Сенатор: Бобомурод Абдуллаев суди адолатли бўлади!

Сенатор: Бобомурод Абдуллаев суди адолатли бўлади!
28 views
03 April 2018 - 15:11

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкентга борган New York Times газетаси мухбирлари билан учрашган Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев журналист Бобомурод Абдуллаев устидан бораëтган суд жараëнининг адолатли бўлишини билдирган.

New York Times газетасида 2 апрель куни чоп этилган “Авторитаризм ëйилаëтган пайтда¸ Ўзбекистон бошқа томонга кетмоқда” (As Authoritarianism Spreads, Uzbekistan Goes the Other Way) сарлавҳали мақолада Сафоевнинг: “Абдуллаев устидан суд эркин ва адолатли бўлади”¸ деган гапларидан иқтибос келтирилган.

Газета мухбири билан суҳбатда жорий президентга яқинлиги айтилган Содиқ Сафоев¸ Бобомурод Абдуллаев ўтган йилнинг сентябрь ойида қамоққа олинганда унга нисбатан зўравонликлар бўлганини эътироф этган.

Айни пайтда¸ бугунга келиб вазиятнинг ўзгарганини қўшимча қилган.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мақолалар эълон қилиб келганини эътироф этган журналист Бобомурод Абдуллаев устидан маҳкама 7 март куни бошланди ва унинг бошланишидаëқ Абдуллаев ўзига нисбатан МХХ терговчилари руҳий ва жисмоний қийноқлар қўллаганини билдирди.

Ҳакам¸ бу шикоят юзасидан тиббий экспертиза ўтказишни буюрди¸ аммо экспертиза Абдуллаевга нисбатан қийноқлар қўлланилгани тасдиғини топмади¸ деган мазмунда хулоса чиқарди.

Абдуллаев ва у билан бирга судланаëтган блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевлар “Ўзбекистоннинг Конституциявий тузумига тажовуз қилишда” айбланмоқда. Улар устидан жорий йил мартида бошланган суд жараёни очиқ режимда ўтказилмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими