Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
МАНФААТ СИЁСАТИ
Энг муқаддас китобимиз — пул,
Ахир, бошқача бўлсин нега.
Бу майдонда мен эга, сен — қул,
Бу майдонда мен қул, сен — эга.
Қашшоқларни эзар бойроқлар,
Кичикларни эзар катталар.
Латталардан бўлган байроқлар,
Байроқлардан бўлган латталар.
Мақтовларга берилганда эрк,
Гарчи осмонларнинг ойимиз.
Қарғасалар, қарғиш теккудек,
Йўқдир бирон ҳалол жойимиз.
* * *
САХОВАТ
«Қўй жигари ёқиб қолди қўноққа.
Минглаб қўй жигари қоврилди».
Хасис боболарнинг шу афсонаси
Билан қанча аср соврилди.
Шундан ҳам саховат бўлдими,
Юраверган экан-да, Хотамлар.
Фақат қўлимизмас, мана, бизларнинг
Оғзимиз ҳам очиқ, одамлар.
Дейлик, тилимизни ширин деса меҳмон,
Чек қўйиб қўшиққа, навога
Оламизда шартта суғуриб,
Шу заҳот ташлаймиз товага.
(давоми бор)