130 йиллик “Тоштурма” 3 ойда бузилиб, ўрнига хиёбон қурилади

130 йиллик “Тоштурма” 3 ойда бузилиб, ўрнига хиёбон қурилади
67 views
25 March 2018 - 13:24

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда “Тоштурма” номи билан танилган Тошкентдаги 1-сонли тергов изолятори бузилиб, ўрнида замонавий дам олиш маскани қурилади. Адлия вазирлиги тарқатган хабарда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 22 мартдаги фармойишида изоляторнинг қарийб 130 йиллик биносини 3 ойда бузиш белгиланган.

Уч ойлик режа

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг Telegram тармоғи орқали тарқатган хабарномасида айтилишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Наманган кўчаси 1-уйда жойлашган ҳибсхона бино ва иншоотлари 3 ой ичида бузилади.

“Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур объектни уч ой муддатда бузиш ва бузишдан бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда барча инфратузилма объектлари мавжуд бўлган замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юкланди”, дейилади хабарномада, жумладан.

Тоштурмада сақланаётган барча маҳбуслар Зангиота туманида янги қурилган қамоқхонага кўчирилгани ҳақида Озодлик шу йилнинг январида хабар қилган эди.

Тоштурмада маҳбусларни сақлашга мўлжалланган тўртта корпус бўлиб, уларда охирги пайтларда, қамоқхона нозирларининг айтишича, икки ярим минг маҳбус сақланган.

Зангиотадаги янги қамоқхона

Зангиотадаги янги тергов изолятори осмондан қараганда саккиз қиррали юлдузни эслатадиган шаклда лойиҳалаштирилган. Аммо, 9 та блокдан иборат бўлган бу тергов изоляторининг қанча маҳбусга мўлжаллангани ҳақида маълумот йўқ.

2015 йил июль ойида Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистондаги вазиятга бағишлаган йиғинида иштирок этган ўзбек делегацияси Зангиотада халқаро талабларга жавоб берадиган тергов изолятори қурилаётганини эълон қилганди.

Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилган янги қамоқхона
Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилган янги қамоқхона

Ҳоли ҳароб “Тоштурма”

Ўзбекистон қамоқхоналари, жумладан, вақтинча сақлаш изоляторлари ҳам халқаро ҳисоботларда ноинсоний муомала, тутқунларга қийноқ қўллаш ҳолатлари кўплиги билан кўп марта тилга олинган.

“Озодлик” радиосининг охирги ойларда Тоштурма атрофи қаровсиз ҳолга келгани ҳақида видео лавҳа тайёрлаган эди.

“Тоштурма”нинг 130 йиллик тарихи

Ўзбекистонда жами 52 та жазони ижро этиш муассасаси бор.

Булар орасида энг катта ва шароити энг оғир қамоқхоналардан бири Зангиота қамоқхонасига кўчирилган Тоштурма ҳисобланарди.

Тоштурма Марказий Осиёдаги ғишт ва тошдан қурилган энг эски ҳибсхона бўлиб, Россия Марказий Осиёни истило этганидан йигирма йил ўтиб, 1891 йилда барпо этилган.

Тошкентнинг Наманган кўчасида жойлашган ҳибсхона Чор Россияси генерал-губернаторининг буйруғи билан тўрт ойда қуриб ишга туширилган.

Тез орада тошдан қурилган қамоқхона “Тоштурма” номини олди.

ЎХҲ хабарлар бўлими