Суд-тиббий экспертиза МХХ ҳибсхонасида Бобомурод Абдуллаев қийноққа солинганини тасдиқлади

Суд-тиббий экспертиза МХХ ҳибсхонасида Бобомурод Абдуллаев қийноққа солинганини тасдиқлади
34 views
15 March 2018 - 13:48

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, журналист Бобомурод Абдуллаевга Гвардейскийдаги МХХ ҳибсхонасида қийноқ қўлланилганини суд томонидан тайинланган экспертиза тасдиқлаган. 15 март куни журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насриддинов ҳамда икки тадбиркор Равшан Салаев ҳамда Шавкатжон Оллоёровлар устидан маҳкама давом этади.

Би-би-сига маълум бўлишича, 7 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судьяси Зафар Нурматов белгилагана суд-тиббий экспертизаси журналист Бобомурод Абдуллаевга МХХ ҳибсхонасида тан жароҳати етказилганлигини тасдиқлаган.

Кузатувчилар бу каби ҳолат мустақил Ўзбекистон суд тизимида шов-шувли маҳкама ишида илк бор кузатилаётганини айтишмоқда.

Би-би-си манбасининг айтишича, экспертиза журналистнинг баданига қаттиқ нарса билан урилганини ва буйракларига зарар етганини тасдиқлаган.

3 март куни журналист билан тезкор ходимлар иштирокисиз учрашган адвокат Сергей Майоров ҳибсхонада Бобомурод Абдуллаевга қийноқлар қўлланилгани ҳақида батафсил маълумотга эга бўлганди.

Адвокатнинг айтишича, Бобомурод Абдуллаев билан учрашилган хонада бегона шахслар бўлмаган, фақат учрашув видео камераларда ёзиб олиб турилган.

Сергей Майоров ҳимоясидаги журналист камералар қаршисида эркин гапира олмаслиги мумкинлиги учун айрим саволларга ёзма равишда жавоб беришни таклиф қилади.

Ёзилган қоғозлар кейин майдалаб йиртиб ташланган, йиртилган қоғозларни МХХ оператив ходимлари йиғиштириб олиб кетган.

Бобомурод Абдуллаев уни 2017 йил 27 сентябр куни ўғирлаб кетишганини айтган.

“Уни бир метр узунликдаги пластик труба билан калтаклашган. Чап қўли ва оёқларига уришган. Энг қийин қийноқ унга 6 сутка уйқу беришмаганда бўлган. 6 кечаю 6 кундуз ўтиришга ва ётишга изн беришмаган. Учинчи қийноқ уни компьютер сими билан елкаси ва бошига уришганда бўлган. Бу симни улар “эслатма” деб аташган”, деб ёзади Сергей Майоров.

Бобомурод Абдуллаев улар талаб қилган нарсани ёзишдан бош тортганда ана шу сим билан уришни бошлашган.

Журналистни бир кишилик камерага деярли яланғоч қилиб қамаб қўйишган. Бу кунлар давомида унга уйқу беришмаган, ўтиришга ва ётишга қўйишмаган.

Адвокатнинг Бобомурод Абдуллаевга таяниб айтишича, бу хона ҳаётига қасд қилмоқчи бўлганлар учун махсус ажратилган бўлган.

Журналист ўзини ўлдиришга ҳаракат қилмаганини ва бундай нияти ҳам йўқлигини айтган. У агар МХХ қўлидан ўлиги чиқиб ўз жонига қасд қилди, деган хабар тарқатишса ишонмасликларини сўраган.

Адвокатнинг айтишича, Бобомурод Абдуллаевнинг чап қўлида қийноқ излари ҳамон сақланиб қолган.

У адвокат Майоровдан воз кечиш ғояси терговчиларга тегишли бўлганини, акс ҳолда қийноқларда яна қайтадан бошлашни айтиб таҳдид қилганини айтган.

Психологик томондан ҳам қийноқлар бўлган.

Журналистга Россияда ўқиётган қизини зўрлашларини ва Тошкентдаги фарзандларини ўлдиришларини айтиб таҳдид қилишган. Хотинини ҳам қамоққа тиқишларини айтишган.

Адвокатнинг маълум қилишича, қийноқлар 5 ноябр куни журналист ундан талаб қилинган барча ҳужжатларга имзо чекканидан сўнг тўхтаган. Уни терговчилар дўппослашмаган, бунинг учун МХХ ҳибсхонасида бошқа одамлар борлиги айтилмоқда.

ЎХҲ хабаралр бўлими