Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз ва амалдаги ҳукуматни куч ишлатиб ағдариш каби жиноятларни амалга оширганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати суд мажлисига МХХ оператив ходими ва терговчиларини ҳам жалб этишни сўради. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, адвокат Майоров айрим вазиятларга ойдинлик киритиш мақсадида Бобомурод Абдуллаев ишига алоқадор МХХ ходимлари Тимур Якубов, Нодир Тўрақулов, Нодир Муҳитдинов, Алексей Веселов ва М.Эргашевни суд мажлисига​ жалб этиш бўйича илтимосномани киритди.

«​Бобомурод МХХ ҳибсхонасига ўз хоҳиши билан, ёки мажбуран келтирилганми, бунга ойдинлик киритиш лозим. Шунингдек, гувоҳ Чарос Абдуллаева ўз кўрсатмасида «Усмон Ҳақназар тахаллусида Бобомурод Абдуллаев мақолалар ёзганини интернет саҳифалари орқали» англаганини билдирганди. Аммо, бу ҳақиқат фақат Муҳаммад Солиҳнинг виртуал кўрсатмасидан сўнг ошкор бўлди. Воқеа эса 2017 йил ноябр ойига тўғри келмоқда. Ўз ўрнида Чарос тушунтириш хатини 25 сентябрда ёзиб берган. Мантиқан ўйлаганда, саволлар кўпаймоқда»​, дейди Майоров.

Бундан ташқари, судланувчи Бобомурод Абдуллаев ҳам илтимосномани қўллаб-қувватлаб, судланувчи Салаев ва Оллоёровга савол билан мурожаат қилди.

«Сиз ўз кўрсатмангизда 2017 йил 29 сентябрда ҳибсга олингангизни айтяпсиз. Шундайми? Ва шу вақтдан кейин тушунтириш хати ёзганингизни ҳам тасдиқлайсизми?», дейди Абдуллаев.

Судланувчи ўз кўрсатмасини тасдиқлаб, тушунтириш хатини шундан сўнг (ҳибсга олинганидан кейин – таҳр.) ёзиб берганини таъкидлаб ўтди. Суд мажлиси давомида Бобомурод Абдуллаев суд ишида юритилаётган ҳужжатлар жилдига тикилган тушунтириш хатларини кўрсатиб, Оллоёров ҳам, Салаев ҳам 2017 йил 27 сентябр куни МХХ собиқ раиси Рустам Иноятов номига тушунтириш хатини ёзганини исботлаб берди.

Судья Зафар Нурметов барча вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида МХХ ходимларини мажлисига жалб этишга ажрим чиқарди. Навбатдаги суд мажлиси 2018 йилнинг 11 апрел куни бўлиб ўтади.

Манба: kun.uz