Сўнгги жанг

Сўнгги жанг
114 views
28 March 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

ҒАЛАБА БАЙРАМИДА

Жасур кўз ёшларинг фироқни енгди,
Қаҳрамонлар қилди ҳижронни тор-мор.
Учрашдик. «Йиғлагим келяпти, оға…»
Лекин кўзингга ёш келмади зинҳор.

Кўзёшларинг сенинг буюк жангчи эди,
Севгилим, улардан бўлдинг жудолар.
Ғалаба байрами!.. Оҳ, бу байрамда
Иштирок этмайди фидолар

* * * 

СЎНГГИ ЖАНГЧИ

Денгиз кетиб қолди аста —
Секин кетиб қолди чечаклардан ҳид…
Ҳали ҳаёт экан, хайрият,
Уят, ор туйғуси — энг сўнгги умид.

Сен қизариб кетдинг. Яноқларингда
Кўрдим ловуллаган оловни.
…Байроқдорлар ҳалок бўлаётиб ҳам
Қўлдан қўймадилар яловни.

* * *

СУБУТ

Ўз дардингдан улғай, ўз дардингдан ўс,
Ўзгалар дардидан хино қўймагил.
Сенга бошқа бино қўйса, не чора,
Сен ўзинг ўзингга бино қўймагил.

Ўзингни ҳамроҳ қил йўлга чиққанда,
Нуқсон, фазилатни олмагин қарзга.
Гар ўзингдан кетсанг, барча манзиллар
Бир кун айланажак Борса келмасга.

 

(давоми бор)