Терговчи Веселов: “Биз бир кун келиб Муҳаммад Солиҳни ўғирлаймиз”

Терговчи Веселов: “Биз бир кун келиб Муҳаммад Солиҳни ўғирлаймиз”
72 views
04 April 2018 - 10:07

Аъзам Турғуновнинг 2018 йил 2 апрелда бўлиб ўтган суд мажлиси хусусидаги фикрлари

Аъзам Турғуновнинг 2018 йил 3 апрелдаги суд мажлиси хусусидаги фикрлари

Аъзам Турғуновнинг 2018 йил 3 апрелдаги суд мажлиси хусусидаги фикрлари

Muhammad Salih paylaştı: 4 Nisan 2018 Çarşamba

Малоҳат Эшонқулова материали

***Видео матни***

2018 йилнинг 2 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна 3 шахсга оид жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлисида судланувчи Ҳаётхон Насриддиновнинг, шунингдек гувоҳ Кенжа Мусановнинг гувоҳлик кўрсатмалари тингланди.

Аъзам Турғунов: Менда жуда яхши таассурот қолдирган нарса, Бобомурод Абдуллаев қўшимча кўрсатма бераман, деб, ўзининг ҳуқуқидан фойдаланиб яна иккита нарсани қўшиб қўйди.

“Биринчиси, мани энди эсимга келиб қолди. Дастлабки тергов пайтида, ман ёзган мақолаларнинг моҳияти, унинг ичида ёзилган нарсалар ҳақида ҳеч ким қизиқмади ҳам, сўрамади ҳам. Фақат санга буни ким берган? Қачон берган? Қаерда берган?, ва ҳоказо шунақа гаплар бўлди. Лекин битта мақола ҳақида, фақат битта мақола ҳақида сўрашди. МХХ раислигига номзодлар ҳақидаги мақолам ҳақида жуда ҳам қизиқиб сўради. Унда ҳам битта персонаж ҳақида, Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг собиқ биринчи ўринбосари Бахтиёр Ғуломов ҳақида жуда ҳам қизиқиб сўрашди. Нима учун бу одам ҳақида жуда яхши фикр билдириб ёзгансан? Нима учун уни профессионал чекист деб кўрсатгансан?, деган ва ҳоказо саволлар беришган. Шу ҳақда жуда кўп сўрашди. Мен олдиндан айтиб қўяман, бу Бахтиёр Ғуломов, ҳозирда ҳибсда ўтирган генерал Шуҳрат Ғуломовнинг акаси Бахтиёр Ғуломовга ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бир хил фамилиядошлар. Қолган мақолалар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса сўрамади.

Иккинчиси, ўша, Володя, Андрей ва Мажид ҳақида гапириб туриб, Мажид бир куни, биринчи марта манга “сиз” деб мурожаат қилиб, “Ман сизга бир нечта фамилиялар берман, булар президент атрофидаги, президент аппаратидаги одамлар. Шулардан биттаси гей, биз буни аниқ биламиз. Сиз шу ҳақда мақола ёзасиз” деб айтди. Лекин мен қатъиян рад этдим. Мен бу одам ҳақида ҳеч нарса билмайман, билишни ҳам хоҳламайман, санга ким шу маълумотни берган бўлса ўша одам билан ишингни битиравергин, деб айтдим. Шундан кейин у одам менга бошқа умуман кўринмади. Терговни шу йўналишда Тимур Якубов давом эттирди. Битта яна маълумот қўшиб қўяман, бир кун Веселов мени терговга чақирди, кечки пайт. Мен ундан сўрадим, бу ерда бир нечта тергов баённомалари етишмайдику?, деб сўрасам. “Тўғри сезибсан. Биз бу нарсани атайин олиб қўйдик.”, деди. Қанақадир “форточка” деб аталади, деди. Бу нима дегани?, десам. “Биз бир кун келиб Солиҳни ўғирлаймиз ва бу пайтда сан зонада ўтирган бўласан, биз сани зонадан чақиртириб келамиз. Ана ўшанда сан унинг юзига қараб, ҳамма биз айтган нарсаларни айтасан”, деди Веселов.

Шу нарсаларни қўшиб қўйди Бобомурод Абдуллаев.

Малоҳат Эшонқулова: Олдинги кўрсатмасида ҳам уларнинг Муҳаммад Солиҳни ўғирлаш режаси борлиги ҳақида гапирганлигини эслатиб ўтган эди, ҳа Бобомурод?

Аъзам Турғунов: Бу нарса энди ҳеч кимга сир эмас. Ўғирлайдиган буларнинг одамлари бор керакли пайтда. Лекин, айнан Солиҳга нисбатан ҳам шу нарсани қўллашлигини мана Бобомуроднинг ўзидан ҳам эшитдик. Буни Бобомуродга гапиришган улар.

Кейин гувоҳ Мусанов Кенжа Пўлатовични таклиф қилишди. У харбий хизматчи экан, унвони капитан экан. Мудофаа вазирлигида тўрт йилдан буён ишлайман, деди.

У шундай кўрсатма берди:

“2013 йил ёзда такси кутиб турганимда бир “Жип”га ўхшаган машина келди. Ман такси кутиб турганим учун ўтирдим. Кейин йўлда танишиб кетдик. Исмини Бобомурод, деб айтди. Ўзини футбол шарҳловчиси эканлигини, бўш пайтда таксичилик қилишини ҳам айтди. Шундан кейин танишиб қолиб, 3-4 марта таксичи сифатида чақириб, бир-икки жойларга бориб келдим. Бир кун декабр ойида кўришганимизда, у менга бошқа рақамдан телефон қилиб кўришдик. Бир яхши акахонимиз бор, шунинг уйига ошга борамиз, боласини туғилган куни экан, деди. Кейин бир бектда учрашиб, Бобомурод мени ўшанинг уйига бошлаб борди.”, деди Кенжа Мусанов.

Шунда судя сўради: Бобомурод билар эканми у жойни? Тўғри бошлаб бордими?, деди.

Мусанов: “Ҳа энди билса керак, тўғри бошлаб борди”, деди.

Энг қизиқ жойи, Мусанов шундай ишончли гапираяпти энди, кириб келганда унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришди суд залида. Агар ёлғон гувоҳлик берса, шунга тегишли жазо борлигини ҳам эслатишди. Бу ҳақда тегишли қоғозларга имзо қўйганидан кейин, кўрсатма беришни бошлаганда адвокат Сергей Майоров: “Бу одам қасамёд қилмадику. Фақат қоғозга қўл қўйиб қўйди ва нимага қўл қўйганини ҳам биз билмадик”, деди.

Кейин судя Мусановнинг гапини тўхтатиб, қоғозда ёзилган нарсаларни овоз чиқариб ўқиб, кейин қасамёдини ҳам ўқиди. Қасамёд қилганидан кейин ҳам, кўриниб турибди, жуда ёлғон гапираяпти.

Кўрсатмасини шундай давом этаяпти:

“Бобомурод билан тўғри кириб бордик. Ҳаётхон билан саломлашгандан кейин, Ҳаётхон ноутбук олиб чиқиб, скайп орқали ким биландир боғланди. Кейин менга камерани қаратиб қўйишди. Ҳаётхон мени кўрсатиб, “Мана бизнинг бир янги тарафдоримиз келди. Бу харбий одам”, деб таништирди. У одамни ман танимадим. Соқолли, ёши катта одам экан. Кейин унга “Раис” деб мурожаат қлишди улар. Шундан кейин ўзаро нималарнидир гаплашишди, гапни мазмунини аниқ айтиб бераолмайман, лекин фақат ўша пайтдаги тузумга, Ислом Абдуғаниевичга нисбатан жудаям негатив гаплар гапирилди.”, деди Кенжа Мусанов.

Кейин Мусановга саволлар берилди. “Суҳбат тугаганидан кейин, сен қачон кетдинг, қандай кетдинглар?”, деган саволга.  Мусанов:

“Мен биринчи бўлиб кетдим. У ерда Бобомурод қолди. Қачон кетганини билмайман.”, деди.

Мусанов кўрсатмасини тугатгандан кейин, саволлар борми, дейилганда. Бобомурод жуда яхши иккита савол берди. Бобомурод айтдики:

“Яхши, ўзингни гапинга қараганда менинг машинамга бир неча маротаба чиқган экансан. Машинамнинг ранги қанақа эди?”, деб сўраса.

Мусанов: “Кўк ранг”, деб жавоб берди.

Бобомурод: “Кўк ранг деганда, бизда, ўзбекларда икки хил ранг тушунилади. Яшил рангни ҳам кўк, дейишади ва ҳаво рангни ҳам кўк дейишади. Қайси бири?”, деб сўраса.

Мусанов залда ўтирганларнинг бирини кийимини кўрсатиб: “Мана шунақа тўқ кўк ранг”, деди.

Бобомурод: “Машинамнинг ичи, олдимда ўтирган бўлсанг, торпедкасининг ранги қанақа эди?”, деб сўради.

Мусанов: “Йўқ, манга унақа савол бермагин. Индамаса кўйлагимни ҳам ранги сўрайсан. Мани эсимда қолмаган”, деди.

Бобомурод яна, бензинда юрармиди, газда юрармиди, деб сўради. Мусанов унга ҳам жавоб бераолмади. Хуллас, бу савол жавоблардан кейин Бобомурод судяга айтдики:

“Мен бу ҳолат бўйича тушунтириш бераман. Менга бу одам ҳақида, Ҳаётхонникига ошга боришга икки кун қолганда Муҳаммад Солиҳ менга телефон қилиб айтган. Шунақа одам бор, деди. Икки кун қолганда мен бу одам билан танишганман. Авиационний завод олдида танишганмиз, лекин мен унинг олдига машинам билан бормаганман. Машинамни ҳеч кимга кўрсатмаганман, сал узоқроққа қўйиб борардим. Мани машинамнинг ранги биринчидан кўк эмас, қора рангда. Иккинчидан Кенжанинг ўзи манга Ҳаётхон ҳақида гапирган эди. Ўша телефон масаласида гапириб туриб, “Эртага, мани бир танишим бор, шунга блокировка қилинган сайтларни айланиб ўтиш учун прокси ишлатишни ўргатишимиз керак. Шунга боришимиз керак”, деб айтди. Мусанов билан хайрлашиб кетганимдан кейин Муҳаммад Солиҳга қўнғироқ қилиб, “Менга фақат телефон деб айтгандингиз, яна биттаси қўшилаяпти унга”, дедим. У “Ҳа, у ҳам бизнинг одам. Бориб унга ҳам шу прокси ишлатишни ўргатиб қўясан шу билан бирга. Унинг қизининг туғилган куни, шунга юз доллар ўзингни пулингдан бериб туранг, кейин ман ўзим санга қилиб бераман”, деб айтди. Мен Кенжанинг Новомосковскийдаги кругида кутиб оламан, деб айтгани учун, мен у ерга сал олдинроқ бориб атрофни кузатдим. Кимдир бизнинг кетимиздан кузатиб келмаганмикан, деган мақсадда айнчагача кузатдим. Мусанов Ҳаётнинг уйига кириб-чиқиб турди асабийлашган ҳолатда. Шундан кейин мен, ёмғир ёғиб турган эди, олдига бордим. У мани тўғри Ҳаётнинг уйига бошлаб борди. Ҳаётнинг уйига бирга кириб бордик. Ҳаётнинг уйига кирганимизда у ошга тайёргарлик кўраётган экан, мен бироз ёрдам бергандек бўлдим.”, деди.

Лекин энг муҳими Мусановнинг дастлабки терговда ва судда берган кўрсатмалари умуман бир-бирига зид эди.

Мусановга савол берилди, “Гаплашганларингизда давлат тўнтариши ҳақида гап бўлдими”, деб.

Мусанов аввалига инкор қилди, Бобомурод билан ҳеч қачон бу ҳақда гаплашмаганмиз, деди.

Малоҳат Эшонқулова: Ўзингизнинг хулосаларингиз ҳақида гапирсангиз?

Аъзам Турғунов: Менинг хулосам. Гувоҳ Мусанов:

“Компютерда гаплашиб бўлгач, Бобомурод менга айтдики “бу одам ким танийсанми”, мен, йўқ танимайман, десам, “бу одам бўлажак президент,  агар шу одам президент бўлса сенга Мудофаа вазирлигида катта лавозимлардан бирини берилиши мумкин”, деди. Мен қўрқиб кетдим, қанақа одамларнинг ичига кириб қолдим, деб ўйладим,” деди Мусанов.

Шу гапдан кейин мен шубҳаландим. Нима учун кўчада юрибди бундай одам? Шунча гаплардан кейин ҳам.

Иккинчиси унинг гапларининг мазмунидан маълум эдики, гўёки бир ўргатилган одамдек гапирди. Бошида чиройли гапириб келди, аммо қўшимча саволлар берганда тутилиб қолди.

Қарама-қарши кўрсатма бериб, Бобомуродга нисбатан терговчиларнинг манфаатларига тўғри келадиган кўрсатма бериш топширилган бўлса керак деб ўйладим.

Энди кўрамиз кейинги суд мажлисларида яна нима хунар кўрсатишади бўлар. Лекин Ҳаётхон билан шу гувоҳнинг кўрсатмалари жуда кўп ёлғон аралаштирилган кўрсатмалар бўлиб чиқаяпти. Ишончсиз бўлаяпти.

ЎХҲ хабарлар бўлими