Бобомурод Абдуллаев бошқа судланувчилар руҳий босим ўтказаётганини маълум қилди

Бобомурод Абдуллаев бошқа судланувчилар руҳий босим ўтказаётганини маълум қилди
57 views
29 March 2018 - 9:46

Конституцион тузумни ағдариш мақсадида фитна уюштиришда айбланаётган Бобомурод Абдуллаев мазкур иш бўйича судланаётган бошқа судланувчилар уни ҳақорат қилаётганини маълум қилди.

Журналист Бобомурод Абдуллаев жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг навбатдаги мажлисида блогер Ҳаётхон Насриддинов ва тадбиркор Равшан Салаев томонидан руҳий босим ўтказилаётганини маълум қилди. Уларнинг барчаси Шавкат Оллоёров билан биргаликда Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланмоқда.

«Ўзимни менга нисбатан уюштирилган айбловдан ҳимоя қиламан, деб ўйлагандим. Бироқ суд мажлисидан сўнг бу ерда мен билан бирга ўтирган айрим одамлардан ҳам ҳимояланишга мажбурлигим ҳақидаги хулосага келдим. Гап шундаки, суд жараёни бошланганидан бери Ҳаётхон Насриддинов ва Равшан Салаев томонидан руҳий босим кўрсатилмоқда, ҳақоратлар ёғдирилмоқда», — деди Бобомурод Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, Насриддинов уни ҳақорат қилиб, ёқимсиз сўзларни айтган: «Қарама, юзингни бежайман». Иккинчи суд мажлиси жараёнида Салаев томонидан ҳам ҳақоратлар ёғилган.

«Менинг сабрим тугади. Душанба куни бу ерга (суд залига — таҳр.) келганимда, Равшан Салаев: „Бобомурод, нимага Муҳаммад Солиҳ ҳозир Истанбулда ўтириб, денгизда балиқ еяяпти, биз эса сен билан бу ерда ўтирибмиз?“, деди», — дейди Абдуллаев. У жавоб ўрнига жим бўлган, чунки судланувчилар ўртасида суҳбатлашиш тақиқланган.

Суд мажлисида раислик қилаётган судья Зафар Нурматов судланувчиларни бир-бирларини ҳурмат қилиш ва айбсизлик презумпцияси тамойилига риоя этишга чақирди.

Шунингдек, Бобомурод Абдуллаев кўрсатмалар бераётган чоғида бошқа судланувчилар аралашмасликлари ва изоҳ бермасликларини назорат қилишни сўради.

Манба: gazeta.uz