Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
КЎРПА КАВИЛАЁТГАНДА
Энам кўрпа қавиб ўтирибдилар.
Бу бахтни кузатиб, ақлим лол қолар.
Игна шўнғиб чиқар дам-бадам тинмай,
Ялт-юлт пайдо бўлар, ялт-юлт йўқолар.
Товланади қизғиш атлас жимирлаб,
Қизартирган гўё сув сатҳин шафақ…
Илон қувиб борар думидан тишлаб,
Шўнғиб-сапчиб қочар кумушранг чавоқ…
* * *
Руҳни йўқламайди саноқсиз юлдуз,
Хаёлим ёришмас тонгларга ўхшаб.
Ҳозир барибирдир кечами, кундуз,
Юракда рўз йўқдир, юрақда йўқ шаб.
Чарақлаб-чақнамай офтоб мисоли
Очиқ кўзларимда ухлар қорачиқ…
Унут бир туш каби моҳтоб висоли,
Осмон билан энди гўё ора очиқ…
* * *
КЎЗБОЙЛОҚЧИ
Қомати келишган, истара иссиқ,
Бекаму кўст, силлиқ сиёғи.
Қулоқлари шалпанг эмас мутлақо,
Кўзга кўринмайди туёғи.
Нақ одам. Думи ҳам кўринмас,
Нигоҳлари тўла гўё меҳрга…
Шундай бир афсунгар — махлуқдан чиққан,
Ҳайвондан тарқаган шундай сеҳргар.
(давоми бор)