“Бобомурод Абдулла-Усмон Ҳакназар иши” бўйича маҳкаманинг навбатдаги ўтирими

“Бобомурод Абдулла-Усмон Ҳакназар иши” бўйича маҳкаманинг навбатдаги ўтирими
24 views
02 April 2018 - 17:45

Тафсилотга ўтмасдан олдин бир хусусиятнинг тагини КАТТА ЧИЗИБ шуни таъкидламоқчиман. Бутун бу “айбланувчи” ва “гувоҳ”ларнинг кўрсатмасини синчковлик билан ўргансангиз шу ҳақиқатни кўриш мумкин: бу “жиноий иш аввало мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ, кейин эса журналист Бобомурод Абдулла-Усмон Ҳакназаровларни қоралаш, обрўсизлантириш ва жазолаш учун тайёрланган “иш” экани майдонга чиқади. Мен бу тахминни аввал ҳам мақолаларимда айтган эдим, кўплар бундан кулишган эди, мана бу суднинг охирги бўлимида менинг тахминларим яна бир бор ўз исботини топди. Учта “айбланувчи”дан ҳеч бири, хатто Ҳ.Насриддинов ҳам “тузумга тажовуз”ни тан олмади, аммо учаласи ҳам бу аслида йўқ айбни, далилсиз “айб”ни у ёки бу шаклда Бобомурод ва Муҳаммад Солиҳга ағдаришга ҳаракат қилишди.

Бундан кўриниб турибдики, МХХнинг ўз олдига қўйган вазифаси авваламбор, Муҳаммад Солиҳга янги бир (1999 йил портлашлари эскирди-да!) айб қўйиб, уни Ўзбекистонга киришига йўл қўймаслик бўлган. Кейин Каримов режимига ашаддий қарши курашган, МХХнинг ашаддий душмани бўлган бир кучли журналистни йўқ қилиш бўлган.

Бобомурод Абдулла – Усмон Ҳақназаровнинг ўз мақолалари билан жорий Президент Мирзиёевни бор кучи билан қўллаб қувватлашлари ҳам уни МХХ чангалидан қутқариб қолаолмади.

Бугун, 2018 йилнинг 2 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев ва бошқалар жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлисида Ҳаётхон Насриддинов ва гувоҳ Кенжа Мусанов кўрсатмаси тингланди.

Ҳаёт Насриддинов илк суд маҳкамасида судя томнидан айблов хулосаси ўқилганда, “айбни тўлиқ тан оламан” деб айтган эди. Бугунги суд мажлисида тўлалигича айбни тан оламан деб айтганлигига қарамасдан, ўзига қўйилган барча айбларни рад этишини айтди.

У ўз кўрсатмасида, банкда молиявий махинацияни фош қилганим учун менга пора таклиф қилишди, мен рад қилганимдан сўнг ишсиз қолишим натижасида молиявий қийин аҳволда қолдим. Онам касал, даволатишим керак эди ва Муҳаммад Солиҳ билан боғланишга мажбур бўлдим, ман ўзим чиқганман Муҳаммад Солиҳга, деди. Муҳаммад Солиҳ мени Туркияга таклиф қилган, мен Туркияга бордим, лекин Муҳаммад Солиҳ менга ҳеч қачон Ўзбекистонда ҳукуматни куч билан ағдариш, ҳукуматни куч билан эгаллаш ҳақида гапирмаган. Даъват қилмаган, унақа гапнинг ўзи бўлмаган, деди у. Яна ёшларни демократик руҳда ўстириш, демократияга ёшларни кўпроқ жалб қилиш, эркин сўзлашга ўргатиш ҳақида мақола ёзишимни сўраган, мен шу ҳақда иккита мақола ёзиб берганман. Бу мақолаларнинг давлат тўнтаришига алоқаси йўқ эди ҳеч қандай, деди. 2013 йилнинг декабрида бизникида ош бўлди, ошга Бобомурод Кенжа деган йигитни олиб келди, ўша ерда Муҳаммад Солиҳ билан гаплашдик, деди.

Насриддиновга прокурор ва судялар савол беришди, «хўп битта ўзингиз гаплашдингизми, ёки ҳаммаларингиз гаплашдингизми?», деб.

Насриддинов, «Бобомурод гаплашди Муҳаммад Солиҳ билан», деди. Нима ҳақда гаплашишди, деб сўралганда, «Что-то надо менять. Чегарада одамларимиз кутиб турибди”, деб гаплашди Бобомурод билан, деди.

Уйингизда шундай гап бўлган бўлса нега хавфсизлик хизматларига хабар бермадингиз, деб сўради судя. “Мени нечоғлик ишонли ёки ишончсизлигимни синаб кўришяпти” деб ўйладим, деди Насриддинов.

Лекин унинг кўрсатмаларини Кенжа Мусанов йўққа чиқариб юборди. Суд мажлисида гувоҳ сифатида кўрсатма берган Кенжа Мусановга, «Сен қандай қилиб Бобомурод Абдуллаевни танигансан?», деб савол берилди. Кенжа Мусанов: «Мен иш билан кўчага чиқганимда такси керак эди, йўлда такси тўхтатганимда Бобомурод тўхтади, у билан таксида танишдим. Бобомурод ўзини, мен спорт коментатори бўлиб ишлайман, деди, бошқа пайт ҳам хизматим керак бўлса хайдовчилик қиламан, деди. Кейин  ҳукуматга қарши гапира бошлади, шунда мен, «менга бунақа гапларингизни гапирманг ман харбийман», деб айтдим деди. Насриддиновни танимаганман. Бир куни Бобомурод обедга ошга таклиф қилди, деди. Ҳаётхон Насриддинов эса ошга соат 17 га таклиф қилинганини, таъкидлади. Мусанов эса обедда борганмиз ошга деди. Кенжа Мусанов кўрсатмасини давом этиб: «Ошга борганимизда компьютер ёқилди, мен танимаган бир киши билан гаплашишди, оқ соч-соқолли одам билан гаплашишди, кейин компьютерни менга буриб мана сафимизга янги одам қўшилди дейишди», деди. Скайпда 7-10 дақиқа гаплашиб ўчиришгач, Бобомурод менга қараб “бу одам ким биласанми, бу одам Муҳаммад Солиҳ яқинда президент бўлади, бизга қўшилсанг сенга ҳам катта лавозимлардан бирини берамиз”, деди. Шу пайт телефонимга смс келиб қолди ва Бобомурод киришдан олдин телефонингни ўчирмайсанми деб бақирди. Нимага телефонингни батарейкасини олмасдан кириб ўтирибсан, айтган эдимку, деганидан кейин, мен қанақа одамларнинг орасига кириб қолдим деб ўйлаб, чиқиб кетдим”, деди Кенжа Мусанов.

Судя Мусановга савол берди: «Сизни кўрсатган ким эди, янги одам қўшилди деб кўрсатган одам ким эди?», деб сўраса, Мусанов: «Ҳаётхон Насриддинов», деди. «Улар нима ҳақда гаплашишди?», деган судянинг саволига, «Билмайман, мен эътибор бермай ўтирдим» деди.

Кейин судя, ёлғон кўрсатма бериш учун жиноий жавобгарлик бор биласизми?, деб сўради ва кодексни олиб келиб кўрсатишди, бир қоғоз беришди, ўқиб имзо қўйди Мусанов. Кейин адвокат Майоров, “Мусанов қасам ичсин”, деди. Мусанов ёлғон кўрсатма бермайман, деб қасам ичди.

Судя, «Мана сиз огоҳлантирилдингиз ҳа, тан оласизми?», деди.

Ҳа тан оламан, деди Мусанов.

Бўлмаса келиб ўқиб кўринг дастлабки терговдаги кўрсатмангизни, деди судя.

Бориб ўқиди. Судя, «Шу сизнинг кўрсатмангизми, овоз чиқариб ўқинг», деди.

Мусанов овоз чиқариб ўқиб берди дастлабки терговдаги кўрсатмасини. У шундай кўрсатма берган экан: «Ҳаётхон ошга чақирди, мендан кейин бир йигит келди. Бу одамни менга Насриддинов “Бобомурод Абдуллаев” деб таништирди. Бобомуродни биринчи марта шу ерда кўрганман», деб ёзган экан.

Кейин судя, “бу дастлабки тергов кўрсатмаларингиздаги гапларингиз ҳозирги берган кўрсатмаларингизга умуман зид келаяптику, сизнинг кўрсатмаларингизнинг бундай рангбаранглигига суд баҳо беради ҳали”, деди.

Сўнгра судя унга “сиз кетишингиз мумкин, керак бўлса яна чақирамиз”, деди. Мусанов шундан сунг залда чиқиб кетди. Шу билан суднинг бугунги ўтирими тамом бўлди.

Малоҳат Эшонқулова
(овозидан ёзиб олинди)

ЎХҲ хабарлар бўлими