Малоҳат Эшонқулова: Чарос Абдуллаевани МХХ чангалидан қутқариш керак

Малоҳат Эшонқулова: Чарос Абдуллаевани МХХ чангалидан қутқариш керак
64 views
04 April 2018 - 17:12

Бугун, 2018 йилнинг 4 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-модда 4-банди билан айбланаётган Бобомурод Абдуллаев ва бошқалар иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

МАЛОҲАТ ЭШОНҚУЛОВА: ЧАРОС АБДУЛЛАЕВАНИ МХХ ЧАНГАЛИДАН ҚУТҚАРИШ КЕРАК

МАЛОҲАТ ЭШОНҚУЛОВА: ЧАРОС АБДУЛЛАЕВАНИ МХХ ЧАНГАЛИДАН ҚУТҚАРИШ КЕРАКБугун, 2018 йилнинг 4 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-модда 4-банди билан айбланаётган Бобомурод Абдуллаев ва бошқалар иши бўйича бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлиси тафсилотлари

Muhammad Salih paylaştı: 4 Nisan 2018 Çarşamba

Бугунги суд мажлиси яна гувоҳ Кенжа Мусановнинг кўрсатмаларини тинглаш билан давом этди. Мусановга судя, прокурор адвокатлар ва айбланувчилар тарафидан саволлар берилди.

Кенжа Мусановнинг кўрсатмасидан сўнг суд залига яна бир гувоҳ чақирилди. Бу гувоҳ Бобомурод Абдуллаев устидан ўз ҳоҳиши билан Миллий Хавфсизлик хизматига бориб ариза ёзганлиги айтилаётган Чарос Абдуллаева эди.

Чарос Абдуллаева суд залига этикда кириб келди. Унинг нега этикда кириб келганлиги ҳақида кейинроқ тўхталиб ўтамиз.

Чарос Абдуллаева ўз кўрсатмаларини шу гаплар билан бошлади: «Мен молиявий оғир аҳволда қолганимдан кейин, 2005 йилда Бобомурод Абдуллаевдан қарз сўрадим. У қарз бераолмаслигини, аммо таржималарим билан пул ишлаб топишим мумкинлигини билдирди.»

Чарос Абдуллаева, менга Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров муаллифлигидаги мақолаларни таржима қилиш учун берган, деб айтди.

Бобомурод 2005 йилда менга 10 варақ матн берди таржима қилишга, аммо бу битта мақола эдими ёки кўп мақолами аниқ жавоб бераолмайман. Бу мақолада Каримов режимига қарши кескин фикрлар айтилган эди. Бу мақолани таржима қилиб берганимдан кейин Бобомурод менга юз доллар берди, деди Кўрсатмасида Абдуллаева.

Чарос Абдуллаевга кўра, 2005 йилда у Бобомуродга 10 варақ таржима қилиб берган аммо виждони 12 йил қийналиб юрган. Бу виждон азоби қийноғидан қутулиш учун 2017 йилнинг 25 сентябр куни МХХ хатлар бўлимига келиб ариза ёзишга мажбур бўлганини айтди.

Ч. Абдуллаева кўрсатмасини тугатгач унга судя ва прокурорлар савол бера бошлади, аммо унинг гапларини йўққа чиқарган Бобомурод бўлди.

Бобомурод Чарос Абдуллаевага воқеликка ойдинлик киритадиган саволлар берди.

Бобомурод Чарос Абдуллаевага, «Яхши, сиз 12 йил виждон азобида қолиб, ҳақиқатни айтиш учун хавфсизлик хизматига ўз оёғингиз билан бориб, ўз ихтиёрингиз билан ариза ёзиб топширган бўлсангиз, хўш у ерга қанақа кийимда борган эдингиз?», деб сўради. У, «мана шундай кийимда боргандим», деб жавоб берди. «Сиз қандай кийимдаги инсонга ариза топширган эдингиз?», деб сўради Бобомурод. Ч.Абдуллаева «Билмайман қандай кийимда, унинг уст-бошига эътибор бермаганман», деди. «Қандай қиёфали шахсга топширдингиз аризани? Лоақал унинг ташқи қиёфаси, бўй басти эсингиздадир?», деган саволга, «Озғиндан келган, узун бўйли хавфсизлик ходими мендан аризамни қабул қилиб олди», деди Чарос Абдуллаева. Бобомурод, «Эслай оласизми, сиздан аризани қабул қилиб олишда, одатда аризани қабул қилиб олишда устига резолюция, кириш рақами, саналар қўйилиб, имзо қўйилади, шундай қилишдими?», деб сўраганда. «Йўқ, унақа қилишмади», деди Ч.Абдуллаева.

Шундан сўнг Бобомурод Абдуллаев судяга мурожаат қилиб, «Ҳурматли судя, мана шу иш материалларини кўтариб, Чарос Абдуллаеванинг ўзи айтаётган хатлар бўлимига бориб, 2017 йилнинг 25 сентябр куни, ўз ихтиёри билан ёзган аризасини олиб кўришингиз мумкин. Чарос Абдуллаеванинг аризасини хавфсизлик хизматининг ходими Тимур Ёқубов томонидан имзоланган ва қабул қилиб олинган. Аммо Тимур Ёқубов, ҳозир бизга Чарос Абдуллаева таърифлаб берганидек озғиндан келган, учун бўйли одам эмас. Мана кўрганлар билади, Тимур Ёқубов паст бўйли, тўлачадан келган, бақалоқмижоз одам деди. Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ Чарос Абдуллаеванинг кўрсатмалари ёлғонлигига далолат бўлади. Шунинг учун мен бекорга қандай кийимда хавфсизлик хизмати хатлар бўлимига бориб ариза ёзиб берганлигига урғу бермадим. Мен судядан ҳақиқатга аниқлик киритиш учун МХХ кузатув камераларини кўрикдан ўтказишларини сўрайман. Ҳақиқатдан ҳам ўша куни Чарос Абдуллаева МХХга борганми, ўша ерда унинг тасвири борми? Ариза ёзганми йўқми? Мана шу масалага аниқлик киритиб беришларингизни сўрайман», деди.

Кўрсатмалари ва савол-жавоблари тугагач судя Чарос Абдуллаевага кетишга рухсат берди.

Савол-жавоб пайтида ўзини таништириш пайтида Чарос Абдуллаевадан, «Оилалимисиз?», деб сўралди, у, «йўқ», деди. Фарзандларингиз борми, деган саволга ҳам, йўқ, деб жавоб берди. Асли Хоразмдан эканлигини, айни пайтда эса Қашқадарёнинг Китоб туманида қайсидир бир ташкилотда ишлашини айтди.

Айтмоқчиманки, унинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, фарзандлари йўқ, демак ёлғиз яшайди. Ота-онаси, туғишган қариндошлари узоқда, Тошкентда бир неча йилдан буён мусофир бир инсон сифатида биламанки, унинг бу ерда сўровчиси йўқ, у ёлғиз. Демак, у бир кун уйига бормай қолса, унинг тақдиридан хавотир олиб, қидирувга берадиган одамнинг ўзи йўқ, на Тошкентда, на Қашқадарёда. Нима учун мен бунга урғу бераяпман? Судя Зафар Нурматов гувоҳ Чарос Абдуллаевага рухсат берганда, у ташқарига йўналганда мен одатдагидай унинг ортидан эргашдим. Унинг ортидан чиқганимда Чарос Абдуллаева фаега чиқиши билан ўксиниб йиғлаб юборди. Бу йиғини надомат, афсус, армон ва бир пайтнинг ўзида қўрқувга тўла йиғи дейишимиз мумкин. Мен унга савол бермоқчи эдим, аммо унинг ҳолатини кўриб иккиланиб қолдим.

Чарос Абдуллевани кўрсатмасини тугатгач, суд биносининг орқа эшигидан чиқарилиб, қора рангли «01 737 AVD» давлат рақамли “нексияга” ўхшаш оқиш машинага миндириб олиб кетилди. Мен буни кўриб, у босим остида эмасмикан деб, адвокат Муножат Парпиевага айтдим. Ўз навбатида Парпиева ва Майоров судяга мурожаат қилиб, «Абдуллаева қишки кийимда келди ва уни орқа эшикдан олиб чиқиб бир автомобилда олиб кетишди, у босим остида эмасми, ҳали ҳам тергов изоляторида ушланмаяптимикан, аниқлик киритишингизни сўраймиз», дейишди.

Шунингдек адвокат Сергей Майоров, «Менинг манбаларимнинг хабарига кўра ўша «737» рақамли автомобил МХХга тегишли», деб айтди.

Шундан кейин судя Зафар Нурматов менга танбеҳ берди. Адвокатларга жавобан, «Мен буни илтимос қилганман. Мана кеча судда ўтирган Малоҳат Эшонқулова гувоҳ Кенжа Мусановни тақиб қилиб, катта йўлгача изидан борган. Гувоҳларни судга қийинчилик билан чақирамиз, уларнинг келмай қолишини олдини олиб, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мен ўзим орқа эшикдан чиқариб юборишни айтдим, деди судя.

Мен эътиборингизга бир нарсани ҳавола қилмоқчиман. Кеча Мусановни катта йўлгача қувиб борганимни тан оламан. Лекин, Мусанов бугун ҳам келди, бугун суд жавоб бериб юборганда бугун ҳам унинг орқасидан чиқдим фаегача. Гувоҳ Мусанов судя айтгандек орқа эшикдан эмас асосий олд эшикдан чиқиб кетти. Чарос Абдуллаевани эса негадир орқа эшикдан олиб чиқиб кетишди.

Судяни ёлғончиликда айбламоқчи эмасман, у судни рисоладагидек олиб бораяпти, ҳурмат қиламиз, ишончимиз бор Зафар Нурматовга. Аммо агар у адолатни тантана қилишини истаса ҳеч бир воқеликни эътибордан четда қолдирмаслиги керак деб ўйлайман.

Яна адвокатлар судяга, «Нега унақада машинада олиб кетишди, у ер махбусларни олиб келадиган машиналар кирадиган гараж, фуқаролар машиналари киритилмайдику», деб савол беришди.

Судя, «машинасидан менинг хабарим йўқ», деб жавоб берди.

Мен эртага ҳам гувоҳ Чарос Абдуллаевани чақираман, эртага ўзидан сўраб аниқлик киритамиз бу ҳолатга деди.

Мен, мана ҳар ерда кузатув камералари бор, Чарос Абдуллаева ўз машинасида кетдими ёки таксидами ёки шахсийдами шуни кўриб аниқлаш мумки эмасми бу нарсани, деб сўрадим.

Судя, «Эшонқулова, бу иккинчи марта шундай қилишингиз, кеча ҳам бир гувоҳни кузатиб чиқдингиз, бундай ишингизни қайта такрорламанг. Мумкин эмас тақиб қилиш. Яна бир марта таъқиб қилсангиз сизни суд залидан чиқариб юбораман», деб менга қаттиқ огоҳлантириш берди.

Мусановга ҳеч қандай янгилик айтмади ўз кўрсатмаларида. Аммо Салаевнинг адвокати шундай саволлар берди.

«Сен айтаяпсан: «менга камерани қаратиб мана бизнинг янги тарафдоримиз деди, деяпсан. Сен нега шундай деганда, «мен харбий хизматчиман, қанақа тарафдор, мен қайси тарафга ўтибман», деб савол бермадингми. «Айтганимизни қилсанг юқори лавозим берамиз, деганда, «Сен кимсан ўзи, қанақа лавозим берасан», деб сўрамадингми,» деган саволлар берди. У гўёки адвокат эмас прокурордек, давлатни, Каримов режимини ҳимоя қилаётгандек гапирди.

Шунингдек бу суд мажлисига иккита эксперт ҳам келди. Булардан бири матншунослик эксперти, бири эса флешкаларни текширадиган мутахассис, техник эксперт экан.

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист

ЎХҲ хабарлар бўлими