳеч нима.

Жониворлар қочиб тўрт томон,
Бош урарга топмади тинч жой.
Қолмаганди заминда макон,
Силкинарди осмонда кун, ой.

Ер юзининг нари нуқтаси,
Бу томонга берар солдарам.
Бор элларнинг оғганди эси,
Англолмасдан сабабин ҳеч ҳам.

Ҳар тарафдан қалъага қараб,
Сиқиб келар олтин бир ҳалқа.
Туйғулари қалбларни тараб,
Очган эди қиличга йўлка.

Жаҳон ютиб ичига дамин,
Азм этарди қилмоққа ҳазм.
Шоқолларнинг юрагида кин,
Бир чеккада кузатарди жим.

Авазниёз шу дамда карахт,
Кўнгли эди боши берк кўча.
Гаранг қилиб қўйган эди бахт,
Кундузини айлабон кеча.

Келмас эди тайинли фикр,
Чора излаб хум эди боши.
Гўё музлаб қолганди шуур,
Амалсизлик эди йўлдоши.

Қорабайир тизгинсиз шамол,
Тиғ кифтига мингани маҳал.
Қуёш ожиз кўрсатди жамол,
Ўйнашганда жон билан ажал.

***

Чўллар яна ғуборсиз, тиниқ,
Кўтарилиб устидан парда.
Табиатда шод бир хўрсиниқ,
Боғ ифори ўйнар елларда.

Кайфияти кунга ҳамоҳанг,
Мерганнинг ҳам очилди кўнгли.
Юрагини чертди бир оҳанг,
Осмон каби нурланди онги.

Миясига келди зўр хаёл,
Мийиғида кулди яширин.
У таваккал қилмоқчи, алҳол,
Топган эди қутулмоқ йўлин.

От жиловин ушлаб қаттиқроқ,
Ўгирилди ортга ушбу дам.
Келар алплар ов овлаб қувноқ,
Барханларни кечиб дам-бадам.

Аввалгига нисбатан ҳозир
яқин эди ҳар икки ора.
Мерган кўнгли бўлди беҳузур,
Юрагини босиб бир қора.

Ўзи тузган режасидан он
чекинмоқни ўйламас ҳеч-да.
Унинг қасди тиғи Ўғузхон,
Ўлса,  қолса… эрта-да-кеч-да…

Барханларга қараб солди от,
Йўлни буриб ўнг қанот сари.
Ботирлар ҳам чиқариб қанот
от қўйдилар шамол сарсари.

Мерганнинг қув ниятини от
пайқаганди аллақачонлар.
Таҳликага тайёр эди ит,
Ҳис қиларди бир бўлиб жонлар.

Қорабайр чиқиб барханга,
Пастга тушиб борарди равон.
Галдир отин олди панага,
Этмоқ учун сирни намоён.

Кўз юмилиб очилгунча то,
У қилични ечди белидан.
Милтиғин ҳам олди у шартта,
Бир ҳамлада юлиб кифтидан.

Ўзи ўтиб орқага шу дам –
тиғ, милтиқни боғлади айри,
уч-учига чандилаб маҳкам,
сезмай қолди бегона, ғайри.

Қилич билан милтиғи туйғун,
Бир-бирига қовушди бир жон.
Тўн кийгизиб айлади уйғун,
Папох қўйди бошига шу он.

Ўзи отнинг устидан сакраб,
Тушиб қолди билдирмасдан шарт.
Кириб кетди қумларни кавлаб,
Илон каби судралиб у мард.

Юзта ботир бамисли арслон,
чиқди босиб бархан устига.
Қорабайир олисда жавлон
уриб чопар йўлнинг қасдида.

Ҳайрон қолди шунда ўғлонлар,
Тезлигини кўриб тулпорнинг.
Ора очилганди бир қадар,
Тобин олган эди от йўлнинг.

Авазниёз эгарда ихчам
ўтирарди қамчидай ҳали.
Ботирларнинг кўзига Ҳотам
кўрингандай, галдир мисоли.

Кўктарлон ҳам олибон мўлжал,
Қолмас эди Қорабайирдан.
Ҳайратланди ботирлар хиёл,
Қараб туриб отнинг изидан.

Бироқ шубҳа қилмадилар ҳеч,
Тулпор кўкка урмасин талвос.
Унинг илдамлаганлари пуч,
Қутулмоққа йўқ  дея асос.

Отлар кўчди бархандан қуюн,
Тоғдан тушган қоядай босиб.
Тепаликлар қисдилар бўйин,
Ястандилар қорлардай эриб.

Узоқларни илғаган кўзлар
син солмади яқинига тоб.
Босган ерин ўйиб туёқлар,
Олдинларди кўргизиб шитоб.

Қум остида ётган мерганнинг
тепасидан кечганда уюр –
қудратини сезди у ернинг,
тарозига айланди шуур.

Танасининг ҳар нуқтасига
теккандайин бўлди минг гурзи.
Чангал солди ер қопқасига,
Буни ҳеч ким қилмасди орзу.

Юзта отнинг тўрт юз туёғи
қирқ минг отга бўлди тенгма-тенг.
Таранг эди мерган сиёғи,
Бу балога тополмади енг.

Вақтга йўйса, бир лаҳза муддат –
соатлардай чўзилди узун.
Бор дунёни босганди офат
назарида мерганнинг шу кун.

Эшитди ер тортганин нолиш,
Қирқ ботирнинг инграганин ҳам.
Тошдан қаттиқ бўлди қум болиш,
Тишни тишга босди у маҳкам.

Отлар ўтиб кетди охири,
Тоғлар каби залворли, заранг.
Қулоғида заминнинг зори,
Авазниёз чидади аранг.

Турклар залворини бу замин
Кўтарганин кўриб у қойил.
Дош беролмас юлдузлар ҳамин,
Метин бўлса, белида айил!

(Давоми бор)