Telegram мессенжери ишламай қолди. Дуров муаммони ҳал қилиш устида ишламоқда

Telegram мессенжери ишламай қолди. Дуров муаммони ҳал қилиш устида ишламоқда
33 views
29 March 2018 - 12:50

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 29 март куни дунë бўйлаб кенг тарқалган Telegram мессенжери ишламай қолди.

Тошкент вақти билан 13: 20 да ижтимоий тармоқнинг Twitterдаги расмий саҳифасида:

– Европа¸ Яқин Шарқ ва МДҲ давлатларидаги фойдаланувчиларимиз айни дақиқаларда Telegramга уланишда муаммога дуч келмоқда. Ҳозирда биз муаммони ўрганаяпмиз ва тез орада сизни қайта боғлашга мувафафқ бўлишимизга умид қилаяпмиз¸ деган қисқа хабар пайдо бўлди.

Telegram мессенжеридан бир ойда фаол фойдаланувчи узерлари сонининг 200 миллиондан ошиши айтилади.

Telegramнинг 29 март куни ишламай қолиши унинг Россия ҳукумати билан зиддияти кескинлашган бир пайтда кузатилмоқда.

21 март куни мессенжер асосчиси Павел Дуров¸ “Россия ҳукуматининг Федерал хавфсизлик хизматига шифр калитини тақдим этишдан бош тортаётгани учун Telegram мессенжерини тўсиб қўйиш таҳдидлари самара бермайди”¸ дея баëнот қилган эди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Telegram маъмуриятидан россияликларнинг тармоқдаги ëзишмаларини расшифровка қиладиган калитни ўзига беришни кўпдан талаб қилиб келмоқда.

Telegram вакилларининг Федерал хавфсизлик хизматининг бу талабини ноқонуний деб топишни сўраб 20 март куни Олий судга қилган мурожаати рад этилди.

Судга аризасида Telegram адвокатлари бундай сўровга Россия Конституциясининг ëзишмалар махфийлигини кафолатлашга оид бандини асос қилиб келтирган эди.

Бунга жавобан Хавфсизлик хизмати мессенжер фойдаланувчилари ëзишмаларининг Конституция томонидан ҳимоя қилинадиган маълумотлар сирасига кирмаслигини иддао қилган.

Олий суд раддиясидан сўнг Роскомнадзор Telegram раҳбарияти 15 кун ичида сўралаëтган калитни бермаса¸ уни Россия ҳудудида тақиқлашни сўраб¸ судга мурожаат қилишини билдирган эди.

Ўтган йил охирида ​ Telegram Федерал хавфсизлик хизмати талабини бажармаганлик учун 800 минг рубль жаримага тортилган¸ мессенжер маъмурияти эса¸ бу қарорни кўриб чиқишни сўраб¸ Европа инсон ҳақлари судига шикоят аризаси топширган.

Мессенжернинг Россия ҳукумати билан зиддияти фонида рўй берган 29 март кунги узилиш¸ мутахассисларнинг Telegramга ҳакерлик ҳужуми юштирилгани ва бунинг ортида Россия турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишига асос бўлмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими