Бу дунёда қолган нарса – пуч

Бу дунёда қолган нарса – пуч
63 views
17 March 2018 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ЎҒУЗХОННИНГ ҚИЛИЧИ
(Тоштурма. 498 – 496-камераларда битилган достон)

(43-қисм)

Ўн саккизинчи қисм

Кунботарга инганда қуёш,
Хира эди нури, сиёғи.
Мерган бўлиб аввалда оташ,
Кейин хазон бўлганди боғи.

Инграганда галдир жонфидо,
Ер қаърини тутганди наъра.
Берар эди олам акс садо,
Илдизлар ҳам пора ва пора.

Отамиздан Фироғий қадар,
Ёфасдан то Андалипгача,
Дурди, Нафас, Залилий падар,
Сейдидан то Ғойибийгача!

Барчасининг боши Алишер,
Огаҳий қош, Лутфий бир дилбар.
Саноғи йўқ яна неча эр,
“Турким” дея гўрда қон қусар…

Чақмоқ чақди қақшатиб, ёмон,
Туриб кетди чириганлар ҳам.
Онабўри тўлғониб шу он,
Панжа урди тупроққа маҳкам.

Ерни кавлаб чиқди юзага,
Ер муз эди, усти қалин қор.
У ўзини этди овоза,
Ҳаво тоза эди, беғубор.

Титраб кетди ўрмонлар магар,
Дарёларнинг синди муз тоғи.
Жониворлар ҳар ёнга қочар,
Ваҳиманинг йўқдир адоғи.

Олёзқорми ёки Сахий ер,
Бу жойлар қай ‒ Бойкўлми, Тўра,
Онасойми ё Оймакон дер,
Камчетгами, Ойбулоқ, зора?!

Бўри билди, мулки Ўғузхон,
Туроннинг бир шимол чеккаси.
У юзланди жанубга томон,
Ерга тегмас эди ўкчаси.

Шамол бўлиб Онабўри боз,
Ўрмонлардан ўтди силкитиб.
Тирноқлари қорни қилиб туз,
Ўлкаларни кечди чангитиб.

Тоғу тошлар беролмади чўт,
Кўкбўрига келганида дуч.
Оёғининг теккан жойи – ўт,
Тирноқлари олмосдайин қурч.

Тўхтаб йўл берарди дарёлар,
Кўкбўрини кўрганда музлаб.
Йўл берарди тоғлар, саҳролар
Бўри елар онадай бўзлаб.

Совуқ ўлкаларни қолдириб,
Ўқдай елди манзили сари.
Тирноқлари музларни тилиб,
Қумликларга етди сафари.

Боласини кўрган онадай,
Қулочини керди Қизилқум.
Бўтолоғи ўлган биядай,
Ичикканди унга Қорақум.

Кун ботарга оғганда қуёш,
Турди мерган устида Бўри.
Кўзларидан қумга оқди ёш,
Бўғизига қадалди зори.

Панжасида қумни авайлаб,
Онабўри кавлади майин.
“Уф” тортарди ичидан йиғлаб,
Қотган қонни кўргани сайин.

Қумли тупроқ қонга аралаш,
Музлаб қолган эди гўё тош.
Бутун қумлоқ эди қонталаш,
Авазниёз ётар… мурда, лош.

Қулоч кериб ерда юз тубан,
Барисига энди беписанд.
Нишона йўқ эди жонидан,
Бутун гавда от изига банд.

Либослари тўғралган вайрон,
Танасига ёпишганди барг.
Тирикликдан йўқ эди нишон,
Авазниёз бўлган эди марг.

Онабўри ағдариб уни,
Юзларининг ялади қонин.
Муздай эди, йўқ эди жони,
Кўкрагига босди кўкрагин.

Соқолида қотган қонли лой,
Авазниёз қуриган ёғоч.
Булутларни йиртиб чиқди ой,
Чўл совуқдан титрар, яланғоч.

Онабўри иссиқ кўксини
Авазниёз кўксига босиб
ялайверди йиғлаб юзини,
Лаҳзаларда чўпдайин озиб.

Ўлмаслиги шарт эди мерган,
Тугатмасдан бошлаган ишни…
Лек бош кўтармасди у ердан,
Унутганди барча ташвишни.

Оллоҳ қарорида муқаррар,
Ўзи билар, дунё тўлиқ сир.
Бўри инграб онадай йиғлар,
Яратганнинг айтгани бордир.

Тонг оқариб келарди шарқдан,
Уйғонгандай бир отиб пинак.
Авазниёз лаб очди бирдан,
Тортган каби уйқудан сергак.

Онабўри “ув” солди шодон,
Қалқиб кетди юлдузлар дўлдай.
Кўкбўрини таниди мерган,
Фарёд чиқди бўғзидан ўқдай.

Қоракўлга юз бурди Бўри,
Мингин, дегандайин, ястаниб.
Дов мерганнинг етмади зўри,
Қўлларини чўзди ўртаниб.

Пайдо бўлди икки фаришта
ва мерганни кўтардилар даст,
Кўкбўрига ортиб саришта
Қоматини айладилар рост.

Йўлга тушди Онабўри боз,
Барханларга уриб панжасин.
Кўкрак кериб борар эди ғоз,
Елкасида олиб ўлжасин.

Пастликлардан ўтарди сакраб,
Тўқайларни аждардай ёриб.
Авазниёз борарди яйраб,
Тўкилса ҳам букчайиб ҳориб.

Танасида йўқ эди мадор,
Қайтадан жон бахш этди Эгам.
Демак, ҳали унинг иши бор,
Бўлмоғи шарт у ҳали бардам.

Яратганга аён бариси –
Мерган ўзин қийнамасди ҳеч.
Унинг қилич эди орзуси,
Бу дунёда қолган нарса – пуч.

(Давоми бор)