Очиқ тендерлар бекор қилиниб, қурилиш объектлари ҳокимликлар қўлига ўтди

Очиқ тендерлар бекор қилиниб, қурилиш объектлари ҳокимликлар қўлига ўтди
16 views
07 April 2018 - 16:33

Президент Шавкат Мирзиёевнинг молия тизими ва тендер «ўйинлар»ини танқид қилгани ортидан Ўзбекистонда очиқ тендер савдолари бекор қилинди ва давлат объектлари қурилишига пудратчиларни танлаш вилоят ҳокимликлари ваколатига ўтди.

Бу ҳақда «Элтуз»га янги тартибдан хабардор қурилиш пудратчиси хабар берди ва журналистик суриштирув натижасида олинган расмий ҳужжатлар бўйича ҳам мавжуд фактлар тасдиқланди.

«Элтуз» ўрганган маълумотларга кўра, шу йилнинг 14 мартида Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг №1927/10-04 сонли хатига асосан, смета қиймати 10 млрд. сўмгача бўлган уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилиши бўйича очиқ тендер савдолари бекор қилинган ва пудратчилар фақатгина ҳокимликлар томонидан тавсия этилган қурилиш ташкилотлари орасидан танлаб олинади.

Ушбу ҳолат бўйича қўмитанинг 11 банддан иборат низоми ҳам фойдаланиш учун қабул қилинган. Мазкур низом ҳамда ҳокимликлар ва идораларга жўнатилган хатлар нусхаси «Элтуз»да мавжуд.

Янги тартибдан хабардор ўзбекистонлик қурувчилардан бири ҳам «Элтуз» мухбирига берган суҳбатида бу ҳолатни тасдиқлади.

«Ҳокимликлар очиқ тендерларсиз, ўзлари қурувчиларни тавсия қилиб, ўзлари танлашмоқда, бу эса бозор шароитида тадбиркорлар учун ягона рақобат муҳитининг бузилишига, қолаверса, маҳаллийчилик ва таниш-билишчиликнинг янада ривожланишига олиб келиши мумкин. Умумий айтганда, бу ҳолат олдин ҳам мавжуд бўлган коррупциянинг легаллашганидир», – деб фикр билдирди у.

Умид Эркин

Манба: Eltuz.com