…Ғам чекишдан бош тортдим

…Ғам чекишдан бош тортдим
66 views
21 April 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

«Ҳид билмайди. Чаманлар қийғос,
Ўнгларида ва сўлларида.
Қўлидан-ку ҳеч иш келмайди,
Лекин ҳамма иш — қўлларида.
Аёлларни қулфлаб кеккаяр,
Калитларни белга нақ осиб.
Эришмак-чун висолга, йўкдир
Калитлардан бошқа вақоси».

* * *

«Олиб борган эдим сенга гул,
Босган эдинг бағрингга маъсум.
Кўчган эди рухсорингга ул
Бўлиб мийиғингда табассум.
Табассум гулини соғиндим,
Менга олиб кел-чи шу гулни.
Мендан сенга элчи шу гулни…
Сендан менга элчи шу гулни…»

* * *

«Дилга тоғдек залворли, оғир
Муҳаббатнинг юкини ортдим.
Шўрлик бирдан инграб юборди,
Ва мен — ғам чекишдан бош тортдим.
Ғам ҳам айёр. Анойи эмас.
Заҳар қотди ичган ошимга.
Тарк этди-да юракни дарров,
Келиб тушди энди… Бошимга.
Ғам чекишдан мен бош тортгандим,
Соб бўлганди дилнинг бардоши.
Нени тортсин энди шўрлик бош,
Йўқ-ку, ахир, бошимнинг боши…»

* * *

«Ўлганимда тирилтирдилар,
Тағин — инъом этдилар тортиқ.
Бундан ортиқ эзгулик борми,
Саховат борми бундан ортиқ.
Сувод ёки Рабобдан сақла
Арбобларга иш тушса доим.
Убайдуллоҳ ибн Аҳмадга
Раҳматингни ёғдир, худойим.
Тарк этмасин уни сира тож,
Тарк этмасин уни сира тахт.
Ҳузурига қиёматгача
Зиёратга келиб турсин бахт».

(давоми бор)