Суд-тиббий экспертиза: “Бобомурод Абдуллаев қийноққа солинмаган”

Суд-тиббий экспертиза: “Бобомурод Абдуллаев қийноққа солинмаган”
59 views
15 March 2018 - 17:46

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Конституциявий тузумга тажовузда айбланаётган Бобомурод Абдуллаев ва яна уч шахс устидан устидан маҳкамада суд-тиббий экспертиза журналист МХХ ҳисбхонасида қийноққа солинмагани ҳақидаги хулосани тақдим этган.

Пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 15 да бошлаган маҳкаманинг иккинчи мажлисида ҳакам Зафар Нурматов рус тилидаги суд-тиббий экспертиза хулосасини ўқиб эшиттирган.

Суд мажлисини кузатган журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, маҳкама бошдан-охиригача рус тилида олиб борилган.

Эшонқулованинг суд-тиббий экспертизаси хулосасидан иқтибос келтиришича, экспертиза Бобомурод Абдуллаевнинг “танасида жароҳат излари йўқлиги”, унинг “астрохондеоз ва ёш туфайли пайдо бўлган касалликлари” борлигини айтган.

Шундан сўнг 98 бетдан иборат айблов хулосаси ўқиб берилган.

Ҳакам Нурматов айблов хулосаси катта бўлгани учун унинг фақат “айблов қисми”ни ўқишини айтган.

“Айблов қисмининг ўзи ярим соат ўқилди”, – дейди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг сўзларига кўра, айблов хулосаси мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари “Муҳаммад Солиҳнинг номи билан бошланиб, яна унинг номи билан тугаган”.

Журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насреддинов ҳамда тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкатжон Оллоёровлар Муҳаммад Солиҳ бошчилигида Ўзбекистонда рангли инқилоб қилиш йўли билан қонуний ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланган.

Малоҳат Эшонқулова айблов хулосасидаги даъволарни “куракда турмайдиган айблар” деб атади.

Қийноқлар

Айблов хулосаси ортидан сўз берилган журналист Бобомурод Абдуллаев айбларга “мутлақо иқрор эмаслиги”ни айтган.

У яна ўзининг шафқатсиз қийноқлар ва ноинсоний муомалага тутилганини урғулаган.

Малоҳат Эшонқулованинг Бобомурод Абдуллаевнинг суддаги нутқидан иқтибос келтиришич, журналист 27 сентябр куни Нексия автомашинасидаги “сариқ шапка кийган” шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини айтган.

Бобомурод Абдуллаев ўзини ўғирлаган шахсларни “барзангилар” деб атаган.

“Сариқ кепка кийган барзангилар йўлда ушлаб, Нексияга ўтқазиб, бошимни ерга босишди, катта йўлга чиққанда қора қоп кийгизишди”,- деб айтган Бобомурод Абдуллаев маҳкамада.

Унинг сўзларига кўра, ушланганидан 15 дақиқа сўнг журналистни “бешга беш” кенгликдаги номаълум ертўлага олиб боришган.

“Ертўланинг девор ва шифтларига темир халқалар қоқилганди”, – деган журналист.

Малоҳат Эшонқулованинг иқтибос қилишча, Бобомурод Абдуллаевни қўлидаги кишан билан деворнинг юқори қисмидаги халқалардан бирига боғлаб қўйишган.

Унинг ҳожатга чиқишига ҳам рухсат берилмаган.

Уни сўроқ қилган номаълум шахслар “сиз Ҳақназаровсиз, Иноятов ҳақида ёзасиз”. дейишган.

Бобомурод Абдуллаев “Ҳақназаров бўлсам, исботлаб беринглар”, деган. Сўроқ қилганлар “исботни қонундан талаб қиласиз, биз мафиямиз”, – дейишган.

Журналист “қанақа мафиясизлар?” деган саволига “Салимбойнинг одамларимиз”, – деган жавобни эшитганини айтган.

Бобомурод Абдуллаевнинг айтишича, шундан кейин сўроқ қилувчилар журналистни чап қўлига пластик трубалар билан уришган. У “ўнг қўлимга ҳам уринглар, деб илтимос қилгани, аммо “ўнг қўлинг қўл қўйишга керак бўлади”, деган жавобни эшитганини айтган.

Бобомурод Абдуллаев қийноқлардан сўнг “Усмон Ҳақназаров” эканини тан олишга мажбур бўлганини айтган.

Иқрорлик берганидан сўнг журналист Тошкентдаги “Гвардейский” номи билан билинган МХХ ертўласига ўтказилган ва бу ерда МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов уни сўроқ қилишни бошлаган.

Журналистнинг сўзларига кўра, Тўрақулов ундан “Нега фақат МХХни ёзасан, нега прокурорни, Мирзиёевни ёзмайсан?” деб сўраган.

“Нега бунча Мирзиёевни поддержка қиласан? У ҳамма жойни бардак қилиб юборди-ку, давлатни ушлаб турган СНБлигини билмайсанми?” дея Тўрақуловнинг сўзларидан иқтибос келтирган маҳкамада Бобомурод Абдуллаев.

ЎХҲ хабарлар бўлими