Ёмон воқеалар

Ёмон воқеалар
58 views
17 March 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

15-ҚИСМ

Cалим уч кун сўнгра Мортига келган ширкатдаги шериги Зиёга янги лойиҳа ҳақида сўз очганди, Зиё:

–Мен ҳаёлларга пул сарф қилмайман, Салим, — деди ва чиқиб кетди.

Салим ҳам Америкага боришга қарор қилганди, лекин йилларча бирга ишлаган ўртоғи ўпкалаб кетгани унинг руҳини тушириб юборди. Ишда ўн йил бирга бўлса, улкудошликда йигирма йил бирга эди у билан. 1970 йиллардаги ҳаёт-момот мужодоласида қанча таҳликадан бирга ўтишганди. Кейин Зиё МХП раҳбариятига кирганди, сўнгра 12 сентябр 1980 йил ихтилолида зиндонга ташланганди. У зиндонда экан, Салим унинг оиласига ёрдам бериб турди. Зиё қамоқдан чиққанида Mаxмат хўжа ҳам кўришга келганди.

Кейин иш ҳаёти бошланди. Ширкатда Салим билан ўртоқ бўлишди. Зиёнинг уддабуронлиги натижасида ширкат кучланди. Зиё ҳокимиятдаги партия билан яқин алоқа қурди. Салимнинг бунга виждони йўл бермади. Салим улкучилар лидери Бошбуг (Туркаш)нинг саломини ҳам олмаган ҳукумат бошлиғига яқин бўлишни ичига сингдира олмади. Лекин ҳар бир одам ўз йўлини ўзи танлайди, деб ўйлади Салим. Зиёнинг сиёсий таржиxи унинг иши, бу ширкатдаги ўртоқликка халал бермаслиги лозим эди. Барибир, Салим эски дўстининг ўзидан узоқлашганини ҳис этар эди. Айниқса, кейинги ойларди. Мана энди, “Ҳаёл”ни баxона этиб, муносабатларни тамоман узишга ҳаракат қилаяпти.

Балки, жаҳли совугандан кейин Зиё фикридан қайтар?, — деб ўйлади Салим. Америкага ҳозирча бормайдиган бўлди, қолганлар кетадиган бўлишди.

Салим ўз ўртоғи Зиёдан хабар кутишга қарор қилди, агар келмаса, ўзим бораман, деб ўйлади. Бу келишмовчилик ҳақида ҳеч кимга гапирмади. Фақат Ойдон хонимга муҳим иш чиққанини айтди.

***

Али Моҳир дунё кўрган сайёҳ бўлса ҳам, Америка уни ҳайратга солди. Ойдон Ори уларни тўғридан-тўғри “Диснейворлд”га олиб бормади. Аввалига Америка ҳақда умумий тасаввурга эга бўлсинлар деб, Нъю-Йоркда бир машинани кирага олди ва уч киши Американинг жанубига қараб йўлга тушишди. Америка “чет эллардан” фақат Совет ўлкаларидан бир нечтасини кўрган Ўғузни ҳайрон қолдирди.

–Америка демак, автомобил йўллари демак, — деди бир неча кун сўнгра Ўғуз, — мен бу қадар узун ва кенг йўлларни ҳеч тасаввур қилолмасдим. Бу кўприк йўллар, шаҳарга киришда уст-устга қурилган кўприк йўллар! Ойдон хоним, яна буларнинг қайси биридан кетиш кераклигини қандай билаяпсиз?, — деди у.

–Эртага рулга сен ўтирасан, Ўғуз, — деди Ойдон хоним, — аввалига бу ерда машина ҳайдаш қийин кўринади, аммо қоидаларга амал қилсанг, машина ҳайдаш бу ерда завқдир.

–Яна 35 сент тайёрлашимиз керак, — деди Али Моҳир, — яхшиям, пул майдалаб олган эканмиз.

–Бу йўллардан кўп ўтганман Али бей, — деди Ойдонхоним, — бу йўлларнинг ягона хавфли жойи, бу рулда кетаётиб ухлаб қолмоқ. Орқадаги машина билан бизнинг орамиздаги масофани кўраяпсизми? Юз метрдан кўп. Ундан ҳам яқинроқ келмайди. Ўзиб ўтмоқчи бўлса 100 метр нарида бошқа линияга ўтиши керак. Бундай ҳолатда одамларнинг мудраб кетиши хавфи доим мавжуд. Энди секинлашишимиз керак… Мен баскетбол ўйнаганим учун тангани нишонга аник ташлайман!…

Ойдонхоним сэпедга 35 сентни ташлагандан сўнг, электороник шлагбаум кўтaрилиб, машинага йўл берди.

–Балки, ҳайдовчилар ухлаб қолмасин деб, пулли ўтиш ускуналари қурилгандир, — деди Ўғуз.

–Эҳтимол, — деди Ойдон хоним ва газга босди.

Вашнгтон ДиСи гўзал шаҳар эди. Музейга ўхшарди. Бир бўлимида инсоният тарихи, иккинчисида Америка тарихи, учинчисида Американинг келажаги. Линколн, Жефферсон… Америка тарихининг буюк сиймоларига атаб муҳташам ёдгорликлар тиклашганди. Капитол, Оқ сарой ва унинг атрофи ҳам тарих, ҳам бугунги кун эди. Орлингтон миллий қабристони одамнинг юрагини титратарди.

Машинани Ўғуз ҳайдай бошлади.

Арзон, аммо тоза отелларда икки кеча қўноқлагандан кейин Диснейворлд жойлашган Орландо шаҳрига етиб келишди. Бу шаҳар ҳам йўлда кўрган шаҳарларга ўхшарди. Бизнесмарказларга оид осмонўпар бинолар.

Узоқ айланмасдан, кичик ва саранжом мотелга жойлашдилар. Бир оздан сўнгра меҳмонхонанинг шаффоф сувларга тўлдирилган кенг ҳовузида чўмилишди. Ўғуз сувдан эртароқ чиқиб, хонасига кирди, ётоғига узанди. Унинг ҳаёллари бошқа ерда эди.

Ўғуз бу ердан узоқларни ҳаёл қиларди. Хазор денгизи соҳилидаги сокин кечани эсларди. Ой ёруғида яшил кўзларнинг фусунини хотирлар эди. Гулнор бутун самимияти билан Ўзбекистонда чеккан азобларини тушунтирарди. Ана шу онларда Ўғуз Гулнорга ўзини жуда яқин ҳис этганди. У кеча сочлари орасида ўйнаган шабада Ўғузга унинг ошиқ бўлганини шивирлаганди. Ёки оқ кўпик буни сўйлаганмиди? У кеча Гулнор унинг қўлларига қўлини теккизганди, аммо юрагини Қозон ўрмонларида очганди Ўғузга. Ғира-шира ўрмон ичига ғарк бўлишганди иккови. Ўғуз ўрмонгами, ғира-шираликками ёки Гулноргами шундай деб шивирлаганди:

–Яшил менинг қисматим: яшил денгиз, яшил ўрмон, яшил кўзлар…

Кейин Гулнорнинг қўлини сиқиб:

–Кўзларингни мендан асло айирма!, — деди Ўғуз.

Бу он Сарандибга тушган Одамнинг ҳаво энани топган они эди. Балки, у онда турк афсоналаридаги каби ёғоч кобиғидан Ўғузхон қаршисига бир қиз чиққандир…

Ойдон эшикни тақиллатди:

–Бу ерга ухлашга келдингми, Ўғуз, — деди у, — тезроқ кийин, атрофни бир айланайлик.

–Ҳозир чиқаман Ойдон, ҳозир! — деди Ўғуз.

Учта янги дўст машинага миниб атрофни айланишди. Кейин сокин бир ресторанда емак едилар. “Диснейворлд”га эртага боришмоқчи эди, аммо буни Ойдон хоним дўстларига айтмади.

***

Гулнорни Tошкентда ёмон воқеалар кутиб турарди.

Mаxмат Маъруф ва дўстлари қамалгандилар. Бу хабарни етказган одам Гулнорни ҳам уйига келиб излашганини айтди. Ёмон воқеалар 1993 йилнинг январида бошланиб, апрел ойида Aнвар Mуроднинг юрт ташқарисига кетиши билан тугалланганди.

Гулнор воқеалар юкини енгиллатиш учун Қозонга ва Tуркияга кетганди. Аммо қатоғон жараёни давом этаверди. Aнвар Mурод Ўзбекистондан чиқиб кетгандан кейин Маxмад Mаъруф ҳибсга олинганди. Aнвар Mурод бир иложини қилиб Туркияга келганди, Mаxмат Маъруф учун бу мумкин бўлмади. Гулнорни ҳам ахтараётган эдилар.

Гулнор Ўғузга xеч нарса айтмади. Нима бўлса ҳам Ўзбекистонга қайтиб, ўлкаси учун меҳнат қилишга бел боғлаганди.

Гулнор бошида ғалати оғирлик ҳис этди, ётоққа узанди.

Ўғуз узоқда эди. Ҳур ва бой ўлкада, дунё гўзали бир хоним билан айланиб юрарди. Кошки, Гулнор ҳам улар билан кетсайди… Mаxмат Маъруф севимли ва серҳаяжон ёзувчи эди. Оқшом дастурхонларида Турк бирлиги учун қадаҳ кўтаришни таклиф этарди. Сўнгги кунларда атрофида тузоқ чамбари торайганига қарамай, у турк бирлиги учун қадаҳ кўтаришга давом этганди. Қизиқ, турмада ҳам турк бирлиги ҳақида гапираётганмикин?… Ойдон Ори нақадар гўзал хотин эди! Оппоқ бадани, узун киприклари, овал юзи ва дуркун қомати билан Афродита каби денгиз кўпигидан яратилгандай эди. Ойдон айни пайтда истеъдодли меъмор эди. Ҳам гўзал, ҳам истеъдодли ва ақлли хотин. Нечун бу хотинга илиниб қолдим, деб ўйлади Гулнор… Қуёш энди бу ерни тарк этиб, Ўғуз ва Ойдон кетган мамлакатга йўл олганди. Йўқ, аввал у Туркияга нур сочажак эди. Балки, Aнвар Mуроднинг деразасига урар ўз нурларини. Дарвоқе, нега Туркияда Aнвар Mуродга учрамадим, деб ўзидан сўради Гулнор. Бу вафосизлик эмасми? Бир неча ойдир ватанидан айри тушган Aнвар Mурод албатта Гулнордан Ўзбекистон ҳақида баъзи хабарлар олишни истаган бўларди. Нима бўлса ўша “Америка саёҳати”дан бўлди. Гулнор Мармарисдан қайтиб келаётганда Aнвар Mуродга учрашни ўйлаган эди, аммо Ўғуз “сени кузатмасдан кетмайман”, деди ва, мана, кузатди, ўзи Америкага кетди, Aнвар Mурод Туркияда қолди.

Эшикни қаттиқ тақиллатишди.

Гулнор эшикни очар-очмас, ичкарига Қорлиғашов отилиб кирди. Гулнор ғайриихтиёрий бир ҳаракат-ла орқага чекинди.

–Қандайсиз энди, ўртоқ Кунбоева?, — деди Қорлиғашев.

–Ўртоқ-мўртоқ йўқ энди жаноб Қорлиғашев, мен яхшиман, сиз ҳам яхшига ўхшайсиз, — деди Гулнор.

–Бўпти ундай бўлса. Ишимизни давом эттиришимиз мумкин. Туркиядан бизга нима хабарлар олиб келдингиз? — деди Қорлиғашев.

–Бу ишларни унутдик деб ўйлагандим. Сиз ўзгармабсиз. Сизга, жаноб эмас, ўртоқ дейишим керак, ўртоқ Қорлиғашев, — деди Гулнор.

–Сизлар ҳамма нарса бирдан ўзгариб, бизнинг эътиборимиз қолмайди деб ўйладингиз, шундайми?, — деди захарханда билан Қорлиғашев.

–Бугун ўзгармаган бўлса ҳам, эртага мутлақо ўзгаради, сизнинг давронингиз ҳам узоқ давом этади деб ўйламайман. Энди рухсат этинг, мен озгина дам олмоқчиман, — деди Гулнор.

–Саволларимга жавоб бермасдан бунинг иложи йўқ, — деди Қорлиғашев.
Қорлиғашевнинг овози юмшаганди.

–Сиз билан шартнома тузганимиз йўқ, — деди Гулнор.

–Гулнор. Сизни эски кунларимиз ҳурмати қўллаяпман. Акс ҳолда бу саволларни идорада берардим сизга. Шундай экан, мени ҳам, ўзингизни ҳам ёмон аҳволга қўйманг.

–Нима саволингиз бор?, — деди Гулнор.

–Aнвар Mурод нима қилаяпти?

–Aнвар Mуродни кўрмадим.

–Туркияда эканини билардингиз, шундайми?

–Ҳа, билардим, лекин уни кўрмадим.

–Бунга ишонади деб ўйлаяпсизми?

–Ишонинг, ўртоқ Қорлиғашев. Мен унга вафосиз бўлганим учун телефон қилмадим.

–Туркияда ким билан бирга эдингиз?

–Ўғуз Думон билан.

–Ўша ёш олим… ҳали ҳам кўришаяпсиз у билан. Демак, анави сариқ тўнғизни ҳам кўргандирсиз?

–Сариқ тўнғиз ким?

–Турғут Денизни унутдингизми?

–Йўқ унутмадим. Фақат уни кўрмадим.

–Тушунарли. Кўзингизга қараб юринг. Гоҳ-гоҳ сиздан информация сўраймиз, бунга тайёр бўлинг. Ювош бўлинг. Акс ҳолда ўзингизга қийин бўлади…

Қорлиғашев чиқди.

Гулнор ўзини ёстиққа отди.

Ҳа, йўл узун эди, ҳали жуда узун эди. Москванинг ўлаксахўр қарғалари ҳали ҳам бу ерда ўз ҳукмларини ўтказаётганди. Демак, ҳур ва демократик жамиятга айланиш дарров бўлмас экан. Гулнорнинг энг яқин кўмакчиси Aнвар Mурод юрт ташқарисида, дўстлари турмада. Турмага тушмаган дўстлари билан бемалол гаплашолмасди. Улардан баъзилари ўлкада ҳукмдор режим талабига мос қадам ташлай бошлагандилар. Тўғриси, улар шунчалик ҳуррият бизга кифоя деб билишарди… Қозондаги ўрмонда абадий қолсалар яхши бўлмасмиди, Ўғуз билан?.. Узун коронғуликка осилиб қолди Гулнорнинг кўзлари ва ёноқларидан иссик томчиларнинг юмалай бошлаганини ҳис этди.

(давоми бор)