Бобомуроднинг муҳим кўрсатмаларидан яна бири

Бобомуроднинг муҳим кўрсатмаларидан яна бири
15 views
28 March 2018 - 17:38

Бугун, 2018 йилнинг 28 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев ва бошқалар иши бўйича суд маҳкамаси бўлиб ўтди.

Судда иштирок этиш учун келган инсонларни суд биноси киришида собиқ Миллий Хавфсизлик Хизмати ва бошқа куч ишлатар орган ходимларидан жабр кўрганларнинг оила аъзолари ва яқинлари намойиш ва плакатлар билан кутиб олишди.

Орган ходимларидан азият чекканларнинг яқинлари суд мажлисига келган аҳоли вакиллари, элчихона, хорижий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашмасликлари учун шекилли меҳмонларни ҳар доимгидек ташқарида куттириб ўтирмай, суд бошланишидан олдинроқ киритишди.

Суд мажлисида Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров маҳкамага “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” (ЎХҲ) лидери Муҳаммад Солиҳни гувоҳ сифатида таклиф қилиш бўйича ариза билан мурожаат қилди. Аммо судя бунинг учун ҳали эрта эканлигини таъкидлади.

Бугун Бобомурод Абдуллаев ўз кўрсатмаларини тугатди ва қораловчи ҳамда ҳимоя қилувчи тарафлар саволларига жавоб бера бошлади. Асосан уларни Бобомуроднинг Муҳаммад Солиҳ билан ҳамкорлиги қизиқтирди. Абдуллаевдан, хусусан, у Муҳаммад Солиҳ билан қачон ва қаерда танишганликларини, Солиҳ унга нима учун пул тўлаганини ва меҳнати учун мукофот пули миқдори қанча бўлганлиги ҳақида сўрашди. Айнан шундай қизиқишлар сабабли адвокат Майоров суддан маҳкамада интернет орқали иштирок этиш учун Муҳаммад Солиҳни таклиф қилишни сўради. Аммо, судя, бунинг учун ҳали эрта эканлигини, ҳали қолган уч нафар айбланувчилар ва гувоҳлар сўроқ қилинмаганлигини айтиб, ушбу сўровномани рад қилди.

Журналист Малоҳат Эшонқулова суд мажлисини қисқача шундай изоҳлади:

“Бугунги суд мажлисида Бобомурод Абдуллаев кўрсатмалариннг энг кулминацион нуқтаси шундаки, бу нафақат менинг эътиборимни тортди, балки залда ўтирганларнинг барчасини ҳушёр торттирди.

Бобомурод айнан шундай деди: “МХХ тергов изоляторида ўтирганимда. МХХ терговчиси Нодир Мухиддинов келиб, “сени хотининг ва онаннг билан учраштирамиз. Сен уларга “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида 2012 йилдан бошлаб ёзганингни, аслида, “Усмон Ҳақназаров” номи остида Муҳаммад Солиҳ ёзганини айтасан. Ҳамма айбни Муҳаммад Солиҳнинг бўйнига қўясан ва хотининг ва онангга мана шу гапларни Мўътабар Тожибоева ва Галима Бухарбаевага етказинглар, деб тайинлайсан, дейишди.” , дея эътироф этди Бобомурод Абдуллаев.

Бобомуроднинг қийноқлардан ташқари муҳим кўрсатмаларидан яна бири шуки. “Судя сизга эмас”, деди Бобомурод, залда ўтирганларга мурожаат қилиб “Мен ҳаммага мурожаат қилиб айтаманки, менинг жиноят иши делосидаги кўрсатмаларимга ишонманглар,” деди.

“Мендан куч ишлатиш йўли билан нафақат Муҳаммад Солиҳга, шунингдек Чарос Абдуллаева, Нигора Ҳидоятова, Надежда Атаевага, Паҳлавон Турғуновга, Шуҳрат Бобожон ва укасига, Сирожиддин Толипов ҳаттоки Ғофур Раҳимовга ҳам қарши кўрсатма ёздириб олишган. Улар Ўзбекистон заминига оёқ қўйганлари заҳоти ҳибсга олинади, бунга сенинг кўрсатманг асос бўлади, деб айтишди. Мен бу кўрсатмаларни аёвсиз қийноқлар остида ёзиб берганман, уларга етказинг шу гапларимни,” деди Бобомурод Абдуллаев ўз кўрсатмасида.

(Журналист Малоҳат Эшонқулова хабари)

ЎХҲ хабарлар бўлими