Шавкат Мирзиёев Жиззахга сафари давомида вилоятга ҳокимни ҳам тайинлади

Шавкат Мирзиёев Жиззахга сафари давомида вилоятга ҳокимни ҳам тайинлади
28 views
01 April 2018 - 22:23

Шавкат Мирзиёев Жиззахга сафари давомида вилоятга ҳокимни ҳам тайинлади.

Шу пайтгача ҳокимлик вазифасини бажариб келган Эргаш Солиев, Жиззах вилоятининг янги ҳокими бўлди.

Бу амалдор илгари Пахтакор туманининг ҳокими эди. 2000-чи йиллар эди чамамда. Шу туманга бир муаммо бўйича бордим (Милиция ва МХХ ходимлари томонидан ўласи қилиб калтакланиб, даштга ташлаб кетилган шу туманда яшаган бир йигитнинг масаласи бўйича). Пахтакор шаҳрида юрсам, ортимдан бир киши келиб, мени туман ҳокими йўқлаётганини айтди.

Бордим. Ҳоким мана шу Эргаш Солиев жаноблари экан. Мен билан кўришар кўришмас “Сиз нега мани туманимда мандан берухсат юрибсиз?” деди.

Ҳали Андижон воқеаларигача анча бор, пойтахтда халқаро демократик ташкилотлар ишлаб ётибди. Ҳар қалай, тилимиз анча бурро йиллар эди.

Ҳокимнинг бу аҳмоқона саволига “ассалому алайкум!” деб жавоб бердим. У киши ҳам менга бироз қараб турдида секингина “Волейкум” деди.

“Қайерда ва қайси қонунда ёзиб қўйилган, Эргаш ака, журналист бир туманга борса ўша туман ҳокимидан рухсат олиши керак, деб?” дедим яна овозимга бироз қатъийлик қўшиб.

Бунақа нусхаларни яхши биламан. Фақат юқоридан келаётган оғзаки фармон ва дерективаларни қонун деб ўйлашади. Асосий қонунни эса ўқиб ҳам кўришмаган бўлади.

Эргаш Солиев кўзимга бақрайиб қолди. У менимча “Ҳозир ўша журналист келса, бир чўқиб, хонамдан қувиб чиқараман” деб ўйлаган бўлса керак.

Уни кўзларига тикилиб, бемалол иккинчи саволни бердим. “Жиззахдаги Пахтакор тумани ҳудудида республика Конституциясида ёзиб қўйилган “Ўзбекистон республикасида Цензура йўқ” деган банд бекор қилиндими?”

Ҳоким бўшашиб қолди.

Олдидаги қоғозларни титган бўлди, энгашиб ниманидир қидирди. Сўнгра менга бироз қараб турди ва “Ҳозир СНБга хабар бераман. Сиз билан ўшалар шуғулланади” деди.

“Чақиринг, уларгаям шу саволни бераман” дедим.

Телефонда қаёққадир қўнғироқ қилди, кимнидир сўради, қидириб топишни буюрди, ишқилиб, бу ёғи имитация бўлиб кетди.

“Менда бошқа ишингиз йўқми?” дедим.

Эргаш Солиев индамади. Олдидаги қоғозларни титишда давом этди. Мен ҳам хайрлашмай чиқиб кетдим.

Кеча шу одамни вилоят ҳокими этиб тайинлади президент.

Узоққа боради бу. Чунки қонунларни мутлақо менсимайди.

Жиззахликларга табрикларим.

Улуғбек Ашур

facebook.com