Уч ҳуқуқбон ва бир журналист қамоқдан чиқарилди

Уч ҳуқуқбон ва бир журналист қамоқдан чиқарилди
50 views
21 March 2018 - 11:53

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг қамоқдаги 3 нафар фаоли Йўлдош Расулов, Чўян Маматқулов ва Қудрат Расулов ҳамда журналист Ғайрат Михлибоев озодликка чиқарилган. Бу ҳақда “Озодлик” радиосига 20 март куни маълум бўлишича, тўрт фаол жорий йилнинг 26-27 февраль кунлари қамоқдан чиқарилган.

Тўрт фаолнинг озод бўлгани ҳақида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасига таяниб, “Озодлик” радиосига хабар берган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, уч ҳафта аввал озод бўлган уч ҳуқуқбон ва бир журналистнинг қамоқдан чиққани нимага шу пайтгача матбуотга ошкор этилмагани номаълум:

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти фаолларидан бундай маълумот олган заҳотим ГУИН билан боғланиб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдим. Улар февраль ойининг сўнгги кунларидаёқ озодликка чиқарилиб, уйларига олиб бориб қўйилган экан. Афсуски, фаолларнинг ўзлари билан боғланиш имкони бўлмади” деди журналист Абдураҳмон Ташанов “Озодлик” радиоси билан суҳбатда.​

Журналистнинг таъкидича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш муассасаларининг турли колонияларида жазо муддатини ўтаётган фаоллар “мамлакат қонунчилигининг инсонпарварлик ва гуманизм тамойиллари асосида муддатидан аввал озодликка чиқарилган”.

Шу ой бошида узоқ муддат қамоқда ўтирган мухолифатчи Исроилжон Холдоров ва журналист Юсуф Рўзимуродовлар ҳам озод этилган эди.

АҚШ элчихонаси ҳуқуқ фаолларининг қамоқдан чиқарилишини олқишлаганди.

“Биз озодликка чиққан маҳбусларга адолат, соғлиқни қайта тиклаш ва янги кучлар тилаймиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини яна бошқа маҳбусларни озодликка чиқаришга ва озод бўлганларни уларни тўлақонли озод инсон эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлари топширилишига чақирамиз. Биз умид қиламизки, сиёсий маҳбусларни ҳибсга олиш амалиёти Ўзбекистон ўтмишида қолади ва ислоҳотлар изчил давом эттирилади”, – дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Сўнгги бир неча ой ичида Ўзбекистонда ўндан зиёд ҳуқуқ фаоли ва журналист қамоқдан озод этилди.

ЎХҲ хабарлар бўлими