Ўшда “Мирзиёевга суиқасд қилишга уриниш”да айбланган Достонбекнинг отаси айблов сохта эканини айтмоқда

Ўшда “Мирзиёевга суиқасд қилишга уриниш”да айбланган Достонбекнинг отаси айблов сохта эканини айтмоқда
51 views
18 April 2018 - 10:37

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи билан келадиган куни Ўш ва Бишкек шаҳарларида портлашларни содир этишни ва “Ўзбекистон президентига суиқасд қилиш”ни режалаштирганликда айбланиб 15 йилга қамалган Достонбек Саримсоқовнинг отаси 17 апрель куни ўтган матбуот анжуманида ўғли айбсиз эканини билдирган.

– Мирзиёев 5 сентябрда келган. Ўғлимни 2 сентябрда қўлга олишди. Уни “Мирзиёвни портлатаман, элчихонани портлатаман, черковни портлатаман”, деган ниятда бўлган деб айблашмоқда. Бир ўзи учта жойни портлатмоқчи бўлган эмиш. Учта ерда портлашни уюштирмоқчи бўлган бўлса, ҳеч бўлмаганда битта шериги бўлиши керак эди-ку. Мен “бу айбловларни исботланглар”, деб талаб қилаяпман. Лекин ҳеч қандай исбот-далил йўқ, -деди матбуот анжуманида Хурсандбек Саримсоқов.

Қорасув вилоятининг Ғайрат қишлоғидан бўлган 30 ёшли Достонбек Саримсоқов 2017 йилнинг 2 сентябрида қўлга олинган эди. Ўшанда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари айбланувчининг уйи тинтув қилинганда портловчи мосламалар бўлган қопчиқ топилгани тўғрисида билдирган. Лекин Хурсандбек Саримсоқов уларнинг уйида бундай нарса бўлмаганини айтмоқда.

Хурсандбек Саримсоқов матбуот анжуманида ўғлининг айбсиз эканини, унга айблов қийноқлар остида тан олдирилганини, ўғлининг террорчи эканини исботловчи бирорта далил йўқлигини айтди.

Ўш вилоят суди матбуот котиби Бекзат Ўсмўнқулов 17 апрель куни “Ўш ТВ” телеканалига берган интервьюсида Хурсандбек Саримсоқовнинг билдирувларини инкор қилди. Унга кўра, бундан аввал ўтган 9та суд жараёнида Достонбек Саримсоқовнинг қийноққа солинмагани аниқланган.

Суд матбуот котибига кўра, қўлга олиш жараёнида қаршилик кўрсатгани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Достонбек Саримсоқовга нисбатан куч қўллашга мажбур бўлган.

-У судда Суриядаги жанггарилар билан алоқада бўлганини билдирган. Шунингдек, у ижтимоий тармоқлар орқали номаълум бир шахс билан гаплашиб, уни Ўш ва Бишкекда содир этилиши режалаштирилаётган портлашларда иштирок этишга чақирган, -деди Бекзат Ўсмўнқулов.

Айни пайтда Достонбек Саримсоқовга нисбатан апелляция жараёни бормоқда. Апеляция суди 19 апрель куни ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Озодлик радиоси 19 апрель куни бўлиб ўтадиган апеляция жараёнини кузатиб, бу борадаги маълумотни ўз муштарийларига тақдим этади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Бишкекка давлат ташрифи билан келган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими