“Бу тушми ё ҳақиқатми?”

“Бу тушми ё ҳақиқатми?”
20 views
21 March 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

17-ҚИСМ

Гулнорнинг қариндошлари ундан умидини узгандилар. Бир ҳафтадан бери уни изламаган жойи қолмаганди. Қўшни қишлоқ, шаҳарлардаги таниш-билишлардан, Tошкентдаги дўстларидан, ҳаммасидан сўралди, аммо ундан ҳеч хабар чиқмади, гўё ер ёрилиб, ичига тушиб кетгандай эди.

Қорлиғашев ҳам Гулнорнинг ғойиб бўлганини эшитиб, уни Қирғизистонга ўтиб, чет элга кетган деб ўйлади. Аммо Қирғизистон ва Туркиядаги одамларидан Гулнорнинг у ерларда пайдо бўлмаганини ўрганди.

Саккизинчи кун қариндошлари Гулнорни кўришди.

Авваллари доим ўтирадиган ерида, дарахтнинг остида, ботаётган қуёшни томоша қилиб ўтирарди. “қаерда эдинг?”, деб сўрашди қариндошлар.

Гулнор ҳазиллашгандай:

–Юлдузларда, — деди.

Аслида қаерда бўлганини унинг ўзи ҳам билмасди.

Бу кўрганларини туш деб ўйламоқчи эди, аммо ўзининг бир xафта ғойиб бўлганини эшитиб, ақли шошди.

Бунга ақл бовар қилмасди. Ўқиганлари, ўйланганлари ва Ўғуздан узоқда яшаши натижасида бир теран ҳаёл ичида узун муддат қолиб кетган бўлиши мумкин эди, аммо ўзи қаерда эди? Қариндошлари ҳар ерни тит-пит ахтаришиб, нега уни бир xафтагача топишаолмади?

Гулнор бутун кеча “тушми, ҳақиқатми” саволга жавоб беришга урунди, лекин жавоб беролмади. Ухлади.

Тушида Ўғуз билан кўл ушлашиб ўрмонда чопишарди. Олдига тўсиқ чиқса, Гулнор бирдан ҳаволанди, Ўғузни ҳам қўлидан тортиб ҳавога олиб чиқарди. Сувлари тип-тиниқ, баррок ирмоқнинг бошига келдилар. Сув тубидаги оппоқ қум устида қизил балиқлар ўйнашарди. Гулнор улардан биттасини тутиб, юзига яқинлаштирди. Балиқ “сен юзмайсанми?”, деб Гулнорга кулимсиради ва сирғалиб, сувга тушди. Ўғуз билан Гулнор ечинишди. Сувдан ҳам баррок вужудларини ирмоққа ташладилар. Балиқлар каби сувнинг тубида юздилар, улар билан гаплашдилар.

Гулнор уйғониб, сочларини ушлади, уларнинг қуруқлигини кўриб, кайфияти тушди.

Соат ўн бўлганди. Ўрнидан туриб, чамадонни ҳозирлай бошлади. Нонуштада қариндошларига ортиқча ҳеч нарса айтмади.

Tошкентга борадиган илк автобусга минди. Ўзбекистоннинг бу минтақаси жаннат каби эди. Йўлнинг соғ ва сўлида кўкка узунган дарахтлар яшиллиги кўзни қувонтирарди. Аммо Фарғонадан узоқлашган сари тупроқ қуруқлашиб борарди.

Гулнор ўз ҳаёлларига чўмганди. Ҳатто автобусда кетаётганини ҳам унутганди. Ота комнинг айтган гаплари сўзма-сўз ёдида қолганди.

“Оталаримиз Тейирканда янгидан кўпайиб, яшай бошлагандилар. Гоҳ нур, гоҳ жисм бўлиб умр кечиргандилар. “Кўзча” деган сеҳрли восита маҳфий сақланди, отадан ўғилга мерос қолди, менга етиб келди. Ҳозир уни ҳаммангиз кўрдингиз. Унда сиз кўрган сайёранинг оти Йиркан, унда Она ўғиллари яшайди. Улар бизнинг қариндошларимиз. Бизда юқумли касаллик йўқ, аммо Буюк отамизнинг руҳи менинг ичимда, у менга нур қизни Йирканга жўнатишимни буюрмоқда”, деганди Ота ком.

Сеҳрли “кўзча”да кўрган ўбода бир туман отлиқни хотирлади Гулнор. Олд сафда кетаётган биттасига ишора қилиб “мана шу йигит сенинг қисматинг”, деганди Ота ком.

Ғойиб бўлгани бир xафта ичида Гулнор бу воқеаларни яшаган бўлиши керак эди. Аммо бугунга қадар ўрганган физик ва табиий илмларга кўра бу воқеаларнинг бўлиши мумкин эмасди…

Йўл бўйича бу ғаройиб ҳодисани таҳлил қилди. Аммо шу кўриб турган ҳаёт билан бу ҳодиса ўртасида ҳеч мантиқ ипи боғлай олмади. Гулнор ўз аҳволини ҳеч кимга айтмади. Буни фақат Ўғузга айтиши мумкин эди. Ёки Aнвар Mурод Tошкентда бўлсайди, унга айта оларди бу ғаройиб ҳодиса ҳақида.

Гулнор кўнглидагиларни тўкиб солиши мумкин бўлган иккита одам бор эди, уларнинг икколови ҳам Туркияда бўлиши такдирнинг жилваси эмасмиди?

Агар Гулнорнинг тақдири у билан ўйин ўйнаётган бўлса, бу ўйин замон-макон оша қилинган бир xафталик ғаройиб “саёҳат” эди. Гулнор “тақдир” тушунчасига унча жиддий қарамасди, лекин сўнгги ҳодисалар уни тинимсиз тақдир категорияси томон йўналтирмоқда эди.

Уйга келиб, йўл xорғинлигини чиқариш учун ётоғига узанган эди, эшик қўнғироғи чалинди. Остонада қўшниси турарди. Қўлидаги визит картни узатиб:

–Шу ерда оти ёзилган одам сизни кутаётган экан, — деди.

Гулнор картга бокди. Лаънати Рашид Қорлиғашев ҳали ҳам уни қўйиб юбормоқчи эмасди.

Эрталаб Қорлиғашевнинг ёнига борди.

–Айтингчи, ўртоқ Кунбоева, бир xафта қаерга ғойиб бўлдингиз?, — деди Қорлиғашев.

Бошидан кечирганларини ўзига ҳам тушунтиролмаган Гулнор буни Қорлиғашевга қандай тушунтиради?

–Сизга бутун умримнинг ҳисобини беришим керакми?, — деди Гулнор.

–Биласиз, Гулнор, бизнинг Tошкент одамни осонликча қўйиб юбормайди. Агар сендан бир жавоб истасалар, бу жавобни мутлақо олишлари керак.

–Мен ўлкамга, давлатимга қарши ҳеч нарса қилганим йўқ, ўрток Қорлиғашев. Агар бундай нарса қилган бўлсам, буни исботлашингиз лозим…

–Қаерда бўлганингизни айтинг, токи сизга бўлган шубҳаларимиз тарқалсин, — деди Қорлиғашев.

Гулнор ақлига келган жавобни айтиб юбораверди:

–Биласиз, ўток Қорлиғашев, Фарғонанинг боғли-боғчали ерлари бор. У ерларда ёмон кўздан йироқ сокин гўшалар мавжуд. Очиқ айтсам, сизнинг сўроқларингиз менга исканжа каби азоб бераётганди. Ўша ерларда яшириндим, дам олдим. Бир xафта ичида ўзимга келаман, деб ўйлагандим. Кўриб турибман, янглишган эканман. Мана, Tошкентга келган заҳотим ўша бир xафтанинг ҳисобини сўраяпсиз…

–Ўртоқ Кунбоева, ҳозирча сизга ишонаман. Фақат шуни билинг-ки, кўзларимиз сизда доим. Сиздан информация кутамиз. Нима ҳақда эканлигини сиз яхши биласиз. Информация беринг, акс ҳолда бу бир xафтанинг ҳисобини беришга мажбур бўласиз.

Қорлиғашевнинг синалган услуби шантаж эди. Гулнор кутилмаганда:

–Бўпти, ўртоқ Қорлиғашев, сиз хоҳлаган информацияни топишга ҳаракат қиламан, — деди.

Унинг шундай дейишдан бошқа чораси йўқ эди. Гулнор теграсидаги чамбар кун сайин торайиб, таҳлика кучая бошлаганини ҳис этаётганди. Ўзбекистонда яшаш қийинлашганди унинг учун. Ёки Рашид Қорлиғашев истаган информацияни топиб, унга бериш керак ёки мамлакатдан чиқиб кетиши керак. Акс ҳолда, уни ҳам xибсга олишлари тайин эди. Умрининг қолгани маҳв бўлиши ҳеч гап эмасди.

Бу вазият Гулнорнинг руҳини тетиклаштирди. Ҳар ҳолда, энди “бу тушми ё ҳақиқатми?” деб узундан-узоқ ўйлаган ғаройиб саёҳатидан бошқа нарсалар уни безовта қила бошлаганди.

(давоми бор)