Президент Мирзиёевга шикоят қилганлар устидан жиноий иш очилди

Президент Мирзиёевга шикоят қилганлар устидан жиноий иш очилди
30 views
22 March 2018 - 12:38

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, президент Мирзиёевга Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатсизлигидан шикоят қилган ўқитувчи ва ҳуқуқбон устидан “туҳмат” ва ёлғон хабар” беришда айбланиб жиноий иш очилган. Президентга шикоят қилинганлар орасида бўлган Бувайда туман прокурори уларни “ғаразгўйлик ва паст ниятда туҳмат” қилишда айблаган.

Тошкентдан ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов Бувайда туманидаги икки ўқитувчининг мактабга тайинланган янги директор томонидан ноҳақ ишдан бўшатилгани ҳақида тумандаги тегишли идораларга мурожаат қилган.

Туман прокурори ва бошқа идоралардан жавоб олмагач уларнинг ҳаракатсизлигига нисбатан чора кўришни сўраб, 2017 йилнинг 30 октябрида юқори органларга МХХ, Бош прокуратура, Олий суд, Сенатга мурожаат қилган.

Бироқ бу идоралардан ҳам қаниқарли жавоб ололмаган икки ўқитувчи ҳуқуқбон Шуҳрат Рустамов билан бу ташкилотлар устидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга 2017 йилнинг 12 декабрида шикоят қилган.

Президентга ёзилган мурожаат шикоят қилинганлардан бири бўлган Бувайда туман прокурори Х. Шамсутдинов қўлига тушган.

Прокурор Шамсуддинов шу йилнинг 31 январ куни “туҳмат” ва “ёлғон хабар тарқатиш” бўйича икки ўқитувчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов устидан жиноий иш қўзғашга қарор қилади.

Туман прокурори Х. Шамсутдинов қарорида айтилишича, Бувайда туманидаги икки ўқитувчи Латиф Сиддиқов, Алишер Имомалиев ва Тошкентдан ҳуқуқбон Шуҳрат Рустамовлар “ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев, Ўзбекистон Олий суди раиси К. Камилов, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов, Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Н. Йўлдошев ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришдан бўйин товлаб, содир этилган жиноятларни яшириш орқали Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 141,144, 205, 208, 209, 241, 242- моддаларида кўрсатилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликлари ҳақида ёлғон хабар бериб, туҳмат гаплардан иборат мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош Прокуратура, Олий суд, МХХ ва Олий мажлис Сенати раисларига йўллаб келишган”.

Би-би-си ушбу ҳодисага ойдинлик киритишни сўраб Бош прокуратура билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ матбуот хизмати билан уланишнинг имкони бўлмади.

ЎХҲ хабарлар бўлими