Маишатбозлик, улфатбозликлар миллатимизни еб тугатади

Маишатбозлик, улфатбозликлар миллатимизни еб тугатади
20 views
18 March 2018 - 15:12

Бир ойча аввал яқин ака билан ўзимизча мониторинг қилган эдик. Фбдаги энг катта гуруҳлардан бирига «Тошкентни қаерида яхши норин ва ҳасиб қилади?» деб пост қолдирдик. 15 минутда 44 та изоҳ қолдирилди. 1 соатда 98 та. Ундан кейингиларига қарашга тоқат етмади. Изоҳлар авжига чиқиб борди. Қаерни ҳасиби зўрлиги борасида одамлар гап талашиб ҳам кетди.

Орадан бир муддат вақт ўтказиб туриб, яна ўша гуруҳда «Тошкентни қаерида яхши, малакали математика ва физика ўқитувчиси бор?» деган изоҳ қолдирилди. Натижани тахмин қилиб кўрасизми? 1 соатда 1 дона изоҳ ёзилди.

Аслида ортиқча гапга ҳожат йўқ эди. Бироқ шаҳар кўчаларини кезиб, бир нарсага амин бўлдим: одамларни миясини ўрнида ҳам ошқозон жойлашган кўринади. Кун ўрнини тун эгаллаши билан шаҳар кезсангиз, ёлғон бўлмасин ҳар бир километрда икки-учтадан тамаддихона, ошхона, ресторан, бар, чойхона, калян сентр ва ҳоказоларга дуч келасиз. Барчасида одам тўлиб тошган. Тушдан кейин чойхоналарга телефон қилиб, бўш хона сўрасангиз «банд» деган жавобни оласиз.

Тўрт киши тушликда қайсидир ошхонада йиғилади. Йиғилгандаги мавзуси кечқурун қайси чойхонада нима овқат ейиш, қаерда овқатни қандайини қилаётганини гаплашишдан иборат. Жуда кўп эркаклар ҳар куни «гап» ейди. Ҳар куни зиёфати бор. Шаҳарни қайси бурчагида қандай овқатни энг зўр қилишини ундан яхши биладигани йўқ. Кўча ошни фалон жойда қилади, деса 50 км юриб, ўша ерга боради. Кабоб учун яна аллақаерга. Ошни зиғир ёғи, от ёғи, қўй ёғилардан тайёрланган писта қўшилганидан ейди.

Эркак бечорани уйда ўтиргани вақти йўқ. Эрталаб бозорга чиқади, кечаси чойхонага боради. «Ишлайдигани ейдида» десангиз, ишламайдигани ҳам шу аҳвол. Қарз олиб ҳам бораверади. Уйда ўтирмайдиган отани фарзандлари қази-қарталик ош емайди. Чойхонани тўрида савлат солиб ўтирадиган эркакни уйига бир ҳафтада бир кг гўшт кирса катта гап.

Фарзандини ўқитгани пул топа олмайди. Репетиторга беришга, тил ўргатишга пулни баҳона қилади. Бир ойда нечта репетиторга сарфланадиган пулни ҳузурини ҳожатхона кўради, бу билан иши йўқ. Фарзандини келажаги нима бўляпти? У қандай ўқияпти? Уни қизиқишлари билан иши йўқ. У ейиши керак. Ҳаётдан мақсади қорин. Шу егани билан фахрланади. Бувам раҳматлик «Егани билан энг паст одамлар фахрланади» дер эдилар. Бундай оталарни болалари катта бўлиб ўзига ўхшаб чойхонада ўтиради. Жуда қийналгани четга мардикорчиликка кетади.

Бу ошқовоқдай бошларни қачон ишлатамиз? Қачон емиш балосидан қутиламиз? Маишатбозлик, улфатбозликлар бизни миллатни еб тугатади.

Саййид Ислом

facebook.com