Facebook Россия молиялаштираётган гуруҳларга қарши курашаётганини билдирди

Facebook Россия молиялаштираётган гуруҳларга қарши курашаётганини билдирди
43 views
11 April 2018 - 10:09

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳамда сайловлар ва жамоатчилик фикри билан манипуляция қилишга қаратилган гуруҳларга қарши қатъий кураш олиб бораётганини айтди.

33 ёшли интернет магнат АҚШ Сенатида 11 апрель куни ўтган тингловларда мана шундай баёнот берди.

Сенаторлар Цукербергга у асос солган ижтимоий тармоқдан АҚШ президентлик сайловига таъсир ўтказиш ҳаракати бўлганига оид саволларни беришди. Шунингдек, сенаторлар тармоқда шахсий ёзишмаларни сир сақлаш ҳуқуқи, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сир сақлаш тамойили бузилгани ҳамда айрим фойдаланувчилар томонидан “нафрат тили” қўлланилаётганига оид саволларга жавоб олишди.

Цукрберг Британиянинг Cambridge Analytica ширкати 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига таъсир кўрсатиш мақсадида 87 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотларини ўғирлашига қарши тура олмагани учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

У, шунингдек, уйдирма хабарлар, ташқи аралашув ва тармоқда “нафрат тили” пайдо бўлишининг олдини ололмагани учун ҳам масъул эканини тан олди.

АҚШ Конгрессида қилган чиқишида Марк Цукерберг Facebook тармоғидаги Россия тролларининг фаолиятини “қуролланиш пойгаси”га тенглаштирди.

– Россияда иши фақат бизнинг ва бошқа интернет тармоқларидан фойдаланишдан иборат бўлган одамлар бор. Буни қуролланиш пойгаси, деб атаса ҳам бўлади. Шунинг учун биз бу йўналишни молиялаштиришимиз шарт. Жорий йил охиригача ширкатимизда контент ва хавфсизлик масаласида ишлайдиган ходимлар сони 20 минг кишидан ошади,-деди Цукерберг.

Facebook раҳбари “2016 йилги АҚШ президентлигига сайлов жараёнидаги Россия ахборот амалиётларининг фош этилиши жуда “сусткашлик билан олиб борилгани”дан афсусда эканини таъкидлади:

-Менинг ширкатни бошқаришдаги энг катта афсусларимдан бири, 2016 йилдаги Россия ахборот амалиётларининг сустакшлик билан фош этилганидир. Биз улар анъанавий тарзда қатор киберҳужумларни уюштиради, деб кутган эдик. Биз бу ҳужумларни зудликда аниқлаб, улар синдирмоқчи бўлган кампанияларни огоҳлантирганмиз. Лекин биз янгича тарзда ўтказилган ахборот амалиётларнини аниқлашда сусткашликка йўл қўйдик, -деди Цукерберг.

Тингловда Марк Цукерберг Facebook сохта аккаунтларни аниқлай оладиган замонавий сунъий интеллект воситаларини қўллай бошлагани тўғрисида маълумот берди.

Цукерберг, шунингдек, Facebook Россиянинг Дональд Трамп фойдаси учун АҚШ президентлик сайловига аралашагани юзасидан тергов олиб бораётган махсус прокурор Роберт Мюллер билан ҳамкорлик қилаётганини ҳам билдирди.

ЎХҲ хабарлар бўлими