Гоҳи-гоҳи дунёни кўрмак…

Гоҳи-гоҳи дунёни кўрмак…
41 views
19 April 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

«Кетдинг. Қолдим. Кетди изингдан
Мени ташлаб иккита кўзим.
Бўғзим кетди, юрагим кетди,
Йўл бўйида турибман ўзим.
Ўкраяпман. Гарчи бўғзим йўқ,
Дил йўқ. Ғамдан эгик бошларим.
Кўзларим йўқ… ювар кўзимни,
Минг таажжуб, кўзим ёшлари».

* * *

«Икки қошинг — иккита қилич,
Икки қошинг — иккита шамшир.
Гоҳ титрайди, гоҳи ўкрайди,
Юрагим ҳам оҳудир. Ҳам шер.
Тонгда сенга талпинган дилга
Ушмундайин бир чора қилдим —
Қўлга олиб шамширларингни,
Ўз кўксимни минг пора қилдим».

* * *

«Дилни сенга отдим, юлдузим,
Берар дея юз берса не ҳол.
У чирпираб қуёшга дўнди,
Қўнди юксак чўққига беҳол».

* * *

«Гоҳи-гоҳи дунёни кўрмак
Истаги жой олгач дилимдан,
Донишманд дастёрлар ёлладим
Китоб-дафтарлардан, илмдан.
Кимсасизлик улфатим бўлди,
Ғаройиб бир ҳикматга молик
Ёлғизликдан орттирдим ошно,
Содиқ ёрим бўлди танҳолик.
Дўст тутундим жудоликни мен,
Бунёд бўлди ноёб бир ҳашам.
Барини чорлардим базмга,
Хаёлдан уй қуриб муҳташам.
Чиқаётир авжига ишрат,
Келиб кўкрак юракларга тор.
Базмимизга халақит берманг,
Ўтинамиз одамлар зинҳор!»

 

(давоми бор)