Қарз

Қарз
60 views
24 March 2018 - 5:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

ЧАҚАЛОҚ

Бир кулса, минг бахтни қилганча тортиқ,
Қиқирлаб бир қучоқ, тўлпи, бақалоқ.
Қўзиқориндек тез, пўлатдек қаттиқ,
Дам сайин улғайиб борар чақалоқ.

Кечалар кундузлар ёниб ўчади,
Тонглар отар — олов, шомлар сўнар — кул….
Фасллар аридек қўниб учади,
Меваланиб борар инсон деган гул.

* * * 

ҚАРЗ

Болакай, минг раҳмат одобинг учун,
Илтифотинг учун минг-минг ташаккур.
Азалдан абадга мерос бўлаётир
Камёб бир холислик, тансиқ тиниқ нур.

Шунга муносибдир. Бу эзгу қарзни
Жон билан узаман бир кун, ҳойнаҳой.
Менга автобусда ўрнингни бердинг,
Сенга ер юзидан бўшатаман жой…

* * * 

ҚАРСАКЛАР

Сен ишондинг бу қарсакларга
Ва кеккайдинг бамисли хода.
Сотдинг, сотиб қўйдинг ўзингни,
Яна — жуда арзон баҳода.

Фаросатинг етмади, афсус,
Бу қўллар қарсиллаб толмайди.
Талтайтириб отар осмонга,
Лекин — ҳеч вақт илиб олмайди.

(давоми бор)