Прокурор Баҳром Қобилов кимнинг эркатойи?

Прокурор Баҳром Қобилов кимнинг эркатойи?
58 views
18 April 2018 - 11:36

(Ёки журналист Б.Абдуллаев маҳкамасида эътибордан четда қолган жиҳатлар)

Бу маҳкаманинг сўнгги ўтиримларида прокурор Қобиловнинг  суд устидан “прокурорлик” қила бошлагани, унинг ҳаддан ташқари  “эркинлиги” кўпчиликнинг ғашига тега бошлади.

Президентимиз Шавкат Миромонович яқиндагина “Маҳкама жараёнларида прокурорлар – давлат қораловчилари билан адвокатлар –ҳимоячиларнинг ҳуқуқлари тенглаштирилади” деган мазмунда лутф қилган эдилар. Аммо биз журналист Бобомурод Абдуллаевнинг маҳкамасида прокурор ва адвокат ҳуқуқларининг тенглаштирилганига гувоҳ бўлмадик.

Прокурор Қобиловнинг судда худди уйида утиргандай ўзини ўта эркин тутиши, унга суд мажлисларига мобил телефонини олиб киришга изн берилиши, фақат менинг эмас, залда ўтирган барчанинг эътиборини тортди.

Айни пайтда, бу жараёнга энг оз прокурор даражасида алоқадор булган адвокатлар қўлидаги телефонлар кириш эшигида миршаблар томонидан тортиб олиб қўйилишига нима дейсиз?

Куни кеча Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров суд биносига  кираверишдаги назорат постида  ИИБ ходимлари томонидан олиб қолинган телефон аппаратининг номаълум кимсалар тарафидан титкиланганлиги хусусида тегишли идораларга шикоят йўллашга мажбур бўлди.

Қани прокурор билан адвокат ҳуқуқларининг ТЕНГЛИГИ?

Давлат қораловчиси прокурор давлатга дўст, адвокат – ёвми?  Бу айримчилик улардан бири шахсдан жиноят аломатларини қидириб айблагани, иккинчиси эса бу шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учунми?

Мазкур маҳкамага очиқ босим ўтказаётган прокурор Қобиловга ҳуқуқий бир чора қўллаш мумкинми? Бу нохолис ҳаракатлари ва маҳкама ва судланувчиларга тазйиқи сабабли прокурорни маҳкама ишидан четлаштиришга ҳуқуқий асос булаоладими ажабо?

Судья Зафар Нурматов танаффус эълон қилиши ва ё маслаҳат учун кириб кетиши билан прокурор Қобилов суд биносининг орқа томонига ўтиб олиб, жонсарак ҳолда кимларгадир қўнғироқ қилади, масалан. Эҳтимол, турмуш ўртоғига сим қоққандир, балки боласи билан гаплашаётгандир, бунисини билмадим, билганим, кўрганим шуки, ҳар сафар у ниҳоятда безовта ва бесаранжом бўлиб гаплашарди. Унинг бесаранжом қадамлар билан у ёқдан бу ёққа юриб, телефонда  сўзлашаётганига қараганда у кимларгадир ҳисобот бераётгандай. Маҳкама тугашига ҳам сабр қилмасдан бу ахборотни етказишга уринади доим.

Яна энсани қотирган бир нарса шуки, Бобомурод Абдуллаев фойдасига бирорта бир гап бўлиб қолгудек бўлса, Қобилов худди игнанинг устида ўтиргандек ғимирлаб қолади, безовта бўла бошлайди, журналист Абдуллаевнинг оғзига уришга, унинг ҳимоячиси адвокат Сергей Майоровнинг фикрини бўлишга ҳаракат қилади.

Гуёки Бобомурод оқланиб қолса, прокурор Қобиловнинг номи қорага чиқадигандек.

Тўғри, Қобилов маҳкамада давлат қораловчиси. Бироқ бу инсонларни қамаш деганими? Адолатни юзага чиқариш дегани эмасми?

Яна муҳим бир гап: Суд мажлисларининг бирида қизимнинг ОВИРи масаласига оид суд мажлиси боис, маҳкамани эртароқ тарк этишга мажбур бўлгандим.Ўша куни судланувчи Равшан Салаев кўргазма бераётган эди. Шу сабаб маҳкаманинг кульманацион нуқтасидан бебаҳра қолдим.

Ровшан Салаевнинг  ўша менинг иштирокимсиз ўтган суд мажлисида қилган “илтижо”ларини ўзга тингловчилардан эшитган бўлсам-да, кўзим билан кўриб, қулоғим билан эшитмаганлигим сабаб мазкур  воқеа ҳақида оғиз очишни истамагандим. Бироқ Салаевнинг яқинлари ҳам, суддаги тингловчилар ҳам “Нега мақолаларингизда Салаевнинг ялинишларини четлаб ўтмоқдасиз?”, дея норозилик билдира бошлашди. Ва мен Равшан Салаевнинг бу “ялиниш”ларини қандай эшитган бўлсам, шундай ёзмоқчиман:

“Судланувчи Равшан Салаев ўз кўрсатамалари охирида суддан оила аъзолари суд залидан чиқариб туришларини сўради. Судья Зафар Нурматов Салаевнинг илтимосини бажо келтирди. Шунда кутилмаганда Равшан Салаев эркак кишига хос бўлмаган тарзда уввос солиб, йиғлашга тушди ва чўкка тушиб. “Ҳурматли судья, муҳтарам прокурор, мени кечиринглар! Мени кечиринглар! Илтимос, Президентимиз Шавкат Миромоновичга ҳам еткизингизлар, мени кечирсинлар”,  дея, тиз чўккан ҳолда йиғлашда давом этди. Равшаннинг бу ҳаракатидан ҳамма ҳайратга тушди қолди…”

Равшан Салаев қай бир гуноҳи учун узр сўрагани ўзигагина аён….

Яна бир муҳим нукта бу Чарос Абдуллаеванинг кўрсатмаси. Чарос Абдуллаева судья Зафар Нурматовнинг “Бобомурод Абдуллаевни Усмон Ҳақназаров эканлигидан қачон хабар топдингиз?”  деган саволига Чарос “Мен Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназар” эканлигини 2017 йилда, МХХга ариза ёзишимдан бир-икки кун олдин билдим”, деб жавоб берди.

Б. Абдуллаевнинг “Менинг Усмон Ҳақназар эканлигимни қаердан билдингиз?” деган саволига Ч. Абдуллаева “Ўша МХХ идорасига ариза ёзиш учун боришдан олдинроқ интернетдан ўқиб билдим” деди.

Бобомуроднинг “Айнан қайси сайтдан ўқиб билдингиз?” деган саволига жавобан Чарос “Фейсбукда, ҳозир эсимда йўқ, кимнингдир саҳифасидаги мақоласидан ўқиб билдим” дея жавоб қилди.

“Демак, менинг Усмон Ҳақназар эканлигимни билганингиздан кейингина МХХ идорасига бориб ариза ёзишга қарор қилгансиз, шундайми?”, сўради Бобомурод.  Чарос Абдуллаева “Ҳа, кейин бориб МХХга ариза ёзганман”, деб ёлғон жавоб қилди.

Чароснинг сўзлари ёлғонлиги суд ҳайъатига маълум бўлдими, йўқми, билмадим,  аммо адашмасам, суд залида ўтирган барча тингловчиларга Абдуллаеванинг ёлғон кўрсатма бераётганлиги аён эди.

Гап  шундаки, 2017 йилнинг 27 октябрида Бобомурод Абдуллаев тўсатдан ғойиб бўлди ва кўп ўтмай, унинг МХХ ертўласида эканлиги маълум булди.

Токи мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ 2017 йилнинг 3 ноябр куни Истанбулда матбуот конференцияси утказиб “Бобомурод Абдуллаев “Усмон Ҳақназар” тахаллуси остида мақолалар ёзган қахрамон журналист Ўзбекистонда МХХ тарафидан қамоққа олинди ” деб баёнот бермагунча, на мамлакат ташқарисидаги ва на да мамлакат ичкарисида бирорта бир  юртдошимиз Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназар” эканлигидан бехабар эди.

Ҳа, Бобомуроднинг “Усмон Ҳақназар” эканлиги Солиҳнинг баёнотига қадар ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган нарса эди. Шу боис, Муҳаммад Солиҳнинг баёноти жуда катта баҳсларга, тортишувларга сабаб бўлди.

Мухолифатдаги, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги аксар фаоллар “Бобомурод Усмон Ҳақназар бўлиши мумкин эмас”, дея мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни ёлғончига ҳам чиқариб қўйишди. Бунга матбуотда чиққан саноқсиз мақолалар далил.

Шахсан менинг ўзим ҳам Бобомурод Усмон Ҳақназар эканлигини то Солиҳнинг расман баёнотига қадар билмагандим ва ҳатто баёнотни эшитганимдан кейин ҳам бунга шубҳа кўзи билан қарагандим. Токи суд залида  Бобомуроднинг “Усмон Ҳақназар тахаллуси остида мақолалар ёзган одам менман” деган кўрсатмасини эшитмагунимга қадар мен хам Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназар” эканлигидан амин эмасдим тўғриси.

Муҳаммад Солиҳнинг  баёнотигача “Бобомурод Абдуллаев бу Усмон  Ҳақназар тахаллуси остида ёзаётган журналист” деган мазмунда Оммавий Матбуотда ҳам буни тасдиқловчи бирор жумла чиққан эмас.

Бас шундай экан, Чарос Абдуллаева қандай қилиб “Бобомурод бу – Усмон Ҳақназар” деган мазмундаги хабарни интернет сайтларидан Бобомурод қамоққа олинмасидан олдин, Муҳаммад Солиҳ баёнот бермасдан илгари “ўқиган ва хабар топган” бўлиши мумкин?

Хўш, ёлғон гувоҳлик бераётган Чарос Абдуллаева нега адашди?

Назаримда у  то шу кунгача, кўрсатма бериш учун судга келгунга қадар ахборотлардан ихоталанган ҳолда яшаган, аниқроғи, МХХ ертўласида сақланган.

У ҳақиқатдан тамоман бехабарлиги сабабли “Ёлғонимга одамларни ишонтира оламан” деб ўйлади чамаси. Агар Чарос интернетдаги кундалик хабарлардан воқиф бўлсайди, судда бунингдек қўпол хатога йўл қўймаган бўларди

Судланувчи Ҳаётхон Насреддиновнинг ҳаракаталаридаги ғалатиликка ҳам тўхталмоқчиман.

Мен илгари Ҳаётхонни кўрмаганман, танимаганман. Бугун унинг панжара ортида ўзини тутишидан кўриниб турибдики, иродаси анча заиф, эркакларга хос қатъиятлилик йўқ. Бу менинг шахсий фикрим албатта. Очиқ фикрим учун Ҳаётхон кечирсин.

Кузатувларимга кўра, маҳкама жараёнларида Ҳаётхон ўзи билан ўзи курашмоқда. Бу жасорат ва журъатсизлик ўртасидаги жанг бўлса керак. Менимча, МХХ ертўласида Ҳаётхонни роса қийнашган. Бу унинг ҳуркак нигоҳларидан кўриниб турибди.

Маҳкама жараёнида Бобомурод Абдуллаевгина ваҳшиёна қийноқлар кўламини айтиб берди холос.

Равшан ва Ҳаётхон, Шавкатларга  қўлланилган мухтамал қийноқлар хусусида ҳақиқатни айтишга жасорат этмадилар.

Шу ўринда мен шоира Дилором Исҳоқованинг интернетда Гулзамон Акбаровага берган интервьюси мазмунини эслатиб ўтишни истардим. Тахминий мазмуни шундай эди: “Бобомурод суд мажлисида Ҳаётхоннинг Иноятовга ёзган аризасини уни сотқин эканлигига шаъма қилиш ва ё уни сотқинлигини исботлаш учун ўқиб бермади, менимча. Бобомурод Ҳаётхонга “Мана шу аризаларни қийноқ остида ёзишга мажбур бўлганингизни айтинг” демоқчи бўлди, шекилли. Бобомурод Равшанга ҳам, Ҳаётхонга ҳам “Қийноқлар остида туҳматона кўрсатмалар ёзишга мажбур бўлганингизни биламан, бу ҳақиқатни судда баён қилинг”, демоқчи бўлаяпти. Буни тўғри тушунишимиз керак”, деган мазмунда  куйиниб гапирди Дилором Исҳоқова.

Шу ўринда мен Дилором опанинг фикрларини қўллаб-қувватлайман.

Аслида,  Бобомуроднинг сўзлари, ҳаракатларидан мен ҳам айнан ана шу мақсадни англадим.

Фақат шу ўринда  Бобомурод айтган шу жумла мазмуни мавҳум: “Ҳаётхон МХХ раиси Рустам Иноятовга ёзган аризасини “Сизга олдин ёзган аризамга қўшимча сифатида шуни маълум қиламанки…” деб бошлайди, бу нима дегани? Кўриниб турибдики, бундай ариза Ҳаётхон томонидан биринчи марта ёзилаётгани йўқ…

Бу эпизод ҳам суд тафсилотларини ёритаётганимизда эътибордан четда қолди.

Ва яна судда Бобормуроднинг шу жумласи  шууримда муҳрланиб қолди: “Мен Усмон Ҳақназар тахаллуси остидаги мақолаларни Муҳаммад Солиҳ ва ёки кимнингдир буйруғи билан ёзмадим. Мен бу мақолаларни ўзимнинг ички эҳтиёжимни қондириш, тепа элитада бўлаётган воқеа-ҳодисалардан оддий халқимиз ҳам хабар топиши учун ёздим”, деб таъкидлади.

Мен Бобомурод Абдуллаевнинг уйига борганимда унинг пул учун мақола ёзмаганлигига амин бўлдим. У ниҳоятда оддий яшаганлигини кўрдим. Уйи ниҳоятда таъмирталаб эди.

Ҳа, кимнингдир кўнгил истаги – қўш иморат қуриш, кимнингдир ички эҳтиёжи – ҳақиқатни айтиш.

Буни тушуниш жуда мушкул.

Ҳар ким ҳам тушуна олмайди, англаб етолмайди.

Очиғи, то шу пайтга мен МХХни қудратли ва жуда жиддий ташклиот деб ўйлардим. Энди билсам, саводи ҳаминқадар ташкилиот экан. Бу хусусият Бобомуродга оид суд иши материалларида кўриниб қолмоқда.

МХХ журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна 3 шахсга оид жиноят ишини болалигимизда ўйнаганимиз “Хола-хола” ўйинига – қўғирчоқ ўйинига ўхшатиб қўйишибди.

Бобомуродга мутлақо алоқаси бўлмаган Ҳаётхон Насреддиновнинг МХХ раиси Иноятовга йўллаган аризаси ҳам шу жиноят ишида, Равшан Салаевнинг қандайдир ишни “тинчитиш” учун қайсидир МХХ ходимига  – адашмасам, Шуҳрат Ғуломовга 30 минг доллар пора узатганлиги хусусидаги иқрорномаси ҳам шу ерда.

МХХ ходимлари Бобомуродга оид жиноят ишини шу каби бўлмағур қоғозлар билан “семиртиришга” уринишган. Қаранг, “жиноят иши” том-том бўлиб кетган.

Аммо мазкур жиноят ишининг ичидаги мазмун-моҳиятга эътибор қаратгудек бўлсангиз, ҳукумтани куч билан  ағдаришга оид  битта ҳам жиддий гап йўқ!

Ниҳоятда кулгули: “Хотини келиб мендан Бобомуродни қўрқитиб қўйишимни сўради, Бобомурод келиб хотинини ёмонлади….”, деган мазмундаги ахмоқона кўрсатмалар…

Шу “деди-деди” билан ҳукуматни куч билан ағдариб бўларканми? Шу “деди-деди” билан гуноҳсиз инсонларни қандай жиноятчига айлантириш мумкин?

Шундай кулгили ва бемаъни нарсаларни муҳокама қилиш маҳкама учун уят эмасми?

Одамларни кулдирманг, жаноблар!

 “Жатва”, яъни “Ўрим” проекти  қай тарзда “ижод” қилингани хусусида-ку, айтмай қўя қолай!

Терговни юритган МХХ ходимларининг бебурдлигини қарангки,  Усмон Ҳақназар қаламига оид мақолалар холис, гувоҳ ва мутахассис иштирокида 2017 йилнинг 14 октябрь кунида интернетдан топилмоқда ва принтердан чиқариб олинмоқда, бу борада тузилган баённомага барчалари имзо қўйиб тасдиқламоқда, аммо 14  октябрь куни тузилган баённомага киритилган мақолалар орасидан интернетда 18 октябрь куни эълон қилинган  мақола хам  чиқиб келмоқда-да!

Сохтакорлик ҳам шу даражада очиқ-ошкор бўладими?!

Шу ўринда 24 йиллик умрини қамоқда ўтказишга мажбур  бўлган собиқ сиёсий маҳкум Самандар Қўқоновнинг топиб айтилган сўзлари кечди кўнглимдан: “Мабодо фермада битта сигир ўлиб қолгудек бўлса, ҳисобчиси ҳам, ферма мудири ҳам, чўпони ҳам жавобгар бўлади. Аммо қамоқда одам ўлса, ҳеч кимнинг парвойига келмайди. Буни қарангки, одам боласининг битта сигирчалик қадри йўқ экан бу жамиятда”, деган эди.

Мен ҳам МХХ ходимларига қарата, “Ҳаёт пештахтасида турган инсоф отлиғ туйғу тегмай қолганми сизга? Бунчалар ноинсоф бўлмасангиз? Ёлғон ва туҳмат билан нафақат ташкилотингиз обрўсини, балки Бобомуроддек бир ватансевар журналистнинг ҳаётини ҳам чил-парчин қилдингиз!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси

facebook.com